Зафарободда янги маданият ва маърифат масканлари фойдаланишга топширилди
Навоий вилоятининг Зафаробод шаҳарчаси «Навоийуран» давлат корхонасининг шаҳарсозлик марказларидан бири ҳисобланади. Шу боис аҳоли фаровонлигини юксалтириш, инфратузилмани мукаммал даражада шакллантириш масаласи корхона доимий эътиборида.
Корхона томонидан амалга оширилаётган ижтимоий аҳамиятга эга инвестиция лойиҳалари унинг асосий қадриятлари — ижтимоий масъулият ва халқ билан ҳамнафаслик тамойилларининг ёрқин ифодасидир. Шаҳарча марказида фойдаланишга топширилган Амфитеатр ва Кутубхона бинолари ҳам ана шундай хайрли ишлар қаторига кириб, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик тантаналари нишонланаётган айёмларда маҳалла аҳолиси учун муносиб байрам туҳфасига айланди.

Тантанали очилиш маросимида бу каби маданият ва маърифат ўчоқлари ёшлар тарбияси, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни ривожлантиришда беқиёс аҳамият касб этиши таъкидланди. Шунингдек, бундай эзгу ташаббусларнинг мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатида муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
— Корхонамиз томонидан ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 6 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилди, — дейди «Навоийуран» давлат корхонасининг инвестициялар бўйича бошқарувчи директори Худоёр Мелиев. — Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жорий йилги манзилли дастур доирасида корхонамиз Зафаробод шаҳарчасида яна тўртта ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани амалга оширмоқда. Фақат шу йилнинг ўзида 27 та объектда қарийб 95 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 269 фоиз ўсишни ташкил этади. Натижалар корхонамизнинг иқтисодий салоҳияти билан бирга, унинг жамият олдидаги масъулияти юқори эканини ҳам яққол ифода этади.

Тантанада иштирокчилар янги кутубхонада яратилган шароитлар, замонавий интерьер ва бой китоб фонди билан яқиндан танишдилар. Дастлабки босқичда муассасага ўзбек ва жаҳон адабиётининг 1000 дан ортиқ сара асарлари тақдим этилди. Келгусида кутубхона фонди босқичма-босқич кенгайтирилиб, электрон китоблар базаси ҳам бойитилади. Шу билан бирга, кутубхона ҳузуридаги ўқув марказида малакали ўқитувчилар томонидан чет тиллари, математика ва бошқа йўналишлар бўйича ўқув курслари йўлга қўйилган.
Тадбир якунида янги амфитеатр саҳнасида шаҳарча «Ёшлик» маданият уйи бадиий жамоасининг ранг-баранг концерт дастури намойиш этилди ва томошабинларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг