Янги қувватлар ишга туширилди

12:54 29 Август 2025 Жамият
72 0

Хоразм вилоятида саноат ишлаб чиқариши, хизматлар кўрсатиш соҳалари жадал ривожланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми барқарор суръатда ошиб боряпти. Мустақиллик байрами арафасида “Хонқа биллур салт” корхонасининг 2-навбати, “Артон Урганч инвест” масъулияти чекланган жамияти ва бошқа бир нечта янги лойиҳалар ишга туширилди.

“Хонқа биллур салт” корхонаси томонидан амалга оширилган экстра туз олиш лойиҳасининг умумий қиймати 10 млн доллар бўлиб, йилига 60 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб ишлаб чиқариш қувватига эга. Янги цехда вакуум-буғланиш усулида соатига 5 тонна экстра туз ишлаб чиқарилади. Технологик ускуналар Туркиядан олиб келинган, яна ёшлардан 70 нафари доимий иш билан таъминланди.

— Муҳими, зарур хомашё ўзимизга яқин ҳудуддан, Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидан келтирилади, — дейди корхона раҳбари Нураддин Жуманиёзов. — Корхонанинг 1-навбати 2016 йилда ишга туширилган бўлиб, халқаро сифат сертификатига эга бўлган 10 хил турдаги туз маҳсулотларини ишлаб чиқаряпмиз. Йод билан бойитилган ош тузи ҳамма жойда доимий истеъмол қилиниши сабабли маҳсулотга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам доим талаб бор. Замонавий кўринишда, чиройли қадоқланган туз маҳсулотларини Тожикистон ва бошқа давлатларга экспорт қиляпмиз. Эндиликда янги технология жорий қилиниши билан корхонанинг экспорт имкониятлари янада ортади.

Маълумки, кейинги йилларда вилоятда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳажми бир неча баробар ошди. Шу боис арзон ва сифатли қурилиш материалларига бўлган талаб ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, “Артон Ургенч Инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан автоклав усулида газоблок ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 16 млн доллар бўлиб, қуввати йилига 200 минг метр куб газоблок ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Технологик ускуналар Хитойдан келтирилган, зарур хомашё ресурслари: кварц қум, оҳак, цемент, гисп маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинади. Йилига 3 млн долларлик маҳсулотни Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Лойиҳа ишга тушиши билан 200 нафар ёшлар учун янги иш ўрни очилди.

— Газоблок қурилиш материали сифатида пишган ғиштга қараганда бир қатор афзалликларга эга, — дейди корхона раҳбари Алишер Рахметов. — Жумладан, шовқиндан сақлаш ва иссиқлик изоляцияси ғиштга нисбатан анча яхши, газоблокдан тикланган девор шкатуркага муҳтож эмас. Муҳими, газоблокли девор пишган ғиштга нисбатан 45 фоиз арзонга тушади. Шу боис, ушбу лойиҳа, албатта, ўзини оқлаб, қурилиш материаллари бозорида муносиб ўрнини топади.

Умуман, жорий йилда Хоразм вилоятида 124 та лойиҳа бўйича 1,5 млрд доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Бу ўтган йилга нисбатан 2,3 баробар кўпдир. Натижада лак-бўёқ маҳсулотлари, маиший техникалар, тикув машиналари, қуёш панеллари каби янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ана шундай янги қувватларни ишга тушириш ҳисобига жорий йилнинг ўтган 6 ойида вилоятда экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ортди. Камбағаллик даражаси 11,9 фоиздан 6,8 фоизга камайди, ишсизлик даражаси 5,3 фоиздан 4,7 фоизга тушди. Бу йил яна 300 мингта янги иш ўрни яратиш орқали ишсиз фуқароларни, жумладан, битирувчиларни, миграцияда юрган ёшларни бандлигини таъминлаш чоралари кўриляпти. Асосийси, вилоятда йиллик 6-7 фоизлик иқтисодий ўсиш таъминланади, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 60 трлн сўмга етказилади.

Одилбек ОДАМБОЕВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер