«AGRO PRO EXPO-2025»: қишлоқ хўжалиги мавсуми олдидан муҳим кўргазма

13:27 19 Февраль 2025 Жамият
203 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг 25-27 февраль кунлари Жомбой туманидаги «SOF EXPO Samarkand» мажмуасида аграр соҳа бўйича маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқариш корхоналарининг 4-Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси ўтказилади.

Ушбу кўргазмада республикамиз тадбиркорларидан ташқари Қозоғистон, Россия, Хитой, Беларусь, Туркия, Эрон, Нидерландия, Германия, Венгрия каби давлатларнинг 88 та корхонаси иштирок этиш истагини билдирган. Улардан 60 фоизи аввал ҳам қатнашган, қолган корхоналар янги ҳамкорлар топиш, шартномалар имзолаш ва соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиш ниятида.

Бу ҳақда кўргазма олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. ОАВ вакилларига мазкур тадбирнинг аҳамияти, унинг имкониятлари юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди.

— Вилоятимиз аҳолисининг 74 фоизи қишлоқларда яшайди, қолаверса, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг асосий тармоғи бўлиб қолмоқда, — дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. — Қишлоқ хўжалиги тармоғи кун сайин янгиланиб, замонавий технологиялар ва илмий ишланмалар билан бойиб бормоқда. Бу каби янгиликлардан хабардор бўлиш ва уларни соҳага жорий этишнинг самарали усули кўргазмалар ҳисобланади. 2024 йилда ташкил этилган кўргазмада 80 та корхона ўз маҳсулотлари билан қатнашди, 4500 мингдан ортиқ профессионал ва топ-менежерлар ташриф буюриб, 15 дан ортиқ тренинг ва семинар ўтказди.

Матбуот анжуманида «AGRO PRO EXPO-2025» 4-Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси билан боғлиқ журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер