ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси арафасида брифинг ўтказилди
Бугун Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини бошлайди. Ушбу нуфузли халқаро анжуман арафасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан брифингда қайд этилганидек, бу тарихий воқеа сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждаги бош қароргоҳдан ташқарида ва биринчи марта Марказий Осиёда ўтказилаётганлиги ҳамда ЮНЕСКО ташкил этилганининг 80 йиллигига тўғри келаётганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Бундай йирик анжуманнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрўси ортиб бораётганидан ва Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган мисли кўрилмаган ислоҳотлар жаҳон миқёсида кенг эътироф этилаётганлигидан далолат беради.
Тадбирга мезбон мамлакат сифатида Ўзбекистоннинг танланиши албатта тасодифий эмас. Бу Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ва фаол ташқи сиёсат ҳамда туб ислоҳотларнинг натижасидир. Чунки, айнан 2016 йилдан кейин ЮНЕСКО билан муносабатлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга чиқди.
Сессия нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам тарихий аҳамиятга эга. Самарқанддаги йиғилиш орқали илк бор минтақа давлатларининг биргаликдаги салоҳияти намойиш этилади. Бу эса минтақа мамлакатларининг бирдамлиги ва ўзлигини мустаҳкамлайди.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси минтақа тарихидаги энг йирик халқаро форумлардан бири бўлади. Унда 190 та аъзо давлат ва халқаро ташкилотлардан 2 минг 800 дан ортиқ вакил, шу жумладан, 70 га яқин юқори даражали шахслар иштирок этади.
Тантанали очилиш маросимида фахрий меҳмонлар сифатида ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини ҳам қатнашади.
Сессия 13 ноябрга қадар давом этади ва ЮНЕСКОнинг истиқболдаги асосий сиёсати ва фаолият йўналишларини белгилаб беради.
Самарқанд сессияси доирасида 150 дан ортиқ турли тадбирлар, шу жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан 20 дан зиёд қўшимча тадбирлар ташкил этилади. “Музейларда сунъий интеллектнинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференция, “Гендер тенглигини кўп томонлама ҳамкорлик орқали ривожлантириш” форуми, “Иқлим ўзгариши” мавзусидаги ёшлар форуми шулар жумласидандир.
Мирзо Улуғбекнинг илмий меросига бағишланган кўргазма ҳамда Самарқанднинг уч минг йиллик тарихига оид махсус тадбир шаҳарнинг жаҳон цивилизациялари чорраҳасидаги ўрнини яна бир бор тасдиқлаб беради.
43-сессиянинг тантанали очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлайди. Давлатимиз раҳбарининг нутқида бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида Президентимиз Словакия Президенти Петер Пеллегрини ва ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Одри Азуле билан мулоқотда ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилади. Петер Пеллегрини билан эса Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси дунё ва мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жами 500 дан зиёд журналист томонидан ёритиб борилади. Самарқандда уларнинг самарали фаолияти учун барча шароитлар яратилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг