Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган тадбирлар бошланди
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”.
Юлдуз Ўрмонова, “Халқ сўзи ONLINE” хабар беради.
— Алишер Навоий шарқ Ренессансининг йирик намояндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркий тилли халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутадиган ёрқин шахсдир, — дейди Британия кутубхонасининг турк ва туркий тўпламлар бўлими раҳбари Майкл Жеймс Эрдам. — Биринчидан, у ўзининг гуманистик ғоялари, бадиий-фалсафий қарашлари, ўлмас шеърий асарлари билан инсоният тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккирдир. Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам ул зотни “мамлакат устуни, давлат таянчи” деб бежиз атамаган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 578 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда ана шундай фикрлар билдирилди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, талаба ва ўқувчи ёшлар, ижодий ташкилотлар вакиллари қатнашди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари Асадилло Азизий ва Раъно Шерзод буюк бобокалонимиз ижодининг бугунги ёш авлод маънавий ҳаётидаги тутган ўрни хусусида сўзлаб, унинг ғазалларидан ўқиб берди.
— Ҳазрат Алишер Навоийни нафақат сўз мулкининг султони, балки улуғ донишманд, мутафаккир зот, десак, арзийди. — дейди Асадилло Азизий. — Биргина мисол: ҳозирги Афғонистоннинг Сарпул вилояти ҳудудида ўша замонларда уч ой қолиб, катта бир кўприкни таъмирлаб кетган. Шунинг учун ул зотдан яхши ном ҳамда маънавий мерос қолган. Мен бугун Ҳазрат Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан уюштирилган тантанали маросимда иштирок этаётганимдан мамнунман. Шу имкониятни тақдим қилгани ва биз, афғонистонлик ёшларнинг Ўзбекистонда таълим олишимиз учун барча шароитни яратиб бергани учун икки давлат раҳбарлари, айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Шоир таваллудига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар республикамиз бўйлаб кенг давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг