Франциядан дуранг, Германия ва Бельгиядан навбатдаги ғалаба

10:42 14 Октябр 2025 Дунё
109 0

Европада 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи ўйинлари давом этмоқда. 13 октябрь куни ўтган баҳслар жамоаларнинг мундиалга йўлланма учун олиб бораётган курашига янги суръат бахш этди.

Франция очко йўқотди

“D” гуруҳининг 4-туридан ўрин олган учрашувда Франция терма жамоаси Рейкьявик шаҳрида Исландия меҳмони бўлди. Киллиан Мбаппе ва Усман Дембеле каби етакчиларнинг йўқлиги сабаб жамоа таркибида қатор ўзгаришлар амалга оширилди.

Дарвозани Майк Менян қўриқлади, ҳимоя марказида Салиба ва Упамекано жуфтлиги ҳаракат қилди. Қанотларда Кунде ва Лука Дин ўйнади. Ҳужум чизиғида Нкунку, Товен, Олисе ва Матетага ишонилди.

39-дақиқада Исландия ҳимоячиси Виктор Палссон ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда Нкунку (63) ва Матета (68) Францияни олдинга олиб чиқишди, аммо 70-дақиқада захирадан майдонга тушган Ҳлинссон ҳисобни тенглаштирди. Ўйин 2:2 ҳисобида якунланди.

Исландия — Франция 2:2
Голлар: Палссон (39), Ҳлинссон (70) — Нкунку (63), Матета (68).

Швеция деярли мундиалсиз қолди

Англия Премьер-лигасида тўп сураётган Исак ва Гёкереш каби ҳужумчиларга эга Швеция жамоаси гуруҳдаги илк 3 турдан сўнг атига 1 очко билан охирги ўринни эгаллаб турганди. Косовога қарши ўйинда ғалаба зарур эди, аммо натижа кутилгандек бўлмади.

32-дақиқада “Хоффенхайм” ҳужумчиси Фисник Аслани ягона голни киритди ва Косово 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Швеция ҳужумда устунлик қилган бўлса-да, Арижанет Муричнинг аъло ўйини уларнинг барча уринишларини барбод этди.

Швеция — Косово 0:1
Гол: Аслани (32).

Германия ғалабали серияни давом эттирди

Дастлабки турда Словакияга ютқазган Германия кейинги уч ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Белфастда Шимолий Ирландияга қарши баҳсда “Ньюкасл” ҳужумчиси Ник Волтемаде 31-дақиқада ягона голни киритди.

Мезбонлар бир неча хавфли ҳужум уюштирган бўлсалар-да, “Боруссия Дортмунд” ҳимоячиси Нико Шлоттербекнинг ишончли ўйини Германияни навбатдаги ғалабага етаклади.

Шимолий Ирландия — Германия 0:1
Гол: Волтемаде (31).

Бельгия мағлубиятсиз сериясини узайтирди

“J” гуруҳидаги баҳсда Бельгия Кардифда Уэлс билан куч синашди. Голларга бой беллашув 2:4 ҳисобида меҳмонлар фойдасига якунланди.

Жо Родон 8-дақиқада ҳисобни очди, аммо Де Брюйне (18, пеналти) ва Менье (24) ҳисобни буриб ташлашди. Иккинчи бўлимда яна Де Брюйне (76, пеналти) пеналтидан аниқ зарба йўллади. Уэлс сафида Бродҳед (89) ҳисобни қисқартирди, аммо бир дақиқадан сўнг Троссар (90) сўнгги нуқтани қўйди.

Уэлс — Бельгия 2:4
Голлар: Родон (8), Бродҳед (89) — Де Брюйне (18 пен., 76 пен.), Менье (24), Троссар (90).

Қозоғистон сафарда очко билан қайтди

“J” гуруҳидаги яна бир учрашувда Қозоғистон терма жамоаси Шимолий Македония меҳмони бўлди. Фаворит мезбонлар бўлса-да, баҳс дуранг билан якунланди.

54-дақиқада Қозоғистон сафида Динмухаммед Караман ҳисобни очди, 74-дақиқада эса Энис Барди ҳисобни тенглаштирди.

Шимолий Македония — Қозоғистон 1:1
Голлар: Барди (74) — Караман (54).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер