«Ливерпул» АПЛдаги дастлабки мағлубиятини қабул қилди, «Манчестер Юнайтед» ғалаба қозонди

13:02 05 Октябр 2025 Спорт
167 0

4 октябрь куни Англия Премьер-лигаси 7-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Турда бир қатор қизиқарли натижалар қайд этилди.

«Ливерпул»дан дастлабки мағлубият

Арне Слот бошчилигидаги «Ливерпул» сўнгги кунларда омаддан узоқлашмоқда. УЕФА Чемпионлар лигасида кутилмаганда Туркиянинг «Галатасарай» жамоасига мағлуб бўлган мерсисайдликлар бу гал Премьер-лига доирасида ҳам очко йўқотди.

Ушбу баҳсда «Ливерпул» таркибида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Жароҳат олган Алиссон Беккер ўйинда иштирок этмади ва унинг ўрнига ёзда жамоага қўшилган Георги Мамардашвили майдонга тушди. Шунингдек, Истанбулда асосий таркибда ўйнаган Кёртис Жонс, Флориан Виртц, Жереми Фримпонг ва Ҳуго Экитике бу гал захирада қолдирилди. Уларнинг ўрнини Мак Аллистер, Конор Брэдли, Муҳаммад Салоҳ ва Александр Исак эгаллади.

«Челси»да ҳам айрим ўзгаришлар бўлди. Тайрик Жорж, Трево Чалоба ва Факундо Буонанотте захирага олинди, улар ўрнига Рис Жеймс, Жош Ачемпонг ва Жоау Педро асосий таркибда майдонга тушди.

Учрашув ҳисобини 14-дақиқада Мало Густо узатмасидан сўнг Мойсис Кайседо очди. Биринчи бўлим шу ҳисобда якунланди.

63-дақиқада Коди Гакпо ҳисобни тенглаштирди, аммо ҳакам қўшиб берган дақиқаларда захирадан тушган 18 ёшли Эстевaо Виллиан Кукурелланинг аъло даражадаги узатмасидан кейин ғалаба голини урди.

Учрашувдан сўнг Sofascore Марк Кукуреллани «ўйин қаҳрамони» деб топди ва унинг ҳаракатларини 8,2 баллга баҳолади.

«Челси» — «Ливерпул» 2:1
Голлар: Кайседо (14), Эстевaо (90+5) — Гакпо (63).

«Тоттенҳэм»дан қийин ғалаба

«Тоттенҳэм» мағлубиятсиз сериясини 7 та ўйинга етказди. Лидсда бўлиб ўтган баҳсда жамоа мезбонларни мағлуб этди.

Ҳисобни 23-дақиқада француз ҳужумчиси Матис Тел очди. 34-дақиқада «Лидс» сафида Ноа Окафор жавоб голини киритди.

57-дақиқада «Тоттенҳэм»нинг ёзда 64 миллион еврога олинган янги футболчиси Муҳаммад Қудус ўзининг дебют голини киритди ва жамоасига ғалаба келтирди.

Sofascore ушбу баҳсда Муҳаммад Қудусни «ўйин қаҳрамони» деб баҳолади ва 8 балл берди.

«Лидс» — «Тоттенҳэм» 1:2
Голлар: Окафор (34) — Тел (23), Қудус (57).

«Манчестер Юнайтед» танқиддан сўнг ғалаба қозонди

Ўтган турда «Брентфорд»га мағлуб бўлган «қизил иблислар» ва уларнинг бош мураббийи Рубен Аморим Англия ОАВлари томонидан кескин танқид қилинган эди.

Бу сафар жамоа вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, «Сандерлэнд» устидан ишончли ғалаба қозонди.

8-дақиқада Мэйсон Маунт ҳисобни очди, 31-дақиқада Бенжамин Шешко иккинчи голни киритди. Учрашув 2:0 ҳисоби билан якунланди.

Натижада «Манчестер Юнайтед» 10 очко билан 8-поғонага кўтарилди, «Сандерлэнд» эса 11 очко билан 6-ўринда қолди.

«Манчестер Юнайтед» — «Сандерлэнд» 2:0
Голлар: Маунт (8), Шешко (31).

«Арсенал» пешқадамликни қўлга олди

«Ливерпул»нинг мағлубиятидан унумли фойдаланган Микел Артета бошчилигидаги «Арсенал» АПЛда пешқадамликни ўз қўлига олди.

38-дақиқада Деклан Райс ҳисобни очди. 65-дақиқада «Вест Ҳэм» ҳимоячиси ўз жарима майдонида Журриен Тимберга қўполлик қилди ва ҳакам пенальти белгилади. Букаё Сака 11 метрлик нуқтадан аниқ зарба йўллаб ҳисобни 2:0га етказди.

Sofascore Букаё Сакани «ўйин қаҳрамони» деб эълон қилди ва унинг ўйинини 8,5 баллга баҳолади.

«Арсенал» — «Вест Ҳэм» 2:0
Голлар: Райс (38), Сака (67 — пенальти).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?