Замонавий тиббиёт, кўплаб янги иш ўринлари ҳамда барқарор даромад – Янги Андижоннинг муҳим манзилларидан фоторепортаж

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Хабарингиз бор, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ижодий жамоаси Андижон вилоятида хизмат сафарида эди. Мазкур сафаримизнинг сўнгги кунида Андижон шаҳри ҳудудида жойлашган 8-сонли поликлиника ҳамда яқиндагина иш фаолиятини бошлаган «WBM Fabrics» корхонаси фаолияти билан танишдик.


Ҳар иккала маскан бугунги кунда ўз йўналишида катта ижтимоий ва иқтисодий аҳамият касб этаётгани билан ажралиб туради.

Дастлабки манзилимиз Андижон шаҳри ҳудудида жойлашган 8-сонли поликлиника бўлди. Ушбу тиббий муассаса ходимлари бизни хушмуомалалик билан кутиб олишди. Поликлиника ўзининг замонавий кўриниши ва энг сўнгги технологик жиҳозлар билан таъминлангани билан ажралиб туради. Жумладан, поликлиника шифокорлари қабулига кириш электрон навбат кўринишида амалга оширилади. Бу эса инсонларнинг вақтини тежайди ҳамда турли тушунмовчиликларнинг олди олинади.


Бундан ташқари, поликлиникада ҳафтада икки марта ёш болаларни қизамиқ касаллигига қарши эмлаш жараёни ҳам олиб борилмоқда. Ота-оналар мавсумий касалликларнинг ёш болаларга таъсири ҳамда уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида шифокорлардан маслаҳатлар олишмоқда.




Бир сўз билан айтганда, 8-сонли поликлиникада аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизматлар, замонавий диагностика усуллари, ходимларнинг масъулиятли меҳнати бизда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, ижодий гуруҳимиз билан биргаликда «WBM Romitex» кластерининг Андижон шаҳрида қурилган янги корхонаси фаолияти билан танишдик.


Жорий йилнинг апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев мазкур корхонага ташриф буюриб, иш жараёнини кўздан кечирган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари корхона мутахассислари билан мулоқот қилиб, ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш, энергия тежамкорлик орқали таннархни камайтириш, ишчиларнинг касбий малакасини ошириш масалалари тўғрисида сўз юритган.



«WBM Fabrics» номли ушбу корхона қайта ишлаш занжирининг навбатдаги босқичи ҳисобланиб, умумий қиймати 50 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси доирасида замонавий саноат иншооти қурилиб, Италия ва Германиядан юқори технологик ускуналар келтириб ўрнатилган.

Матони бўяш ва гул солиш йўлга қўйилган. Корхона йилига 24 минг тонна шундай харидоргир маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳа доирасида 600 та доимий иш ўрни яратилган.

Яна бир эътиборли жиҳати, мажмуада Италиядан келтирилган замонавий сув тозалаш иншооти барпо этилган. Унда бўёқ цехидан чиққан техник сув тозаланиб, қайта фойдаланишга йўналтирилади. Бу тежамкорлик ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.







Юнус БЎРИЕВ, Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг