Ёвни қўрқувга солган қаҳрамон
Тарих саҳифаларида Маҳмуд Торобий қўзғолони номи билан битилган озодлик ҳаракатининг моҳияти ниҳоятда теран. Унинг замирида халқни мўғул босқинчилари ва оёғи ердан узилган маҳаллий амалдорлар зулмидан халос этишдек улуғ мақсад мужассам.
Ўзбекистон Тарихчилар жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, Бухоро давлат университети доценти Азалшоҳ Ҳамроев мухбиримизга халқ қаҳрамони ҳақида сўзлаб бераётиб ана шуни алоҳида таъкидлади.
Маҳмуд Бухоронинг Тороб қишлоғида оддий косиб хонадонида туғилган. У табиатан зийрак ва ҳушёр эди. Бефарқлик, лоқайдлик Маҳмудга буткул ёт саналарди. Адолатсизликни кўрганда ўзини қўярга жой тополмасди. Маҳмуднинг қалбига истилочиларга нисбатан нафрат туйғуси ёшлигидан сингиб борган. Уларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган зўравонликлари, маҳаллий амалдорларнинг қилмишлари, руҳонийларнинг томошабинлиги, бетарафлиги унинг сабр косасини тўлдирди. Пичоқ бориб суякка қадалди. Иймону инсоф нури билан йўғрилган қалб ларзага келди. Охир-оқибат ўзи сингари кичик ҳунармандлар, оддий одамларнинг дардларини тинглаб, атрофига тарафдорлар тўплашга киришди. Жафокаш юракларда исён учқунлари чақнай бошлади.
1238 йилда бу учқун алангага айланди. Халқ мўғул босқинчилари, уларнинг тарафдорларига қарши қўзғолонга отланди. Табаррук она юртнинг дахлсизлиги, Ватан озодлиги, халқнинг осуда ва фаровон яшаши учун кўтарилган бу қўзғолоннинг ташкилотчиси ва раҳнамоси Маҳмуд Торобий эди. Мўғулларнинг тажрибали лашкарлари ҳам бу халқ қўшини ҳамласига дош бера олмай, Бухорони тарк этишга мажбур бўлди. Қўзғолон ёвни чинакамига қўрқувга солди. Маҳмуд Торобий эзилган, хўрланган деҳқон ва ҳунармандларнинг умиди, ҳимоячиси, доно бошқарувчи сифатида тарихга кирди. У номи афсоналар билан қуршалган Муқаннадан ва султон Хоразмшоҳнинг ўғли шаҳзода Жалолиддин Мангубердидан фарқли равишда, том маънода оддий халқ орасидан отилиб чиққан миллий қаҳрамон эди.
Маҳмуд Торобий шахси, унинг миллат олдидаги буюк хизмати, жонфидолигини манбалар турлича талқин қилади. Хуросонлик тарихшунос ва давлат арбоби Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонкушо” яъни "Жаҳон фотиҳи тарихи" асари шундай манбалар сирасига киради. Асар Хоразмшоҳлар давлати, ушбу салтанатнинг Чингизхон томонидан босиб олиниши, мўғулларнинг 1250 йилларгача бўлган ҳукмронлиги тарихи батафсил ёритилган ишончли манбалардан саналади. 1252-1260 йилларда форс тилида ёзилган "Жаҳон фотиҳи тарихи"да бошқа манбаларда учрамайдиган қимматли маълумот ва тафсилотлар кўп.
Шундай маълумотлардан бири Чингизхоннинг учинчи ўғли ва вориси Ўқтой Қоон (1229-1241) ҳукмронлиги даврида юз берган Торобий қўзғолонига бағишланган алоҳида бобдир. Барча ўрта аср тарихчиларининг ушбу қўзғолон ҳақидаги ҳикоялари Жувайний маълумотларига асосланган. Шу ўринда асар муаллифининг шахсияти ҳақида тўхталиш лозим деб ҳисоблаймиз. Алоуддин Атомалик 1226 йилда ҳозирги Эроннинг Жувайн вилоятида давлат хизматчиси оиласида таваллуд топган. Унинг ота-боболари аббосийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар давлатларида юқори лавозимларда хизмат қилишган. Алоуддин Жувайнийнинг ўзи эса ёшлигиданоқ мўғуллар хизматига кириб, 1283 йилгача, аниқроғи, вафотига қадар турли лавозимларда ишлаган. Жумладан, қарийб йигирма йил мобайнида Бағдод ҳокими вазифасида фаолият юритган.
Бинобарин, Чингизхон ва унинг авлодлари ҳукмронлиги даври тарихшунослиги ҳақида сўз борганда, Жувайний мўғул истилочиларига хайрихоҳ, “мўғулпараст” муаллифлар қаторида санаб ўтилади. Машҳур шарқшунос Де Оссон уни ҳатто «ихтиёрий равишда» босқинчилар маддоҳига айланган тарихчи, дея таърифлаган. Шу мавзуда қалам тебратган академик А.Якубовскийнинг “1238 йилдаги Торобий қўзғолони” асари ҳам салмоқли манбалардан биридир. У СССР Фанлар Академиясининг 1935 йил 20 мартдаги сессиясида қилган маърузасини мазкур асар асосида тайёрлаган. Маърузада Алоуддин Атомалик Жувайний қаламига мансуб "Жаҳон фотиҳи тарихи" асарига муносабат билдирилган. Шарқшунос олим Маҳмуд Торобий шахси ва унинг Ватан озодлиги йўлидаги сайъи-ҳаракатларига ҳаққоний баҳо берган. Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг “мўғулпараст” муаллиф сифатида ёзиб қолдирган туҳмат ва бўҳтонлардан иборат уйдирмаларини ошкора қоралаган.
Гап шундаки, Жувайний илк сатрларданоқ Маҳмуд Торобийга нисбатан нодўстона муносабатини яширмайди. Уни иккиюзламачи, ёлғончи сифатида тасвирлайди. Жувайний асарини таҳлил қилар экан, А.Якубовский: “...ҳаракатнинг ўзи ва унинг раҳбарлари ҳақида мутлақо бузуқ тасаввур ҳосил қилиш ҳукмрон табақа вакиллари қўлида бўлган барча феодал тарихшуносликка хос хислатдир” – деб таъкидлайди.
А.Якубовскийнинг ушбу рисоласи Ўзбекистон тарихининг миллий озодлик кураши ва халқ қаҳрамонларига нисбатан адолатни тиклашда қимматли манба бўлиб ҳисобланади. Зеро, Ўрта Осиё тарихи манбашунослиги ва тарихшунослигида “Тарихи жаҳонкушо” ("Жаҳон фотиҳи тарихи") асарининг “Маҳмуд Торобий қўзғолони” боби ҳали ўзининг ҳақиқий баҳосини топмаган.
Дарвоқе, А.Якубовскийнинг “1238-йилдаги Торобий қўзғолони” рисоласи илк маротаба ўзбек тилига таржима қилинди. Асл манбанинг таҳлили ҳам амалга оширилди. Бундан кўзланган мақсад эса тарих фани мутахассислари ва кенг жамоатчиликка Маҳмуд Торобийнинг миллий озодлик кураши йўлидаги хизматларини асл манба билан ўрганишга кўмаклашишдан иборат. Зеро, халқимиз ўзининг мард ва жасур, фидойи фарзандларини асло унутмайди. Жондор туманида Маҳмуд Торобийнинг ҳайкали қад ростлаб тургани, юртимиздаги қатор кўча ва маҳаллалар унинг номи билан аталгани, ёзувчи ва шоирлар халқ қаҳрамонига атаб бадиий асарлар ёзишаётгани фикримиз далилидир.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг