Ишонч ва имкониятлар даври
Фото: Президент матбуот хизмати
Пойтахтимиздаги Кўксарой қароргоҳида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашувида келажакдаги катта мақсадларга дебоча бўлгувчи улкан имконларга тамал тоши қўйилди. Давлатимиз раҳбари ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилди. Учрашув ғоят самимий руҳда, ҳаётий мисоллар, аниқ ташаббуслар ва янги имкониятлар, оппоқ орзулар, юксак ишонч ва мақсадлар ҳақида кечди.
Бўлиб ўтган мулоқотнинг мазмуни оддий бир йиғилиш эмас эди. Унда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароит яратиш масаласи кун тартиби марказида турди.
Жамият тараққиёти ёшларнинг кайфияти ва ҳаракатига боғлиқ. Агар уларда ишонч бўлса, мамлакат олға юради. Шу маънода бу мулоқот давлат ва ёшлар ўртасидаги очиқ кўприкка айланди. Айтилган таклифлар, билдирилган ғоялар эртанги куннинг йўналишини белгилайдиган қарорларга замин яратади. Мазкур тадбир ёш авлод ривожи йўлидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериши билан тарихга муҳрланиши, шубҳасиз.
Зиммамиздаги масъулият ғайратимизни оширди

Абдулазиз Муминов,
Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари:
— Президентимизнинг ёшлар билан учрашувида белгиланган вазифалар навқирон авлодга кенг имкониятлар яратади. Масалан, “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 7 йилгача 15 фоизли кредитлар ажратилиши ёшларнинг бизнес ғояларини рўёбга чиқаришда мустаҳкам таянч бўлади. “Менинг биринчи касбим” дастури орқали битирувчиларга ойига 2 миллион сўмгача стипендия берилиши эса уларнинг меҳнат бозорига ишонч билан кириб келишини таъминлайди. Бу ташаббуслар ёшларни қўллаб-қувватлашда янги даврни бошлаб беради.
Давлатимиз раҳбарининг оталарча ғамхўрликлари шарофати билан “Кўмак” дастури доирасида 130 миллион сўмгача ва тадбиркорликни кенгайтириш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссудалар ажратилиши, олис ҳудудларда солиқ имтиёзлари берилиши жойлардаги ташаббускор ёшлар учун катта қулайликдир. Қисқа вақт ичида 120 дан зиёд ўқув марказлари иш бошлагани бу ишларнинг самарасини кўрсатмоқда. Бу натижалар ёшларимизнинг ғайрати ва ишончини янада оширади.
Йилига 20 минг ёшни келажак касбларига ўқитиш, ҳар бир туманга 500 миллион сўмгача ссуда ажратиб, лабораториялар ташкил этиш вазифаси Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига катта масъулият юклайди. Бу топшириқлар биздан тизимли ёндашув, аниқ назорат ва юқори самара талаб этади. Шу билан бирга, мазкур вазифалар ёшларнинг билим олиши, замонавий касб эгаллаши ва ўз келажагини барпо этиши учун кенг йўл очади.
Биз ушбу ишончни оқлашни ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйдик.
Орзуларимиз қанот қоқди

Асал Зиёдова,
Қарши шаҳридаги “Болалар академияси” хусусий мактаби асосчиси:
— Бу йилги 24 февраль кўплаб тенгдошларим қатори ёдимда бир умрга қолади. Президентимиз билан мулоқотда иштирок этиш мен учун катта шараф ва унутилмас воқеа бўлди. Ушбу учрашувда сўз олиб, ўз ҳаёт йўлим, тадбиркорликка қадам қўйганим ва ёш педагоглар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида фикрларимни билдирдим.
Мен тадбиркор ҳамда педагог сифатида инглиз тилини ўрганиш ва ўргатишга бўлган қизиқишим орқали фаолиятимни бошлаганман. Талабалик пайтимда кичик ижара хонасида дарс ўтишдан бошланган йўлим бугунги кунда “Болалар академияси” хусусий мактабини очишимга пойдевор бўлди. Бу осон кечмади, албатта. Моддий қийинчиликлар, иккиланишлар, қўрқувлардан қийналдим. Лекин ёшлар учун яратилган имкониятлар менга куч берди.
Вилоятимиздаги “Алоқа банк” томонидан ажратилган 2,5 миллиард сўмлик кредит ва икки йиллик имтиёзли давр оилавий тадбиркорлигимизни бошлашимизга мустаҳкам замин яратди. Бугун мактабимизда 400 га яқин ўқувчи таълим олмоқда, 60 га яқин ходим ишламоқда. Жамоамизнинг асосий қисми ёш ва иқтидорли педагоглардан иборат. Бу мен учун алоҳида ғурур.
Учрашувда бизнес мактаблари очиш ташаббусини қўллаб-қувватлашимни билдирдим. Чунки педагог бўлган ёшлар ҳам тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиши керак. Бу ғоя кўплаб йигит-қизларга ўз орзусини рўёбга чиқариш имконини беради.
Президентимиз томонидан билдирилган ишончни чуқур ҳис қилдим. Бу ишонч бизга янада катта масъулият юклайди. Турмуш ўртоғим билан биргаликда “Болалар академияси” филиалларини Қашқадарёнинг барча шаҳар ва туманларида очишни мақсад қилганмиз. Шу орқали вилоятимизда хусусий таълим ривожига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Сунъий интеллект — кредит олишга кўмакчи

Бехзод Алиев,
ёш дастурчи:
— Куни кеча биз, ёшлар ҳаётида ўзига хос тарихий воқеаликка айланди. Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган учрашув кўплаб ташаббускор тенгдошларим ҳаётида муҳим бурилиш нуқтасига айланди. Мулоқот давомида илгари сурилган янги имкониятлар бизни ҳеч иккиланмай инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга ундайди.
Учрашувда инновацион стартаплар учун 100 минг долларгача инвестиция киритишга қаратилган эътибор алоҳида аҳамият касб этди. Бу қарор замонавий технологиялар, сунъий интеллект ҳамда рақамли хизматлар соҳасида ишлаётган жамоалар учун кучли молиявий пойдевор вазифасини ўтайди. Айниқса, халқаро тажрибага эга биз каби ёш мутахассислар учун бу катта имконият эшигидир.
АҚШнинг Иллиноис университетини тамомлаб, юртга қайтгач, ахборот технологиялари соҳасида ўз ўрнимни топишни ният қилдим. Оқибат жамоамиз билан “MoliyAI” стартапини ишга туширдик. Лойиҳамиз “President Tech Award” танловида 100 минг доллар мукофотга сазовор бўлган. Мукофот старт босқичидаги жамоамиз учун технологик ечимни такомиллаштириш, маълумотлар хавфсизлигини кучайтириш ва инфратузилмани ривожлантиришга етарли ресурс бўлди.
“MoliyAI” ғоясининг моҳияти оддий, аммо долзарб. Юртимизнинг чекка ҳудудларида кўплаб фуқаролар расмий даромад ҳужжатларига эга эмас. Банклар эса кредит ажратишдан олдин мижознинг тўлов қобилиятини баҳолаши шарт. Айнан шу ерда ахборот етишмаслиги муаммоси юзага чиқади. Жамоа сунъий интеллект орқали катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиб, қарз олувчининг қайтариш имкониятини фоизларда ҳисоблаб беради. Ана шу имкониятларни ўз ичига қамраб олган лойиҳамиз тақдимотини ҳам Президентимизга намойиш этдик.
Ҳунарга эътибор — келажак пойдевори

Султонмурод Фарҳодов,
Тошкент шаҳридаги “Заргарлик академияси” асосчиси:
— Учрашувда битирувчи ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ҳақидаги қарорни катта мамнуният билан қабул қилдим.
15 йиллик тажрибага эга заргар сифатида шуни айтаманки, бу қарор ёшларга юксак ишонч ва тадбиркорларга кучли рағбатдир. Давлат бюджети учун муайян харажат талаб этса-да, бу ёшларимиз келажагига қилинган муҳим сармоя. Яширин иқтисодиётга қарши кураш кучайган бир даврда, яратилган имкониятлардан фойдаланиб, фаолиятимизни ҳалол ва шаффоф ташкил этишимиз шарт.
Фаолиятим давомида 500 дан ортиқ шогирд тайёрладим. Бугун улар юртимизда ва Осиё давлатларида меҳнат қилмоқда. Хориждан келиб, заргарликни ўрганиш истагини билдирган ёшлар борлиги соҳамизда экспорт салоҳияти мавжудлигини кўрсатади.
Учрашувда техникумларда заргарлик йўналишларини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш таклифини илгари сурдим. Заргарликда 5 йил шогирд бўлиб юриш шарт эмас. Амалдаги дастуримиз асосида 8 ойлик тизимли таълим орқали ёшлар касб эгаллаб, корхоналарда ишлаши ёки мустақил фаолият бошлаши мумкин.
Шунингдек, мис, кумуш ва олтинга ишлов бериш, 3D дастурлар ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган замонавий лабораториялар ташкил этиш ғоясини билдирдим. Ёшлар ўқиш жараёнидаёқ маҳсулот яратиб, уни бозорда синовдан ўтказиши керак. Мақсад — ҳар йили 500 нафар рақобатбардош, ўз брендига эга заргар-тадбиркорни тайёрлаш.
Бугун юртимизда 700 дан ортиқ заргарлик корхоналари бор. Кадрларга эҳтиёж юқори. Қўшни давлатларда ҳам мутахассисларга талаб катта. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз керак.
Ёшларимизни заргарликка қизиқтириш, уларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш бўйича ташаббусларда фаол қатнашишга тайёрман. Агар олдин манзилга пиёда интилаётган бўлсак, бугун мамлакатимиз раҳбарининг яратаётган шароитлари туфайли шу мақсад сари тезроқ етиб бориш имкони пайдо бўлмоқда.
Учрашувда юртимизда ўтказилиши режалаштирилган халқаро шахмат олимпиадасидан илҳомланиб, Президентимиз учун шахмат шоҳ донасини ясаганимизни айтдим. Уни бутун ёшлар номидан тақдим этиш мен учун катта ифтихор бўлди.
Тўхтаб қолишга ҳаққимиз йўқ

Ўғилжайрон Халдурдиева,
“Ёш китобхон” танлови ғолиби, “Мутолаа” лойиҳаси координатори:
— Китоб билан улғайиб, орзуларимга мутолаа орқали эришаётган қорақалпоқ қизи сифатида мамлакатимиз етакчиси билан очиқ мулоқотда иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Учрашувда сўзга чиқиб, юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдирдим.
“Yosh kitobxon” танловининг 2025 йилги мавсуми ғолибиман, Президент соврини — BYD электромобили билан тақдирланганман. Миллионлаб китобхонлар орасида ғолиб бўлганим ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборган. Ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошладим.
Шу боис мулоқот чоғида мамлакатимизда китобхонлик маданиятини янада оммалаштириш, ёшлар ўртасида мутолаага қизиқишни кучайтириш бўйича таклифларни билдирдим. Президентимиз билан қўл бериб кўришганимда, бу инсоннинг “Қорақалпоғистонлик қизим, мен сизларга ишонаман, ҳаракатдан тўхтаманг”, деган сўзлари қалбимга чуқур ўрнашди. Шу лаҳзада елкамда катта масъулият борлигини ҳис қилдим.
Энди мен ортимдан ёшларни эргаштира олишим керак. “Китобхон миллат” ғоясига амалий ҳисса қўшишим зарур. Тўхтаб қолишга ҳаққим йўқ. Доимо ўқиш, изланиш ва олға интилиш асосий мақсадим бўлади.
Ташаббусдан — амалий ҳаракатга

Муродбек Раҳмонбердиев,
Ёшлар ишлари агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи:
— Юртимизда ёшлар сиёсати мутлақо янги мазмун бойимоқда. Президентимизнинг ёшлар билан учрашувида илгари сурилган ташаббуслар бу борада аниқ дастурий йўналишни белгилаб берди. Хусусан, ҳудудларда “Ёшлар бизнес инкубатори”ни ташкил этиш ғояси ёшларни тадбиркорликка ўқитиш, ғояни лойиҳага айлантириш ва молиявий кўмак механизмларини бир жойга жамлашни назарда тутади.
Жиззахда ўтган 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар ушбу сиёсатнинг амалий ифодасига айланди. Рақамларга мурожаат қилсак, “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида “Алоқа банк”нинг ҳудудий комплекс хизмат кўрсатиш маркази томонидан 725 та лойиҳага 99 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Энг муҳими, мазкур ташаббуслар орқали 1 минг 158 нафар ёш бандлиги таъминланган.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига 400 та лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилгани ҳам эътиборга лойиқ. Натижада 1 минг нафардан зиёд вилоятимиз ўғил-қизлари доимий даромад манбаига эга бўлди. Бу кўрсаткич ҳудуд иқтисодиётида кичик бизнес улуши ортиб бораётганини англатади. Муҳими, бундай имкониятлар орқали ёшлар ўз ғоясини амалга оширишга ишонч ҳосил қилмоқда.
“Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида “Миллий банк”нинг вилоят бўлими томонидан 232 нафар талабанинг 6,9 миллиард сўмлик ташаббуслари молиялаштирилди. Бу маблағ ёш мутахассисларнинг мустақил фаолият бошлашига жиддий туртки беради. Лойиҳа 4 минг 478 нафар битирувчининг бандлигига хизмат қилиши режалаштирилгани эса таъсир доираси анча кенг эканини кўрсатади.
Эътиборлиси, ёшлар тадбиркорликка жалб этилгани сари уларнинг ижтимоий фаоллиги ошиб, ҳудудларда ишсизлик даражаси пасаяди, ички бозорда рақобат муҳити шаклланади. Шундай экан вилоятимиз яқин йилларда инновацион ва тадбиркор ёшлар марказларидан бирига айланиши шубҳасиз.
Ҳар бир иқтидор меҳрдан куч олади
Умарбек Каримов,
Урганч тумани 11-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Отамурод Реимбаевнинг отаси:
— Учрашувда ўғлим Отамурод тор чертиб, “Муҳтасод” қўшиғини ижро этгани ва унга давлатимиз раҳбарининг оталарча ғамхўрлиги, қўллаб-қувватлаши ота сифатида қалбимни тўлқинлантирди. Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, оиламиз билан ўғлимиздан жуда фахрландик.
Отамуроднинг мусиқага қизиқиши 4 ёшидан бошланган. Қўшни қишлоғимиздаги истеъдодли хонанда Оғабек Шарифбоев унинг иқтидорини кўриб, келгусида яхшигина ижодкор чиқади деган эътирофидан кейин унинг санъатга меҳри янада ортди. Ўғлим 9 ёшида қишлоғимиздан 17 километр узоқда жойлашган Урганч туманидаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабига қатнай бошлади. Тор сирларини биринчи устози Ойбек Атаевдан ўрганди. Шу меҳнатлар самараси кечаги кунда яққол кўринди.
Президентимиз томонидан фарзандимга автомобиль совға қилингани бутун оиламиз учун кутилмаган бахт бўлди. Бу эътиборни қишлоғимиз аҳли, тумандошларимиз ва бутун Хоразм халқи катта қувонч билан қабул қилди. “Қишлоғимиз боласи Президентдан машина олди”, деган гапни эшитишнинг гашти бўлакча бўларкан.
Мен учун энг катта бахт — фарзандимнинг санъатга қизиқиши, муҳаббати қадрланганидир. Президентимизнинг ёш истеъдодларга бераётган мана шундай эътибори юрагимизга бир олам шодлик бағишлади. Бу умрбод ёдда сақлашга арзигулик воқеа бўлди. Зеро, ҳар бир иқтидор меҳрдан куч олади.
Мамлакатимизда ёшлар сиёсати кун сайин юксалиб бормоқда. Айтилган ҳар бир ташаббус ортида амалий қадам турибди. Бу ишонч ва ғамхўрлик ёшларни янада фаол, янада масъулиятли бўлишга чорлайди. Энг муҳими, йигит-қизлар ўз овози, таклиф ва ташаббуслари эшитилаётганини қалбдан ҳис қилди. Шу туйғу уларни янги ғоялар сари етаклайди. Келажак эса айнан шу ишончдан бошланади.
Улуғбек Рўзиматов
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг