Ёш сайёҳлар Мирзо Улуғбек расадхонасини зиёрат қилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи”. Самарқанд вилоятидаги ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътилдаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни бой тарихимиз ва маданиятимиз билан таништириш мақсадида “Ёшлар туризми ҳафталиги” лойиҳаси ўтказилмоқда. Унинг доирасида ёшларнинг музейлар ва тарихий обидаларга саёҳатларини ташкил этиш белгиланган.
Саёҳатларга вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, асосан ногиронлиги бўлган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган йигит-қизлардан иборат 850 нафар ёш таклиф этилади.
— Ҳафталикнинг илк кунида Самарқанд шаҳрида яшовчи бир гуруҳ ёшлар саёҳатга чиқди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. — Улар дастлаб Регистон майдонида бўлди. Ёшларга бу ердаги мадрасалар, уларнинг қурилиш тарихи ҳақида сўзлаб берилди. Шундан сўнг ёш сайёҳлар Мирзо Улуғбек расадхонаси ва шаҳардаги бошқа тарихий обидаларни зиёрат қилди. “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм марказида жойлашган “Боқий шаҳар” мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Ҳар 15 нафар ёшга бир нафар ўқитувчи йўлбошчилик қиляпти. Уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар бўлимлари ва тиббиёт ходимлари ҳам масъул қилиб бириктирилган.

Бугун шунингдек, 100 нафар Жомбой тумани мактабларининг фаол ўқувчилари ҳамда кам таъминланган оила фарзандлари учун ҳам Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм марказига саёҳат ташкил этилди.
Булунғурлик ўқувчилар дастлаб туманнинг Фозил Йўлдош номидаги музейи, “Шероз қалъа” каби туризм объектларида бўлди. Шунингдек, булунғурлик 50 нафар ўқувчи ёшларнинг ҳам Самарқанд шаҳридаги тарихий объектларга саёҳати ташкил этилди. Ҳафталик 10 январга қадар давом этади. Ёш саёҳатчилар учун театр ва кинотеатрларда тарихий спектакллар, бадиий фильмлар намойиш этилиши ҳам режалаштирилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг