Аҳоли бандлигини оширишнинг иқтисодий механизмлари: таққос ва таҳлил

13:45 04 Июнь 2025 Жамият
30 0

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишлардан бирига айланган.

Шу маънода, ишсизлик даражасини пасайтириш, янги иш ўринларини яратиш, касб-ҳунар ўргатиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида қатор давлат дастурлари ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Жумладан, бандликни таъминлаш ва меҳнат муносабатларини тўғри йўлга қўйиш мақсадида ҳар бир ҳудуд кесимида секторлар ва маҳалла тизими асосида иш ўринлари ташкил этиш тизими жорий қилинди.

Рақамларга эътибор беринг, ўтган йил якунига кўра, мамлакатимизда камбағаллик даражаси 11 фоиздан 8,9 фоизга камайди. Бу жараёнда 719 минг фуқаро бандлик дастурлари орқали камбағалликдан чиқди. Мазкур ҳолат юртимизда олиб борилаётган меҳнат бозорини ислоҳ қилиш ва иқтисодий фаолликни ошириш борасидаги ҳаракатларнинг самарадорлигини кўрсатади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳоли бандлигини оширишда иқтисодий механизмлар муҳим ўрин тутади. Ушбу механизмлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Биринчидан, инвестицияларни жалб қилиш ва янги ишлаб чиқариш субъектларини яратиш;

Иккинчидан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит ресурсларини ажратиш, масалан, 2025 йилда ҳар бир фуқарога 300 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилиши кўзда тутилган;

Учинчидан, янги инфратузилма объектлари қурилиши, бу эса қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида иш ўринлари яратишга туртки беради;

Тўртинчидан, меҳнат бозорига мос кадрлар тайёрлаш, буни касб-ҳунар коллежлари, қайта тайёрлаш марказлари орқали амалга оширилиши ўз самараларини беради.

Ушбу механизмлар нафақат ишсизликни камайтиради, балки иқтисодий ўсишга хизмат қилувчи инсон капитали салоҳиятини ҳам оширади.

Миллий тажриба ва халқаро амалиёт

Дунё тажрибасидан маълумки, аҳоли бандлигини таъминлашда Германия, Жанубий Корея, Хитой каби ривожланган мамлакатлар муваффақиятли тажрибаларга эга.

Масалан, Германия “дуал таълим” тизими орқали ёшларни ишга тайёрлайди ва уларни саноатда иш билан таъминлайди.

Жанубий Кореяда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида “стартап”лар қўллаб-қувватланади, ишсиз ёшлар учун махсус грантлар ажратилади.

Хитойда эса кичик шаҳарчалар ва қишлоқларда маҳаллий ишлаб чиқариш кластерлари ривожлантирилади.

Ўзбекистонда ҳам бу каби механизмлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Лекин уларни янада самарали ташкил этиш талаб этилади.

Юртимизда иш ўринлари ташкил этиш борасида давлат сиёсатининг асосий мақсади — аҳолини ижтимоий зарур меҳнат билан банд қилиш. Бу борада қуйидаги усуллар ишлаб чиқилиши ва татбиқ этилиши лозим:

— ҳар бир туман кесимида меҳнат бозори таҳлили асосида махсус дастурлар яратиш;

— тадбиркорликни бошлаш учун шароит яратиш (жумладан, молиявий, ҳуқуқий ва маънавий ёрдам);

— маҳаллий ҳокимиятларнинг фаолиятини бандлик натижаларига қараб баҳолаш шулар жумласидандир.

Етти имконият ва масъулият

Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим рол ўйнамоқда.

Мазкур муҳим дастурда қуйидаги “етти имконият ва масъулият” белгилаб берилган:

— бандлик ва юқори даромад топиш имконияти;

— таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш;

— тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш;

— маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш;

— яшаш шароитини яхшилаш;

— тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;

— давлат органлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш.

Бу элементлар мамлакатда ижтимоий тенгликни таъминлаш, меҳнат бозорини ривожлантириш ва инсон капиталини оширишда асосий механизмлар ҳисобланади.

Жорий йил Ўзбекистонда бандлик соҳасида стратегик йил сифатида белгиланган. Айниқса, кичик бизнес ва микрофирмаларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағлар фуқароларнинг иқтисодий фаоллигини янада оширади. Бундан ташқари, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, фриланс ва масофадан ишлаш имкониятларини кенгайтириш орқали янги меҳнат бозори шакллантирилмоқда.

Иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омили

Қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш учун аграр соҳадаги ислоҳотлар, кластер тизимини жорий қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш орқали қишлоқ аҳолиси учун янги меҳнат имкониятлари яратилмоқда. Бу эса ҳудудий диспропорцияларни бартараф этиш ва барча ҳудудларда иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, янги технологияларни жорий этиш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали масофавий ишлаш имкониятлари кенгаймоқда. Бу, айниқса, ногиронлиги бор шахслар, уйда ўтирган аёллар ва бошқа ижтимоий гуруҳлар учун ишга жойлашиш имкониятларини яратади. Давлатимиз томонидан IT соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни рақамли салоҳиятга эга кадрлар сифатида тайёрлаш бўйича йирик дастурлар амалга оширилмоқда.

Юқоридаги таҳлиллардан кўринадики, Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида қатор иқтисодий ва ижтимоий механизмлар жорий қилинмоқда. Давлат дастурлари, инвестиция лойиҳалари, хорижий тажрибаларни татбиқ этиш ва маҳалла даражасида бандликни мувофиқлаштириш каби чоралар ўз самарасини бера бошлади.

Бандликни таъминлашдаги бундай иқтисодий механизмлар нафақат иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, балки аҳолининг ижтимоий фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шундай экан, келгусида ҳам мазкур сиёсатни изчил давом эттириш ва самарадорлигини ошириш жуда муҳимдир.

Малика АКБАРОВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг

Меҳнат иқтисодиёти кафедраси ассистенти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?