Зарафшон — саҳро бағридаги мўъжиза

15:08 29 Сентябр 2025 Жамият
566 0

Зарафшон шаҳрига ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида асос солинган.

— Улкан цистерналарда ичимлик суви келтирилар, офтоб тиғидан қизиб кетган сувни ичардик, — дея эслайди шаҳарнинг дастлабки ғиштини қўйганлардан бири Сафар Омонжўлов. — Соясида ҳордиқ чиқаришга тик турган чўпнинг ўзи йўқ эди. Чодирларда яшадик.

Зарафшон чинданам бийдай чўлда ўзбек халқи матонатининг тимсоли. Бугун ушбу шаҳарда қарийб саксон минг киши истиқомат қилади. Унга илк бор келган киши Зарафшонни саҳро бағридаги мўъжизага тенгласа ажаб эмас. Осмонўпар иншоотлар, шарқираган фавворалар, ойнадек ярқираган иморатлар – гўё чўл ўртасида сароб моддийлашгандек.

Аслида мазкур кенгликлар миллион-миллион йил муқаддам улкан Тетис денгизи ўрни бўлганлигининг Зарафшон ўлкашунослик музейида сақланаётган ноёб экспонатлар – тош қотган чиғаноқлар, наҳанг тишлари, ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган болдир суяклари жонсиз гувоҳи. Уларни шаҳарга тамал тошини қўйган кончилар тақдим этишган.

Шаҳарнинг шимолида жойлашган тошдаги чизгилар(петроглифлар)нинг ёши эса 1,5-2 минг атрофида деб тахмин қилинади. Хуллас, бугун мўъжиза атаганимиз Зарафшоннинг ўтмиши ҳам тилсимларга бой.

Зарафшон — кончилар шаҳри. Унда Навоий кон-металлургия комбинати АЖнинг бир қатор тузилмалари жойлашган. Шунингдек, тармоққа хизмат кўрсатувчи инфратизим, ижтимоий соҳа ҳамда бошқа корхона ва ташкилотлар шаҳар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бошқачароқ айтсак, Зарафшоннинг қисқа ўтмиши кончиликка бевосита боғланиб қолган эди.

2019 йили давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи доирасида Зарафшон шаҳрида амалга ошириладиган бир қатор инвестиция лойиҳалари билан танишиб, ҳудудда ишлаб чиқаришнинг ноанъанавий йўналишларини йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш вазифаларини белгилаган эди.

Шу асосда Зарафшонда қурилиш материаллари, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари ишга туширилиб, шаҳар мамлакатимизда биринчи бўлиб ишсизликдан холи ҳудуд мақомига эга бўлди. Таълим соҳасида мамлакатимизда етакчиликни барқарор сақлаб, шаҳарда юрак ва буйрак хасталиклари билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик операцияларининг ўзлаштирилиши қизилқумликларнинг шифо истаб марказга бориш эҳтиёжларига барҳам берди.

Шаҳар ўзининг қутлуғ олтмиш йиллигини шу каби ютуқлар билан тантана қилиб, айни шукуҳли кунларда “Янги стелла”, “Нуронийлар маскани”, кўп тармоқли марказий поликлиниканинг янги биноси, тез тиббий ёрдам станцияси, ТАТУнинг Зарафшон факультети биноси фойдаланишга топширилди.

Тантаналар шаҳардаги ўйингоҳда гала-концерт дастури билан тунни тонгга улади.

Темур ЭШБОЕВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер