«Ёшлар овози» танлови — ёш иқтидорлар учун муҳим йўлланма

Истеъдод, ҳайрат ва олқишлар… 3 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ёшлар овози» танлови ушбу сўзларни ўзида мужассам этган. У шунчаки танлов эмас, дўстлик, санъат ва имкониятлар байрами, десак адашмаймиз.
«Бўзатов иқтидорларни кашф этади!» Бу сўзлар бугун ёшларнинг шиорига айланиб улгурди. Мамлакатимизнинг марказларидан тортиб чекка ҳудудларида яшаётган, ўзининг ноёб истеъдодини кўрсатишга ҳозир турган ёшлар учун бу мусобақа чин маънодаги минбарга айланган.
Ушбу танлов давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 октябрдаги қорақалпоқ ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувдаги топшириғи асосида йўлга қўйилган бўлиб, маданият ва санъат соҳасида ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб беришни мақсад қилган. Қайд этиш жоизки, ўйланган мақсадлар, қилинган ниятлар кўп куттирмай самара берди, ёшлар секин-аста катта марраларни забт эта бошлашди.
Танлов илк бор 2021 йил 2 ёш тоифаси — 5-15 ва 16-30 ёшлилар ўртасида анъанавий ижро ва бахшичилик, опера, эстрада йўналиши бўйича 3 та босқич — туман-ҳудуд-республикада ўтказилди. Ўша йили унда уч мингдан ортиқ ёшлар иштирок этиб, 88 нафари республика босқичида ўзаро беллашди. Танлов ғолиби бўлган 18 нафар ёшдан бугунги кунга қадар 1 нафари «Шуҳрат», 3 нафари «Келажак бунёдкори» медали, 2 нафари «Ниҳол» мукофоти билан тақдирланди.
2022 йилги танловда 1 ўринни қўлга киритган 12 нафар иқтидорли ёшлар эса 2023 йилнинг 17-28 май кунлари Италия давлатида малака ошириб, «Ўзбекистон маданияти» ҳафталигида концерт дастурлари билан иштирок этди. Шунингдек, «Анъанавий ижро» йўналишида ғолиб бўлган Шербек Шавкатов 2023 йил 10-18 ноябрь кунлари Россия федерациясининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган халқаро «Наше поколения» танловига, «Эстрада» йўнилишида ғолиб бўлган Фирдавс Авезов эса «Голос дети» танловларига имтиёзли тарзда юборилди. Бир сўз билан айтганда, ёшларимиз хорижда ҳам ўзбек санъатини намойиш қилишди.
Хўш, ёшлар танловда истеъдодини кўрсатишди, ғолиб бўлишди, соврину мукофотлар олишди, кейинчи?
Асосийси кейинчалик ҳам улар эътибордан четда қолгани йўқ, ҳамиша ўз устида ишлашлари ва янги натижаларни қўлга киритишлари учун замин яратилди. Яъни, танлов ғолибларининг истеъдодини доимий равишда намойиш қилиб бориш, ижод қилиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида «Ёшлар овози» продюсерлик маркази ташкил этилди. Уларнинг маҳорати айни пайтда ҳам ривожлантириб борилмоқда.
— Ўзбекистон — ёшлар, ёш истеъдодлар ўлкаси, уларнинг ёниқ кўзларига боқиб юртимиз эртаси нурафшонлигини бемалол кўриш мумкин, — деди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. — Уларни озгина бўлсада илҳомлантиролган, янги марралар сари ундай олган бўлсак, демак мақсадимиз сари яна бир қадам яқинлашибмиз. «Ёшлар овози» кўплаб иқтидор эгаларини кашф қилди ва бу хайрли иш ҳали кўп йиллар давом этажак.
Қайд этиш жоизки, танловнинг бу йилги босқичи ҳам ўзига хос шукуҳда ўтди. Республика босқичига йўлланма олган истеъдод эгалари Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида жам бўлди.
Жорий йил «Ёшлар овози» танлови маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган янги тизим асосида ташкил этилди, яъни ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари натижасида 248,3 минг нафар ёшлар танловда қатнашди. Кўриниб турибдики, бу йил иштирокчилар сони олдинги йилларга нисбатан анча ошган.
Бахшичилик, анъанавий ижро, опера, эстрада йўналишлари бўйича 3 ёш тоифаси — 10-15, 16-22, 23-30 ёшлилар ўртасида 5 та босқич — маҳалла-сектор-туман-ҳудуд-республикада босқичида ташкил этилди.
Танловнинг 152 нафар ёш ўзаро беллашаётган якуний босқичини Ўзбекистон Қаҳрамони Муножат Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артистлари Исмоил Жалилов ва Maнсур Тошматов, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Ширин Маматова, профессор Ботир Матёқубов каби ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боришди.
Умумий мукофот жамғармаси 2 млрд 520 млн сўм бўлган танловнинг республика босқичида 4 та йўналишда 12 нафардан ёш мукофотланди. 1 ўринни эгаллаганлар 50 млн сўмдан, 2 ўринни эгаллаганлар 30 млн сўмдан, 3 ўринни эгаллаганлар эса 20 млн сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, охирги босқичгача етиб келган 132 нафар иштирокчи ҳам 10 млн сўмдан пулга эга бўлишди.
— Ушбу танлов ҳаётим китобида янги саҳифалар очди ва уни унутилмас лаҳзалар, ютуқлар, дўстлар билан безади, — деди опера йўналишининг 16-22 ёш тоифасидаги ғолиби Азизбек Усмонов. — Қорақалпоқ сари йўл олар эканмиз, бир он бўлсада хаёлимдан «мен аниқ ғолиб бўлишим керак» деган ўй кечмади. Асосий мақсадим ўз иқтидоримни кўрсатиш, бошқа вилоятлардаги опера соҳасини танлаган дўстларим билан танишиш эди. Бугун шу ниятлар амалга ошди, бунинг учун ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдираман.
Танловнинг республика босқичи якунида таниқли санъаткорлар ва танлов ғолиблари иштирокида гала-концерт ташкил этилди. Унда 15 мингдан ортиқ Бўзатов аҳолиси иштирок этди, ҳақиқий санъат байрамига гувоҳ бўлди, десак муболаға эмас.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг