Аномал об-ҳаво ва креатив муносабат
Сўнгги йилларда ўлкамизга хос бўлмаган аномал об-ҳаво шароитида иссиқлик, табиий газ, электр энергияси ва сув тақчиллиги тез-тез кузатилмоқда. Табиийки, ҳар сафар уларнинг сабаблари ўрганилиб, бирламчи хулосалари қилинади. Айбдорларга нисбатан кўрилган чоралар, белгиланган тадбирлар аномал совуқ ёки иссиқ туфайли тортган ташвишимиз алами ҳовурини бироз босиб, энди такрорланмас, деган умид уйғотса ажаб эмас.
Нафсиламбрини айтганда, табиат инжиқликлари туфайли юзага келган ҳар қандай тақчилликлар таъминотчи субъектлар ҳамда истеъмолчилар бақамти бирдамлиги натижасида бартараф этилиб, юзага келадиган фавқулодда аварияларнинг олди олинаяпти ҳам. Бироқ одамларда ҳамон энергия таъминотига нисбатан мустаҳкам ишонч йўқ.
Келинг, аниқ мисолларга ўтайлик. Пенсионер Абдураҳмон Қиличев Навоий шаҳридаги Умид қўрғонида истиқомат қилади. Қўрғон шаҳарнинг нуфузли ҳудудларидан ҳисобланиб, Абдураҳмон ака ҳам ҳовли иморатини кўп йиллик кузатуви, иқлим шароити ва ўз дидига мос қилиб 2012 йил тиклаган. Рўзғорда ошхонадагина оловдан, аниқроғи газдан фойдаланади. Иситиш “ёз-қиш” тизимидаги шкафдай келадиган кондиционерлар билан таъминланади. Ўзининг айтишича, ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, барча кондиционерлар қўшилган кунларда электр кабеллари кучланишга дош беролмай, бақувватроғига алмаштирибди.

— Барибир фойдаси бўлмади, — дейди А. Қиличев. – “Свет” ўчавергач, иситиб бўлмай қолди. Шундан кейин бир-иккитасини қўшиб қўйиб,(уйдаги сув тизими музлаб қолмаслиги учун) кўп қаватли уйдаги хонадонимизга кўчиб ўтдик.
Катта-кичик шаҳарлардан бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Бунинг ёнига бозорлар, автобекатлардаги енгил конструкцияли дўконлар, тўласинча кондиционерлар ёрдамида иситиладиган тўйхоналар, автосервис ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталарини қўшсак, анчагина салмоқли рақамлар кўриниш олади.
— Агар беш йил олдин вилоятимиз истеъмолчиларига жами 7185 млн.кВт/соат электр энергия етказиб берган бўлсак, бугунги кунда бу кўрсаткич 8010 млн кВт/соатни ташкил этади. — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Навоий филиали матбуот котиби Бақитбек Қизилбоев. – Бошқачароқ айтсак, электр энергияси истеъмоли қарийб 11 фоизга ошди. Табиийки, бу шу давр ичида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳам ошганлигини ифода этади. Электр энергиясига талаб ой сайин эмас, кун сайин ортиб бормоқда.
Таъкидлаш жоиз, электр энергияси таъминоти тизимида талаб ва таклиф мувозанати муҳим аҳамиятга эга. Эҳтиёжнинг кескин ортиши ҳох жазирама ёз иссиғи, хоҳ қиш совуғи бўлсин ҳатто, ривожланган мамлакатларда ҳам таъминотда қийинчиликларни юзага келтиради. Бундай шароитда таъминотчи корхоналар кўпинча электр энергияси тақчиллигидан эмас, балки босимни кўтаролмай катта авариялар, бутун бошли ҳудудлар истеъмолчиларининг электр энергияси таъминотидан узилиб қолишининг олдини олиш мақсадида чекловлар жорий этишга мажбур бўлишади. Буни юқорида Абдураҳмон аканинг биргина хонадони мисолида келтириб ўтдик. Бироқ шу ўринда таъкидлаш жоиз, аҳоли ўртасида истеъмол маданияти юксалмас, муқобил, хусусан яшил энергетикадан кенг фойдаланиш иштиёқи пайдо бўлмас экан, электр энергияси таъминотидаги “зўриқиш”ни бутунлай бартараф этиш мушкул. Шу сабаб жорий мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнларида вилоятнинг туман ва шаҳар ҳудудларида электр таъминотини яхшилаш учун 1 485,2 км 0,4-6/10-110кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари, 6 дона 110-35 кВли подстанция ҳамда 371 дона трансформатор пунктлари тубдан таъмирланиб, “Ўзэнергоинспекция” Навоий вилоят бошқармасига ҳисоботлари топширилди.
Шунингдек тафтиш ва ўрганиш натижаларига асосан 3 229.7 км 0,4-110 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари, 74 дона 110-35 кВли подстанция ҳамда 847 дона трансформатор пунктларида жорий таъмирлаш ҳамда 435,5 км электр узатиш тармоғида модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, 110 та трансформатор пункти қурилди. Бунга вилоятнинг Навбаҳор, Хатирчи, Томди ва Нурота туманларидаги олис қишлоқларидан ўнлаб мисоллар келтириш мумкин.
Айни қор ёғиб, совуқ тушган кунлари хизмат юзасидан Нурота туманининг Темирқовуқ қишлоғидаги Акрам Узоқов хонадонида бўлдик. Аниқ ёдимизда йўқ, камида уч хона, ошхона ва йўлаклардан иборат уй тўласинча битта қозонхонадан иситилар экан. Оби-рави аниқ олинган эмасми, хоналар иссиқ. Табиий газ ва темир йўл тармоғидан қарийб 160 километр олисликдаги ушбу гўшада ёқилғи масаласи билан қизиқдик.

- Асосан чалма ёқамиз, — дейди Акрам Узоқов. – Бу қишки ётоқда қўй нурисининг туёқлари остида зичланиши натижасида ҳосил бўлади. Ёзда қуриб, кўмирдай тошга айланади. Кўчириб, синдириб оламиз. Икки бўлагини эрталаб соат еттиларда ташлаб қўйсак, соат иккиларгача ёнади. Кейин яна бир марта ва ниҳоят уйқу олдидан кечки соат 10-11лар атрофида тағин ташлаймиз. Тўғри, газдек баланд олов бермайди, шунинг учун ҳаво кескин совиб кетганида ўзимизнинг қўл бола брикетни ишлатамиз.
Акрам кўмир кукуни ва автомашиналарнинг алмаштирилган мойи, аҳоли таъбири билан айтганда “отработка” билан аралаштирилиб, пластмаса идиш(баклашка)ларга жойланган қоришмани кўрсатди. Шу усул билан қарийб ўн йилдирки қишни беташвиш ўтказар эмиш.
Албатта, гап бу ерда А. Узоқовнинг омилкорлиги ҳақида эмас, аксинча қишга вақтида тайёргарлиги хусусида. Аномал совуқ тушиб, аъзойи баданинг титраганда баъзи ижтимоий тармоқлардан газимиз қани, йигирма биринчи асрда яшаб молнинг ахлатини ёқамизми, деган маломатларни ўқиб ётишдан не наф, дейди у.
Чинданам, Европанинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам биотехнологиялар асосида чиқиндилардан ёқилғи газ олиниб, ҳидидан нозик таъб Ғарб бурун жийирмай қўйганига кўп йиллар бўлган. Қолаверса, ҳар қандай табиий газ чиқиндиларнинг узоқ йиллик биологик чириш жараёнларининг маҳсули.
— Ҳавонинг кескин совиши натижасида газ қувурларининг совуқдан тортилиши оқибатида пайванд чокларидан узилишлар, ёрилишлар, ГТҚларда музлаш ҳолатлари содир бўлиши учраб туради, — дейди “Ҳудудгаз Навоий” филиалининг фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Баҳриддин Худоёров. – Бундай шароитда босимни кўтаришнинг ўзи ҳам анча хавфли таваккал иш. Шу боис барча носозликлар филиалимиз ва унинг бўлимлари ҳузурида тузилган авария хизматлари томонидан вақтида бартараф этилади. Ҳар йили келгуси мавсумга тайёргарлик кўриш ва газ тармоқларини тафтишдан ўтказишда ушбу омилларни инобатга оламиз. Олис ҳудудлар аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлашда эса муаммолар юзага келган эмас. Энг муҳими, мазкур ҳудудларда суюлтирилган газ захиралари яратилди.
Совуқ об-ҳаво шароити истеъмолчиларга узлуксиз ичимлик ва оқава сув таъминоти хизматларини кўрсатишда ҳам бир қатор муаммоларни юзага чиқаради.

— Ўтган йилги мавсумда 200 дан ортиқ ҳолатда ичимлик ва оқава сув таъминоти тизимларида носозликлар бўйича мурожаатлар қабул қилинган эди, — дейди “Навоий сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг матбуот котиби Лобар Дўстова. – Шуларнинг қарийб ярми истеъмолчиларнинг ҳовли жойига тортилган қувурларнинг юзаки кўмилганлиги натижасида вужудга келган. Жорий мавсумга тайёргарлик жараёнларида 10 кмга яқин қувурлар ҳамда 5 мингга яқин ускуна ва жиҳозлар совуқдан ҳимояловчи махсус воситалар билан ўраб чиқилди. Келгусида юз бериши мумкин ноқулай об-ҳаво шароити ичимлик ва оқава сув таъминоти тизимларига муаммоли вазиятларни келтириб чиқаришини олдини олиш мақсадида зарур захиралар яратилди.
Ҳадемай қишнинг ҳам шашти қайтиб, ёзники каби унинг ташвишлари ҳам унутилади. Кейин эса навбатдаги мавсумга ҳозирлик бошланади. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ҳар бир мавсумга тайёргарлик ёлғиз таъминотчи идораларнинггина эмас, балки ҳар бир истеъмолчининг ҳам ташвишига айланиши лозим. Келгуси об-ҳавонинг аномал келиши эҳтимолдан холи эмас экан, унга тайёргарлик ҳам одатдагидан бўлакча, креатив бўлмоғи жоиз.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- “Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан” — Парагвай Президенти
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг