ЖССТ: Дунёда ҳар йили 5 миллион кишига эпилепция ташхиси қўйилмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эпилепция касаллиги билан боғлиқ янги ҳисобот эълон қилинди. Унга кўра, ҳозир дунё бўйича тахминан 50 миллион киши ушбу дарддан азият чекмоқда.
Ачинарлиси, кейинги даврда бундай беморлар сони йилига 5 миллион нафарга ортяпти. Уларнинг қарийб 80 фоизи паст ва ўрта даромадга эга мамлакатлар аҳолисидир. Яъни мазкур ҳудудларда ҳар 100 000 кишидан 139 нафарига эпилепция ташхиси қўйилмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, ўсиш динамикаси Ер юзида эндемик касалликлар хавфи ортиши, йўл-транспорт ҳодисалари ва туғилиш чоғидаги жароҳатлар кўпайиши, қолаверса, тиббий инфратузилма, профилактика дастурлари ҳамда арзон ва малакали тиббий ёрдам етишмаслиги каби қатор омиллар билан боғлиқ.
Ваҳоланки, эпилепция хуружларининг олдини олса бўлади. Бундан ташқари, 70 фоиз беморлар тутқаноққа қарши дорилар ёрдамида тўғри муолажа олиб, бу дарддан холи яшашлари мумкин.
Аммо кам даромадли мамлакатларда эпилепцияга чалинган одамларнинг тўртдан уч қисми даволанмайди. Ўз навбатида, бундай давлатларда антиконвулсант дорилар таъминоти 50 фоизга ҳам етмайди.
Аксарият ҳолларда эпилепцияни бирламчи тиббиёт муассасаларида мураккаб асбоб-ускуналарсиз ташхислаш ва даволаш имконияти мавжуд. Аммо бундай билим ва кўникмага эга мутахассислар барча ҳудудларда ҳам, афсуски, етарли эмас.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ЖССТ эпилепция диагностикаси ва муолажасида самарадорликка эришиш учун бирламчи тиббиёт муассасалари ходимларини махсус тайёргарликдан ўтказиш зарур, деган хулосада.
Элатиб ўтамиз, эпилепция – турли хил хуружлар ва ҳушдан кетишлар билан намоён бўлувчи бош миянинг сурункали касаллиги. У халқ орасида тутқаноқ, қуёнчиқ, деб ҳам аталади. Хасталик 70 фоиз ҳолатда 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг