Замонавий маърифат: янги нигоҳ, креатив ёндашув

17:05 02 Март 2026 Жамият
339 0

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида ташкил этилган “Замонавий маърифат: янги нигоҳ, креатив ёндашув” мавзусидаги республика ўқув семинари маънавий-маърифий соҳада фаолият юритаётган зиёлилар учун муҳим мулоқот ҳамда тажриба алмашиш майдонига айланди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигидаги мазкур лойиҳада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан саралаб олинган 110 нафар олим, эксперт ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Семинарнинг биринчи куни стратегик таҳлил, рақамли трансформация, коммуникатив компетенсия, ижтимоий психология ва лойиҳавий бошқарув каби долзарб йўналишларга бағишланди. Мутахассислар замонавий тарғиботчининг билим, дунёқараш ва масъулияти ҳақида атрофлича фикр алмашдилар.

— Биз уч минг йиллик тарихимиз давомида нимага эришган бўлсак, зиёлиларимизнинг бирлашгани туфайли эришганмиз, нимага эриша олмаган бўлсак, уларнинг тарқоқлиги сабабли бўлган, — дейди “Маърифат” тарғиботчилар жамияти экспертлар кенгаши раиси, тарих фанлари доктори, профессор Абдуҳалил Маврулов. — Миллатнинг гуллари зиёлилар бўлса, зиёлиларнинг гуллари, маърифат тарғиботчиларидир. Чунки тарғиботчи билимни халқ онгига етказади, ғояни ҳаракатга айлантиради. Замонавий тарғиботчи замон нафасини ҳис қиладиган, ислоҳотларга четдан кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи бўлиши керак. У одамларни ортидан эргаштира олиши, бугунги кун ислоҳотларини, аввало, ўзи чуқур англаб, бошқаларга етказа билиши лозим. Тарғиботчи қуёшдир, у тингловчини иситиши, уларга нур ва зиё бериши керак.

Шунингдек, жамият раиси Бахтиёр Хусанов ўз чиқишида илм ва тафаккур устуворлигини алоҳида таъкидлади.

— Билимни трендга чиқаришимиз керак, — дейди у. — Чунки жамиятнинг ҳақиқий тараққиёти бойлик ёки шов-шув билан эмас, айнан илм ва тафаккур билан белгиланади. Инсонларни юзаки маълумот билан эмас, балки чуқур ва асосли билим билан таништириш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Ҳақиқий илм одамни эркин фикрлашга, воқеаларга танқидий ёндашишга ва мустақил хулоса чиқаришга ўргатади. Зиёли бўлиш, бу унвон эмас, бу масъулиятдир.

Семинарнинг иккинчи куни медиасаводхонлик ва замонавий ахборот маконидаги масъулият масалаларига бағишланди. Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, филология фанлари доктори Беруний Алимов зиёлилар учун махсус маҳорат дарсини ўтди.

— Медиасаводхонлик бугунги кунда шунчаки кўникма эмас, балки замон талабидир, — дейди Б. Алимов — Ахборот оқими ҳаддан ташқари кучайган даврда инсон ҳар бир хабарни таҳлил қила олиши, сохта ва ишончли манбани фарқлаши, рақамли технологиялардан онгли фойдаланиши зарур. Айниқса, сунъий интеллект имкониятлари кенгайиб бораётган бир пайтда ундан фойдаланишни билмаган киши ўз ўрнини мослашган ва билимли инсонга бўшатиб бериши мумкин. Чунки масала сунъий интеллектнинг ўзида эмас, балки уни бошқара оладиган тафаккурда.

Тадбирда, шунингдек, сунъий интеллектнинг афзалликларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, мутахассисларнинг фикрича, сунъий интеллект рақиб эмас, ёрдамчи. У вақтни тежайди, таҳлилни тезлаштиради, ижодий жараённи қўллаб-қувватлайди, мураккаб ҳисоб-китобларни сониялар ичида бажаради. Аммо у мустақил фикр, ахлоқий масъулият ва инсоний сезгининг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун унинг имкониятлари, ишлаш тамойиллари, афзаллик ва чекловларини чуқур ўрганиш муҳим. Бугундан тайёр бўлиш, ўрганиш ва мослашиш — келажакни бой бермасликнинг энг тўғри йўлидир.

Икки кун давомида иштирокчилар Янги Ўзбекистон ғояларини тарғиб қилиш, глобал геосиёсий жараёнларни таҳлил этиш, омма олдида нутқ сўзлашнинг психологик жиҳатлари, вақтни бошқариш ва стрессга чидамлилик бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлади. Замонавий медиамаконда ОАВ ва жамоатчилик билан конструктив мулоқот ўрнатиш усуллари ҳам ўргатилди.

Шунингдек, семинар доирасида маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга “Фонус” ва “Чегара” қисқа метражли филмлари намойиш этилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилган мазкур лойиҳа якунида фаол иштирокчиларга “Маърифат” тарғиботчилар жамиятига аъзолик гувоҳномалари ҳамда махсус сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Мазкур икки кунлик семинар замонавий маърифат тарғиботчиларининг билим ва салоҳиятини ошириш, уларни замон билан ҳамнафас фикрлайдиган, масъулиятли ва фаол зиёлилар сифатида шакллантиришга хизмат қилди. Зеро, илм қадрланган жамиятда тараққиёт, адолат ва маънавий юксалиш барқарор бўлади.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?