Зўравон ҳам, жабрдийда ҳам — аёл... ми?!

12:35 14 Ноябрь 2020 Жамият
1450 0

2020 йилнинг ўн ойи мобайнида Фарғона вилоятида хотин-қизлар томонидан 723 та жиноят содир этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 258 тага кўпайди. Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик кескин ошган бўлса, Фарғона шаҳри ҳамда Ўзбекистон ва Олтиариқ туманларида оилавий ажримлар кўпайди.

Ҳар бир жиноят ортида оила тақдири бор экан, бундан она, турмуш ўртоғи, опа-сингиллар жабр кўради.

Фарғона вилоятида гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида шу каби рақамлар афсус билан эътироф этилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, айни пайтда вилоят ҳокими раислигида хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича 11 кишидан иборат вилоят комиссияси фаолият кўрсатмоқда. Вилоят ҳокимлиги, 19 та шаҳар-туман ҳокимликлари ҳузурида ҳамда 200 дан ортиқ корхона-ташкилотларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди.

Шу йилнинг ўтган даврида зўравонликка учраган 914 нафар аёлга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди. Натижада 260 та оила яраштирилди, 504 та оилавий низолар бартараф этилди ҳамда 3 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. 1052 нафар оғир шароитда яшаётган хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш чора-тадбирлари белгиланди. Тижорат банклари томонидан 1908 нафар тадбиркор аёлларнинг бизнес-лойиҳалари учун 72 млрд. 244 млн. сўм, хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эса 541 нафар хотин-қизларга 9 млрд. 583 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди.

Таҳлил ва танқид руҳида ўтган очиқ мулоқотда хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқий саводхонлик тадбирлари самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари фаолиятини яхшилаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилноза Эргашева, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботлари бўйича савол-жавоблар ўтказилиб, келгусида ўзаро ҳамкорликда олиб борилиши зарур бўлган ишлар келишиб олинди.

Матбуот анжуманида республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда блогерларни қизиқтирган саволларга тегишли мутасадди идоралар раҳбарларининг жавоблари тингланди.

Б. Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?