Замонавий шароитларга эга янги бино она ва бола саломатлигига хизмат қилади

12:41 19 Декабрь 2025 Жамият
191 0

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Унинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ушбу муассасанинг аҳоли саломатлигини асрашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.

Қайд этилганидек, 2023-йилда Президент қарори билан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил қилинган эди.

Самарқандда она ва бола скрининги, репродуктив саломатлик ва ёрдамчи репродуктив технологиялар бўлими иш бошлади. Ушбу бўлимларнинг фаолияти учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида инвестиция дастури асосида 12,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, тўрт қаватли бино қурилди.

- Ушбу бинода оналар саломатлиги, соғлом фарзанд кўриши учун халқаро стандартларни ўзида мужассам этган замонавий шароитлар яратилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали раҳбари Лола Ҳамроева. — 250 қатновга мўлжалланган аёллар консултатив маслаҳатхонаси, она ва бола скрининги, перинатал скрининг, репродуктив саломатлик, бўлажак оналар мактаби каби бўлимларда фақат аёллар эмас, қизларни ҳам ўз вақтида текширувдан ўтказиш, уларда мавжуд хасталикларни даволаш имконияти мавжуд.

Шунингдек, она ва бола скрининги бўлимида биокимёвий перинатал скрининг натижасида юқори хавф гуруҳи аниқланган ҳомиладорларда хромасом аномалиялар (Даун, Эдверс, Патау тёрнер синдромлари) мавжудлигини аниқлаш учун амниосинтез амалиёти ўтказиш йўлга қўйилди. Айтиш керакки, бу амалиёт вилоятда илк бор ўтказилиб, шу пайтгача аниқланмаган кўплаб ногиронликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Филиалда туркиялик тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ЭКО марказ ҳам ташкил этилиб, узоқ йиллардан бери фарзанд кўролмаётган оилалар учун имконият яратилди. Эътиборли томони, ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қирқ нафарига ушбу амалиётни бепул ўтказиш режалаштирилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер