Айрим оилаларнинг талаба қизларига махсус стипендия тўланади
Шавкат Мирзиёев «Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 июндан бошлаб «қизил» тоифага кирувчи кам таъминланган оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқиётган талаба қизларига базавий стипендиянинг икки бараварига тенг махсус стипендия тайинланади. Бу чора олий таълимда таҳсил олаётган қизларнинг рағбатини ошириш ва уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган ўқувчилар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида кам таъминланган оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади. Улар ушбу хизматлар учун ота-оналар тўловидан озод қилинади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб кам таъминланган оилаларнинг аъло баҳоларга ўқиётган фарзандлари Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиш ва соғломлаштириш хизматларидан бепул фойдаланади. Уларнинг барча харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Мазкур фармонда, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги таъминланган оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оила аъзоларига кўрсатиладиган хизматлар ва ёрдамларни мувофиқлаштирувчи асосий давлат органи этиб белгиланди. Бу эса ижтимоий хизматлар тизимини янада марказлаштириш ва тизимли назоратни таъминлашга хизмат қилади.
Нодира Раҳимова,
ЎзЖОКУ талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг