Андижонда автоэҳтиёт қисмлари ичидан 7,7 кг олтин қуймалари чиқди

15:04 19 Декабрь 2025 Жамият
218 0

Фото: ДХХ

Оғирлиги 7,7 килограмм бўлган олтин қуймаларнинг Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, «Дўстлик» чегара божхона пости яқинида Фарғона вилоятида яшовчи, 1994 йилда туғилган Т.Т. тўхтатилиб, унга тегишли хўжалик қопи холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада, қоп ичидаги 3 дона темир қопламали автомобиль эҳтиёт қисмлари махсус воситалар ёрдамида бўлакларга ажратилганда, уларнинг ичига жами 7 кг 784 г олтин бўлаклари яширилгани аниқланган.

Баҳолаш хулосасига кўра, ушбу олтин қуймаларнинг умумий қиймати 12 млрд 465 млн 795 минг сўмни ташкил этади.

Маълум бўлишича, мазкур фуқаро Тошкент шаҳридан юборилган олтинларни Қирғиз Республикасида қабул қилиб оладиган шахсга юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари орқали божхона назоратидан яширган ҳолда етказиши керак бўлган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари доирасида ушбу қимматбаҳо металлни ҳақиқий эгаларининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер