АҚШда Трамп Исроилнинг Эрондаги операциясига қандай рози бўлгани ошкор қилинди

18:03 16 Июнь 2025 Дунё
231 0

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп аввалига Исроилнинг Эрондаги операциясига қарши бўлган, бироқ кейинроқ унга жимгина рози бўлган. Бу ҳақда АҚШнинг NBC телеканали расмийларга таяниб хабар берди.

«Трамп Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларига қарши бўлиб, бомбардимон қилишдан кўра музокараларни афзал кўрди. Аммо зарбалар бошланишидан бир неча кун олдин у Исроилнинг Эроннинг уранни бойитиш имкониятларидан хавотирлари кучайиши асосли эканлигига ишонди», — дейилади манбада.

Телеканал маълумотларига кўра, Трамп келишувига қарамай Исроилнинг айрим режаларини маъқулламаган. Журналистларнинг таъкидлашича, Оқ уй раҳбари, хусусан, олинган разведка маълумотлари асосида режалаштирилган Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни йўқ қилиш ташаббусини рад этди.

13 июнга ўтар кечаси Исроил Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига зарба бериб, «Уйғонган шер» операциясини бошлади. Ҳужумларда ядро қуролини ишлаб чиқиш билан боғлиқ инфратузилмани, шунингдек, юқори мартабали ҳарбий хизматчиларни нишонга олинди.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий вакили Хусейн Керманпурнинг маълум қилишича, мамлакат ҳудудига берил ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 224 нафарга етган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. 13 июндан бери 1277 нафар киши шифохоналарга ётқизилган. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

Ўша куни кечқурун Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ҳақиқий ваъда 3» операцияси бошланганини эълон қилди ва Исроилга қарши ракета зарбаларини берди. Теҳрон яҳудий давлатининг ҳарбий инфратузилмасига, жумладан, ҳаво базалари ва бошқа стратегик объектларига кенг кўламли зарбалар бера бошлади.

Эроннинг Исроилга жавоб зарбалари натижасида 24 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши яраланган.

Ўз навбатида, Эрон президенти Маъсуд Пезешкиён Исроилнинг Эронга зарба беришида АҚШни айблади.

«АҚШ, халқаро ҳуқуқнинг барча меъёрларига зид равишда, Исроилнинг тажовуз қилишига ва мамлакатимизнинг қулашига йўл қўймоқда», — деди у. Пезешкиённинг қўшимча қилишича, Исроилнинг Эронга қарши тажовузи учун жавобгарлик АҚШни зиммасида.

Бир кун аввал АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтоннинг Исроилни Эронга ҳужумида алоқаси йўқлигини айтганди.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Исроилга қарши амалиётлар «ционистик ишғол режими бутунлай йўқ қилинмагунча» давом этишини маълум қилди.

«Жиноий ционистик босқинчи режим тарафдорлари билишлари керакки, самарали, мақсадли ва ҳалокатли амалиётлар унинг тўлиқ йўқ қилинмагунча давом этади», — дейилади Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси баёнотида.

Эрон кучлари, шунингдек, бўлажак операциялар анча вайронкор ва аниқроқ бўлишига ваъда берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер