Юз билан юзлашган мактабда уч адиб хотирасига бағишланган музей очилди

Шофиркон туманидаги 4-умумий таълим мактаби бундан юз йил муқаддам ўз фаолиятини бошлаган эди. Ўшанда икки-уч синфхонадан иборат бўлган гўша бугунги кунда кўрса ҳавас қилгулик замонавий таълим масканига айланган. Бу даргоҳдан юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатган кўплаб элпарвар инсонлар етишиб чиққан. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, публицист, таржимон Тошпўлат Аҳмад, ёзувчи Аҳад Ҳасан, истеъдодли адиб ва олим Илҳом Ҳасанов ана шундай юртдошларимиздан эди.
— Ўзининг ибратли ҳаёти, серқирра фаолияти билан ёш авлодга намуна бўлган инсонларнинг номи унутилмайди, — дейди мактаб директори Дилшод Нарзуллаев. — Юқорида номлари тилга олинган ҳар учала ижодкор ўз вақтида билим даргоҳимизда ўқиган. Уларнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти, элпарварлиги ёш авлод учун намунадир. Шуларни инобатга олган ҳолда мактабимизда бу ижодкорларга бағишланган махсус музей ташкил этдик.
Ўзига хос маърифат ва маънавият ўчоғи вазифасини ўтайдиган музейдан “Табассум боғи”, “Гавҳари жоним”, “Қутлуғ остона”, “Имон қалъаси” каби ўнлаб китоблар муаллифи бўлган Тошпўлат Аҳмад, “Қизилқум қизи”, “Кўҳна Бухоро қиссалари” каби китоблар муаллифи Аҳад Ҳасан, “Бири кам дунё”, “Таҳлика” асарлари автори Илҳом Ҳасанов ҳаёти ва ижодига оид кўплаб қизиқарли маълумотлар, суратлар, китоблар ўрин олган.
Юртимизда истиқлол байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда мазкур мактаб ташкил топганининг 100 йиллиги нишонланиб, адиблар хотирасига бағишланган музейнинг очилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда педагоглар, ёшлар, марҳум адибларнинг яқинлари, олим ва ижодкорлар иштирок этишди.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг