Жондорда “Қаҳрамонлар хиёбони” бунёд этиладими?

13:17 02 Июнь 2020 Жамият
1684 0

Зарафшон дарёси бўйида жойлашган Жондор юртимизнинг ўзига хос гўшаларидан. У бой тарихга эга. Жондор араб истилоси,Чингизхон босқинининг тилсиз гувоҳидир. Бу муқаддас заминда умргузаронлик қилган, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган аждодларимиз ўз она-юртлари эрки, озодлиги учун мардонавор курашганлар. Масалан,оддий элакчи оиласида вояга етган ғалвирсоз Маҳмуд Торобий Чингизхон қўшинларига қарши халқ қўзғолонига бошчилик қилиб ғалаба қозонган. Қутайбага қарши қаҳрамонларча курашган ёвқур аждодларимиз, Варахша ҳукмдорлари Бухорхудотлар ва Туркон хотуннинг ёв билан тенгсиз курашдаги жасоратларини айтмайсизми?!

Наршахийнинг 943-944 йилларда ёзилган «Бухоро тарихи» китобида қайд қилинишича, «Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган,лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди: Нур (Нурота), Вардонзе, Таробча (Тороб қишлоғининг кичрайтирма номи) ўша қишлоқлар жумласидандир.»

Кўриниб турибдики, Жондор тумани ҳудудидаги Тороб жуда қадимий қишлоқлардан бўлиб,унинг атрофи баланд пахса девор-қалъа билан ўраб олинган.

Араблар Ўрта Осиёга бостириб келганда, Тороб ва унинг ён-атрофидаги қишлоқлар аҳолиси қаршилигига дош беролмасдан,чекинишга мажбур бўлишган. Хусусан,бу қишлоқ аҳолиси узоқ вақт мобайнида ҳимояланиб,ё вга бўйин эгмаган.Бу ҳақида Наршахий шундай ёзади:”Бухоро қишлоқларидан Тороб, Хумбин (Хумин) ва Ромтин (Ромитан) оралиғида кўп лашкар тўпланиб, Қутайбани ўраб олди.”

Юқоридагилардан хулосага келиш мумкинки, ёвқурлик, баҳодирлик, тантилик, она- юртга садоқатли бўлмоқ каби фазилатлар жондорликларга бобомеросдир.

Яқин ўтмишдан бир мисол. Бухоро амирлари тансоқчилар, жиловбардорлар, сарой соқчиларини асосан Жондордан танлашган.
 

Жондорликлар табиатан танти, меҳнаткаш,бағрикенг. Далада ҳам жасорат,матонат ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиб,пахта,ғалла,пилладан,полиз ва сабзавотдан юқори ҳосил олиб келишмоқда.

Туманнинг юзлаб пахтакору ғаллакорлари,боғбонлари ҳалол меҳнатлари эвазига ўз даврида давлатнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишган. Булар орасида социалистик меҳнат қаҳрамонлари — Рустам Бобоев, Даврон Бобоев, Иззат Эллиев, Теша Салимов, Сайфулла Насуллаев, Абдулла Кўкламов, совет иттифоқи қаҳрамони Нарзи Ражабов; Ўзбекистон Қаҳрамонлари — Фарҳод Соҳибов, Тўра Нарзиевлар бор.

Афсуски, юртимизнинг бугуни, эртаси учун курашган, давлат томонидан қаҳрамонликка лойиқ топилган бу инсонларни ёшларни-ку қўя туринг, ўрта ва кекса авлод вакиллари ҳам тузукроқ билишмайди. Ахир,ўтмишини билмаган халқнинг келажаги йўқ,деб бежиз айтилмайди. Уларнинг икки фронтдаги матонат ва қаҳрамонликлари ёш авлодга намуна қилиб кўрсатилса,туман марказидаги истироҳат боғида «Қаҳрамонлар хиёбони» бунёд этилса,бу ерда ёшларга қаҳрамон ота- боболаримизнинг ҳаёти, ибратли умр йўли ҳақида ҳикоя қилинса, нур устига аъло нур бўларди. Бизнингча, бу хиёбон ВАТАН ҳақида энг яхши сабоқ вазифасини ўтайдиган манзилга айланарди.

Шу мақолани ёзиш асносида туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилдим. Афсуски, орадан бир ой ўтди ҳамки, жўяли фикр айтишолмади. Бепарволик, лоқайдлик ҳам эви билан-да.

Мақолага нуқта қўйишдан олдин ўзим гувоҳ бўлган бир воқеага эътиборни қаратмоқчиман. 1978 йилда немис турколог олими Отто Дизель Маҳмуд Торобийнинг рамзий қабрини зиёрат қилгани келди.Меҳмонга ҳамроҳлик қилдик. Ўшанда у Маҳмуд Торобийнинг лойшувоқ қилинган кўримсиз қабрини, тўрт тарафи очиқ-сочиқ ётган Торобий қалъасини кўриб изтиробга тушганди. Хорижий туркологнинг «Мабодо,Маҳмуд Торобий немис бўлиб туғилганида ва Германия тупроғида қаҳрамонлик кўрсатганида эди, бош узра баланд кўтариб, унга олтиндан ҳайкал қўярдик», дегани худди кечагидек эсимда.

Бу гапга ҳам 42 йил бўлди. Жондорда қаҳрамонларимизга бўлган муносабат эса ҳали – ҳануз ўзгармаяпти. Афсус, минг афсус!

Сафар Аҳмедов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?