Ахборотлар очиқлигини таъминлашда камчиликлар сақланиб қолмоқда

19:17 15 Ноябрь 2021 Жамият
975 0

Жорий йил 15 ноябрь куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан халқ депуталари Сурхондарё вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда сайёр йиғилиш ўтказилди.

Унда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, ҳудудий бошқарма бошлиқлари, сенаторлар, депутатлар иштирок этди.

Мажлисда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг Сурхондарё вилоятидаги ижроси муҳокама этилди. 

Сурхондарё вилояти ҳудудидаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва ҳудудий бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги бўйича ўрганиш натижалари юзасидан маълумот берилди.

Хусусан, қўмита томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ мутахассислари ўтказган ўрганишларда маҳаллий давлат ҳокимияти ва ҳудудий бошқармалар томонидан ахборот сиёсати ва очиқликни таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар тўлиқ таҳлил этилди.

Таҳлиллар натижасида ушбу соҳада амалга оширилган ишлар тизимли йўлга қўйилмаганлиги, мутахассисларнинг етарли билимга эга эмаслиги, амалиёт давомида ижтимоий тармоқлар орқали фақат ўз ташкилот имижини оширишга қаратилган ишлар билан банд бўлинганлиги сабабли, аҳоли учун очиқ маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилмасдан қолингани қайд этилди.

Расмий веб-сайтларда бир нечта саҳифалар доимий равишда янгиланиб борилмаганлиги натижасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда аҳоли учун ахборот олишда муаммолар юзага келганлиги таъкидланди. 

Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳудудий бошқармаларда ахборотлар очиқлигини таъминлашда тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг (www.surxondaryo.uz) веб-сайтларида аҳоли фойдаланиши мумкин бўлган айрим очиқ маълумотлар жойлаштирилмаган.

Веб-сайтларда очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар юзасидан бериб бориладиган эълонлар, мурожаатлар статистикаси, ишлаб чиқилган қонунчилик ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, ўтказиладиган мажлислар кун тартиби ва унинг режаси, унда қатнашиш тартиби, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш тартиби ҳақидаги маълумотлар, ҳуқуқий маслаҳатлар олиш, тадбиркорлар учун зарур янгиликлар, вилоятда мавжуд бўш иш ўринлари, интерактив хизматлар, жамоатчилик маслаҳат кенгашлари ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳудудий бошқармалар фаолияти юзасидан ижтимоий тармоқларда кўтарилган муаммолар юзасидан таҳлилий маълумотлар расмий веб-сайтларда акс эттирилмаган.

Мисол учун, Сурхондарё вилоятининг Узун (uzun.uz), Жарқўрғон (jarqorgon.uz), Ангор (angor.uz) тумани ҳамда Термиз шаҳар (termiz.uz) ҳокимликларининг расмий веб-сайтларидаги маълумотлар доимий равишда янгиланмасдан қолган.

Натижада расмий веб-сайтлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 июндаги «Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг расмий веб-сайтида жойлаштириш учун мажбурий бўлган ахборотлар рўйхати»да белгиланган талабларга жавоб бермайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги қарори асосида давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларида ахборот хизматини ташкил этиш назарда тутилган.

Бироқ, Сурхондарё вилоят ҳудудларида фуқаролар энг кўп мурожаат қиладиган вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида ахборот хизматлари ташкил этилмаган. Хусусан, Сурхондарё вилоятдаги 20 та ҳудудий бошқармаларда алоҳида штат бирликлари ташкил этилмаган.

Ўрганишларда ҳудудий бошқармалар томонидан ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масаласига аҳамият берилмаган. Ҳудудда фаолият кўрсатаётган ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ахборот хизматлари раҳбарлари соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги аниқланди.

Танлов асосида Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармалари ҳамда «Халқ банки» вилоят филиаллари фаолияти ўрганилганида мазкур ташкилотлар ва банк муассасаларида ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича талаблар бажарилмагани кўзга ташланган.

Афсуски, мутасаддиларнинг ахборот сиёсати ва давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалаларига эътиборсиз бўлиш натижасида аҳолининг мурожаатлар сони ҳам кескин ошмоқда.

Мажлисда мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди. Мазкур масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

"Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?