Зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган йўл белгилари демонтаж қилинади

18:13 16 Май 2025 Жамият
231 0

Фото: ЙҲХХ

«Тўхташ тақиқланган» ва «Тўхтаб туриш тақиқланган» йўл белгиларининг мақсадга мувофиқ ўрнатилганлиги нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Билдирилишича, зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган йўл белгилари демонтаж қилинади, уларнинг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади.

Қарор билан шу белгиларда кўрсатилган амал қилиш вақтидан ташқари пайтда транспорт воситаларининг тегишлича тўхташи ҳамда тўхтаб туришига рухсат берилди. Масалан, «Тўхтаб туриш тақиқланган» белгисининг тагида амал қилиш вақти соат «7:00 — 21:00» деб кўрсатилган бўлса, транспорт воситалари ушбу белги ҳудудида соат 21:00 дан 7:00 га қадар бемалол тўхтаб туришлари мумкин бўлади.

Асадовнинг таъкидлашича, бугунги кунда йўллардан кесиб ўтувчи айрим темир йўлларда ҳафта ёки кун давомида вагонлар ҳаракатланмасада, ҳайдовчилар белги олдида тўхташга мажбур ва натижада узун тирбандликлар юзага келмоқда.

Масалан, Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли кўчаси (кўприк олдида), Чўпонота ва Шота Руставели кўчалари кесишмаси, Кичик халқа йўли (Қушбеги) сингари йирик йўлларда зарурат бўлмасада, ҳайдовчилар тўхташга мажбур.

Шу муносабат билан қарор билан автомобиль йўлларидан ўтган айрим темир йўл кесишмаларида «Стоп» белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилиши белгиланди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ:

  • ИИВ томонидан 2025 йил якунига қадар чорраҳа ва йўллардаги барча махсус техника воситалари тўлиқ хатловдан ўтказилади;
  • хатлов натижалари бўйича ўзбошимчалик билан ёки белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда ўрнатилган, техник ва стандарт талабларига жавоб бермайдиган техника воситалари демонтаж қилинади;
  • ҳайдовчилар томонидан тезликни ошириш ҳолатлари кўплаб кузатилаётган ҳудудларда автомашиналарнинг айни вақтдаги тезлигини кўрсатиб огоҳлантирувчи электрон таблолар ўрнатилади;
  • тадбиркорларнинг махсус техника воситаларидан фойдаланишда шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер