Янги Ўзбекистоннинг янги марралари учун барчамиз масъулмиз

10:34 23 Январь 2026 Сиёсат
293 0

Мамлакатимиз учун 2025 йил барча соҳада муваффақиятли якунланди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистон 2026 йилга жуда катта режалар билан қадам қўйди. Хусусан, Президентимиз Мурожаатномасида белгиланган 6 та устувор вазифа Ватанимиз ва халқимиз фаровонлигини назарда тутгани билан юксак аҳамиятга эга.

Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини янгидан қабул қилишда депутатлар ўз таклифлари билан фаол қатнашмоқда.

Мурожаатнома — давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва институциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилайдиган асосий сиёсий ва стратегик ҳужжат. У Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолияти учун қўлланма бўлиб хизмат қилса, парламент фракцияларига ўз электорати манфаатларини ва мафкуравий муносабатларини акс эттирувчи позициясини шакллантириш учун асос ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мурожаатнома форматини анъанавий равишда сиёсий тизимни мустаҳкамлаш, элита ва жамиятни стратегик мақсадлар атрофида сафарбар қилиш воситаси сифатида ишлатган. Шу билан бирга, Қонунчилик палатасидаги ҳар бир фракция Мурожаатномани ўзининг сиёсий ўзига хослиги призмаси орқали изоҳлайди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, ўзининг Янги йил табригида ҳам халқимизнинг қалбидаги энг эзгу ғоялар билан мужассам бўлган улкан мақсадларни таъкидлаб ўтди. Жумладан, Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида минглаб маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланади, уларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилади. Экологияни яхшилаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилади.

Йил бошида Президентимиз яна иккита муҳим йўналиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам, ташқи сиёсатни фаоллаштиришга бағишланган видеоселекторда ҳам ўта муҳим масалалар — хавфсизлик, ташқи алоқалар, айниқса, иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгиланди.

Яқин кунларда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастури ҳам қабул қилинади.

Юқоридаги барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларнинг ривожи, аҳоли фаровонлигини юксалтириш учун белгиланган катта режаларни амалга ошириш, албатта, парламент, Қонунчилик палатаси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Депутатлик корпуси давлатимиз раҳбарининг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ислоҳотлар ва янгиланишларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратади, амалга оширилаётган ишларда самарали парламент назоратини таъминлайди. Ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижадорлигини аҳолига таъсирчан етказади, сайловчиларнинг таклифларини қонунларда акс эттиради.

Парламент — ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги фаолияти, асосан, Президентимизнинг 2024 йил 18 — 20 ноябрда бўлиб ўтган парламент палаталари мажлисларидаги дастурий нутқларида илгари сурилган 8 та устувор вазифани, шунингдек, давлат дастуридаги мақсадларни амалга оширишга қаратилди.

Ўтган даврда қўмиталар фаолияти мақбуллаштирилиб, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга мос равишда йўлга қўйилди. Қуйи палатадаги мавжуд 12 та қўмита фаолияти ўрнига 10 та янгиланган қўмита ташкил этилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлар билан фаол мулоқот қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини парламент даражасида ифодалаш мақсадида парламент тарихида илк бор Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси тузилди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг изчиллигини таъминлаш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Йўналиш ва мазмуни жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган қўмиталар бирлаштирилиб, 2 та қўмита — Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси тузилди. Шу даврда қўмиталарнинг фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқоти янада кучайди. Жумладан, қўмиталар ҳузурида етакчи мутахассислар, экспертлар, олимлар, амалиётчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда 10 та Жамоатчилик кенгаши тузилди.

Қўмиталарнинг илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари билан 69 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва биргаликдаги режалар тасдиқланди. Қонунчилик палатаси ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликнинг янгича тизими йўлга қўйилиб, вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарлари қўмиталар билан доимий ҳамкорлик учун масъул қилинди.

Қўмиталар туман ва шаҳар даражасида сўров ва талабни кучайтирди, ижро ҳокимияти қуйи бўғинигача тушди ҳамда жойлардаги муаммоларни доимий ўрганиб боришга устувор аҳамият қаратиб, 155 та назорат-таҳлил тадбири ўтказди. Қонунларнинг ижро этилиши ҳолати ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганилди ва уларнинг якунлари қўмиталарнинг сайёр йиғилишларида кенг жамоатчилик ва соҳа вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Қуйи палата фаолиятида жамоатчилик иштироки янада кучайтирилди. Хусусан, Жамоавий ташаббуслар бўйича комиссия, Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссия ва Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссия тузилиб, фаоллик билан иш олиб бормоқда.

Жумладан, Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши борасидаги барча тадбирларда фаол қатнашмоқда. Комиссия аъзолари томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг ЖСТ талабларига мувофиқлиги доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Палатага киритилган 17 та қонун лойиҳаси ЖСТ талабларига мувофиқлиги ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Нуфузли халқаро ва маҳаллий даражадаги конференцияларда комиссия вакиллари қатнашиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқда.

Қонунчилик палатасининг 20 январь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимига мувофиқлаштириш ҳамда фитосанитар зарарсизлантириш фаолиятини лицензиялашга доир қонун лойиҳалари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар ЖСТ талабларига миллий қонунчилигимизни мувофиқлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Халқчил қонунлар — барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси

Янги таҳрирдаги Конституция қонун ижодкорлиги фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Бош қомусимизга асосан Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган янги институтлар амалиётга татбиқ этилди.

Ўтган даврда қонун ижодкорлиги жараёни жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилди. 2025 — 2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастури тасдиқланди. Ушбу дастур доирасида 40 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Қонун лойиҳасини парламентга киритишда унинг коррупцияга қарши экспертизаси ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларини тақдим этишга доир талаблар белгиланди. Қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичлари, ҳужжат айланиши тўлиқ рақамлаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, қонунчилик таклифларини киритиш институтининг жорий этилиши фуқароларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки янада кенгайишига ва қонунларнинг амалиётдаги таъсир кучи ортишига хизмат қилмоқда. Ҳисобот даврида Олий Мажлис Сенати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) томонидан 6 та қонунчиликка таклиф қуйи палатага киритилди.

Халқ вакиллари ўзининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан унумли фойдаланди. Депутатлар томонидан сайловчиларнинг таклифлари ва долзарб масалалар ечими акс этган 22 та қонун лойи­ҳаси ишлаб чиқилиб, қуйи палатага киритилди. Бу ташаббускор субъектлар томонидан киритилган лойиҳаларнинг 13 фоизини ташкил этди.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар сони аввалги йиллардагига қараганда бирмунча кўпайди. Масалан, 2024 йилда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган қонунлар сони 110 тани ташкил этган бўлса, бу рақам ҳисобот даврида 133 тага етди.

Ўтган даврда бутун бир соҳани тартибга солувчи қатор яхлит қонунлар қабул қилинди. Сув кодекси, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”, “Ижтимоий иш тўғрисида”, “Озиқ-овқат хавф­сизлиги тўғрисида”, “Автомобиль йўллари тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”, “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидан.

Ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси томонидан давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган, халқимиз фаровонлигини оширишга, аҳолига қўшимча енгилликлар яратишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган қатор муҳим қонунлар қабул қилинди. Жумладан, “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, хусусийлаштириш ҳамда бундай объектлар ҳудудида бино-иншоот қурилиши қатъий тақиқланди.

“Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан аҳолига видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш имконияти яратилди.

Умуман олганда, норма ижодкорлиги фаолиятида фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, халқимизга қўшимча қулайликлар ва енгилликлар яратишга, аҳолининг ижтимоий ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, қисқача айтганда, халқимиз манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг қуйи палата мажлисидаги нутқида “Қонун қабул қилиндими, у албатта ишлаши керак ва одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш бўлиши лозим” деган фикрлари ҳаётда ўз ифодасини топаётганидан далолатдир.

Ўтган даврда сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги талабчанлиги ортди. Фракциялараро рақобат кучайди. Фракциялар қонун лойиҳаларида ўз нуқтаи назарларини, қатъий ёндашувларини намоён этмоқда. Масалан, ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” ДП фракциялари томонидан “Тараққиёт блоки” тузилди, шунингдек, ХДП фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракция деб эълон қилди. Бу фракциялар фаолиятида фикрлар хилмахиллигини таъминлашга, халқ манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилмоқда.

Фракциялар қатъий позицияси билан 2 та қонун лойиҳаси ташаббускор субъектга, 12 та қонун лойиҳаси қуйи палатанинг масъул қўмиталарига қайтарилди. Фракциялар ўз партияларининг Сайловолди дастурларини амалга оширишга фаол киришди. Хусусан, сайилгоҳ, хиёбон, боғ ва дарахтзорлар муҳофазасини кучайтиришга, ҳомиладор аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатли таъминлашга, ер участкаларидан самарали фойдаланишга, ННТни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, қуйи палатага киритилди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда парламентда кўплаб ҳаётий зарур қонунларнинг қабул қилиниши амалиётда тезда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Хусусан, кўпчилик кутаётган ва миллионлаб оилаларнинг ҳаётига дахлдор бўлган “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши узоқ йиллар мобайнида одамларни қийнаб келган ердан фойдаланиш борасидаги долзарб муаммоларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этишга замин яратди.

Халқ вакиллари сайлов округларида

Президентимиз камбағаллик даражасига тушиб қолган одамларнинг онгини ўзгартириш, уларда эртанги кунга ишонч ва келажакка интилишни қўллаб-қувватлайдиган сиёсий куч, албатта, аввало, депутатлар бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, агар янги сайланган депутатларимиз ўз округларида мана шу ишларни амалга оширса, улар халқ ишончини оқлашга ва ҳурматини қозонишга эриша олади. Президентимизнинг ушбу ташаббуси жуда муҳим. Қонунчилик палатаси фаолиятида мазкур масала устувордир.

Шундан келиб чиқиб, ўтган даврда депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари самарадорлиги янада оширилди. Сайловчилар билан мулоқотнинг янгича тизими йўлга қўйилиб, ягона сайлов округи бўйича сиёсий партиялар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайланган 75 нафар депутатнинг ҳудудлардаги фаолиятини ташкил этиш Концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, пропорционал тизим асосида сайланган депутатлар ҳудудларга масъул қилиниб, уларнинг сайловчилар билан мулоқоти йўлга қўйилди.

Шунингдек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш йўналишида қатор ўрганишлар ўтказилди ҳамда фуқаролар ва соҳа вакиллари билан очиқ мулоқотлар қилиниб, кенг тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Олий Мажлис палаталари томонидан “Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари учун тавсиялар” ишлаб чиқилиб, маҳаллий Кенгашларга етказилди.

Маҳаллий Кенгашлар томонидан ер солиғи ва ижара тўловлари учун белгиланган минимал қийматларга коэффициентларни белгилаш бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар ҳолати чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинди. Бу бўйича қуйи палата ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, соҳа вакиллари иштирокида 40 дан зиёд тадбирлар ўтказилди, республиканинг ҳар бир ҳудудида жами 14 та семинар ташкил этилди.

Кўриб чиқилган йилда маҳаллагача тушиб, аҳоли билан юзма-юз суҳбат қилиш тизими кенгайтирилди. Фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари, камида 5 та ижтимоий соҳа объектига бориб, очиқ мулоқот ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Қонунчилик палатасига мурожаат йўллаган фуқароларни эса сайлов округларида қабул қилишга ўтилди.

Қонунчилик палатасининг Фуқаролар қабулхонасида депутатларнинг сайловчиларни видеоконференцалоқа режимида қабул қилиш имконияти яратилди.

Депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида — жами 10 марта сайлов округларида бўлди. 12 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига бориб, 8,1 мингта ижтимоий соҳа объекти, 6,5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари, 5 мингдан кўп маҳаллалар фаолияти билан танишди. 17,3 мингдан зиёд фуқаролар қабуллари ташкил этилиб, 10,2 мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Уларда 242 мингдан зиёд одамлар қамраб олинди.

Коррупцияга қарши курашиш — устувор вазифа

Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифалар доирасида Қонунчилик палатаси томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳар бир қўмита, сиёсий партиялар фракциялари, комиссиялар кесимида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар аниқ белгилаб олинган эди.

Ўтган даврда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, қонунларда коррупцияга имкон берувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш, бу борада таъсирчан парламент назоратини таъминлашга қаратилган Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Депутатлар корпуси коррупцияга қарши курашиш, жиноятчиликни жиловлаш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида маҳаллаларга тушиб, коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар, муҳим соҳа ва тармоқларда маъмурий-бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий омиллар ҳамда “қизил” тоифадаги маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларни парламент муҳокамасига олиб чиқишга устувор аҳамият берилди.

Белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида қуйи палата Кенгашининг 2 та қарори қабул қилиниб, чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Парламент аъзолари, ҳуқуқ-тартибот органлари, тегишли масъуллардан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Барча ҳудудларда 14 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.

Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан бюджетдан энг кўп маблағ олувчи қатор вазирликлар ва идоралар (Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги вазирликлари, Кадастр агентлиги), шунингдек, тижорат банкларида коррупциявий омилларни бартараф этиш ишлари бўйича ўрганишлар ўтказилди.

Бундан ташқари, депутатлар сайлов округларида ўтказилган учрашувларда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказди.

Ўтган йилда ушбу йўналишда қатор парламент назорати тадбирлари ҳам ўтказилди. Хусусан, “ҳукумат соати” доирасида соғлиқни сақлаш, спорт, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва адлия вазирларининг, “парламент эшитуви”да эса Адлия, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларининг, қўмиталарда мутасадди раҳбарларнинг 37 маротаба эшитувлари ташкил этилди. Шунингдек, Қонунчилик палатаси мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг миллий маърузаси эшитилди.

Маиший коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича маҳаллий Кенгашларда 197 та мулоқот ва 19 та сессия ўтказилди. Жойлардаги ўрганишлар ҳамда аҳоли билан мулоқотлар давомида аниқланган муаммоларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этиш, қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан 19 та қонун лойиҳаси ҳамда 50 га яқин таклифлар ишлаб чиқилди.

Олиб борилган ўрганишлар, ўтказилган парламент назорати тадбирлари муаммоларни парламент муҳокамасига олиб чиқиш ҳамда уларга ҳуқуқий, ташкилий ва амалий ечимлар топишда муҳим аҳамият касб этди.

Ваколатлар кенгайиб, назорат функцияси кучайди

Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш бўйича Қонунчилик палатасига аниқ ваколатлар белгилангани депутатлар корпуси фаолиятига янгича мазмун-моҳият олиб кирди.

Ўтган даврда кенг кўламли, сифатли парламент назорати тизимига ўтилиб, фракциялар ва қўмиталар ташаббуси билан 11 та “парламент эшитуви”, 9 та “ҳукумат соати” ўтказилди. Мансабдор шахсларга эса 15 та парламент ва 169 та депутат сўрови юборилди.

Давлатимиз раҳбарининг Қонунчилик палатасига экология, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат, хизмат кўрсатиш, инвестиция, экспорт, миграция каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш бўйича берган кўрсатмаларидан келиб чиқиб, парламент назорати тадбирларида ушбу соҳаларда аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалалар кўтарилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича парламент назоратини таъминлашга устувор аҳамият қаратилди. Хусусан, бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳукумат аъзоларига 4 та парламент сўрови жўнатилди.

Қуйи палатадаги масъул Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасида давлат органлари раҳбарларининг 10 маротаба ахбороти эшитилди. Шунингдек, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги каби 3 та қонуннинг ижро қилиниши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Натижада қўмита томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар, соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот ҳамда назорат-таҳлил тадбирлари давомида аниқланган муаммоларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида 9 та қонун лойиҳаси ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳисобот йилида депутатлар томонидан 200 дан зиёд экорейдларда қатнашилди. “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун ижроси Тошкент шаҳри ва Сурхондарёда ўрганилди. 139 та объектда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 3,1 минг нафардан ортиқ фуқаролар қамраб олинди. Атмосфера ҳавосига зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқилди.

Айтиш жоизки, ўтган даврда Давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмлари янада кучайтирилди ва жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда парламентнинг фаол иштироки таъминланди. Бюджет тизимини ва бюджет жараёнини такомиллаштириш, хусусан, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот турларини кенгайтириш мақсадида “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Қонунга мувофиқ, ҳукуматнинг Давлат бюджетига доир барча ҳисоботлари Қонунчилик палатасига фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда киритилиши белгиланди. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботлар Ҳисоб палатасининг тезкор хулосаси билан бирга киритилиши назарда тутилди.

Бундан ташқари, ҳудудларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини Қонунчилик палатасига киритиш ва кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Шунингдек, қуйи палата депутатларининг тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнларида иштирок этиши белгиланди. Давлат бюджети ижросига доир ҳисоботлар атрофлича муҳокама қилинди.

Президентимизнинг ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган қарорига мувофиқ, 2026 йил январдан бошлаб депутатлар ҳар йили ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаётига ҳамда ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир кўрсатадиган иккита лойиҳани танлаши ва улар “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали автоматик равишда ғолиб топилиши ҳамда республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилди. Бу амалиёт маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Парламент дипломатияси географияси кенгаймоқда

Парламент дипломатиясининг ўзига хос жиҳати шундаки, у расмий давлат позицияси билан бирга, жамият манфаатлари, сиёсий плюрализм ва демократик қадриятларни ҳам халқаро майдонга олиб чиқади. Парламент дипломатиясининг географияси кенгайиши давлатлар учун қатор стратегик имкониятларни яратади. Чунки парламент дипломатияси орқали миллий манфаатларни халқаро майдонда тизимли ва узоқ муддатли тарзда илгари суриш имконияти кенгаяди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда парламент дипломатияси ва парламентлараро алоқалар ташқи сиёсатимизнинг муҳим мулоқот воситаларидан бирига айланди. Парламент дипломатияси географияси кенгайиб, Қонунчилик палатасининг халқаро ҳамкорлик алоқалари “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Президентимизнинг фаол ташқи сиёсати Қонунчилик палатасининг халқаро алоқаларини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда парламент дипломатияси ҳам янги мазмун ва руҳ билан ривожланяпти. Бу борада барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Натижада парламент дипломатияси концепцияси доирасида хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ҳамда самарали алоқалар сифат босқичига чиқмоқда.

Қуйи палатанинг парламентлараро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Ўтган даврда палатада 103 та чет эл делегацияси, жумладан, 23 нафар парламент раҳбари қабул қилинди. Депутатлар 58 та халқаро ва парламентлараро тадбирда иштирок этди.

Янги таркибда шаклланган Қонунчилик палатасида хорижий давлатлар парламентлари билан Олий Мажлиснинг 56 та парламентлараро гуруҳи ташкил қилинди. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, парламентлараро гуруҳларнинг имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Олий Мажлис билан Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамда Олий Мажлиснинг Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой Халқ Вакиллари Кенгаши билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиялар тузилди.

Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси юқори савияда ташкил этилди. Президентимизнинг мазкур нуфузли тадбирдаги иштироки ва тарихий нутқи парламентлар ишини ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда янги истиқболларни очди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган мазкур нуфузли саммит мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсини янада ошириб, Ўзбекистоннинг ташаббускор ташқи сиёсатининг яна бир ёрқин намунасини ифодалади.

Очиқлик ва шаффофлик — бош мезон

Қонунчилик палатаси фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш борасида ўтган йилда янги тизим асосида иш ташкил қилинди. Президентимизнинг 2024 йил ноябрь ойида Олий Мажлис палаталаридаги нутқларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг кенг қиррали фаолиятини, хусусан, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва сайловчилар билан ишлаш йўналишларини бирдек кенг жамоатчиликка етказиш бўйича янги, замонавий медиауслублар жорий қилинмоқда.

Йигирмага яқин янги лойиҳалар орқали қабул қилинаётган қонунлар халқчил ва таъсирчан услубда оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилмоқда. Айниқса, кенг аудиторияга эга бўлган интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда палата фаолиятини оддий ва оммабоп шакл ва мазмунда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қонунчилик палатасининг расмий ахборот ресурсларини такомиллаштириш, уларга мурожаат қилувчилар сафини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Янги йилдан Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисларини палатанинг расмий веб-сайти орқали жонли эфирга узатиш бошланди.

Шу кунларда барча фракция ва қўмиталар ўтган йилдаги фаолияти якунлари ва жорий йилдаги режаларини “очиқ парламент” форматида интерфаол ва креатив услубда, журналистларнинг қизғин саволлари асносида ўтказилаётган очиқ мулоқотлар орқали эълон қилмоқда.

Шу ойнинг охирида Қонунчилик палатаси ҳам худди шундай очиқлик ва шаффофлик билан ўтган йилдаги фаолияти ва жорий йилдаги устувор вазифаларини оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган мулоқотда маълум қилади. Мухтасар айтганда, палата очиқлик, шаффофлик ва кенг жамоатчилик билан доимий мулоқотлар принципини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, бу борада замонавий тажриба ва технологияларни мунтазам жорий этиб боради.

Истиқболдаги режалар

Қонунчилик палатаси 2026 йил учун устувор вазифаларни белгилаб олмоқда. Бу вазифаларда, аввало, Мурожаатномада, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан қатор йиғилишларда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш тизими акс этган.

Хусусан, Ташқи сиёсат фаолияти концепцияси, Мудофаа доктринаси, Миллий хавфсизлик концепцияси, Фуқаролик кодекси лойиҳаси, “Уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”, “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”, “Саноат зоналари тўғрисида”, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”, “Биологик хавфсизлик тўғрисида”, “Сунъий интеллект тўғрисида”, “Дипломатик хизмат тўғрисида”ги каби қонун лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрланади. Натижада мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, қонун ижодкорлиги жараёнининг сифатини янада оширишга, жамият ҳаётидаги долзарб масалалар ечимига қаратилган халқчил қонунларни қабул қилишга эришилади.

Шунингдек, халқ вакилларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан унумли фойдаланиш бўйича ташаббускорлигини янада ошириш чоралари кўрилади. Депутатлар томонидан қатор қонун ло­йиҳалари, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”, “Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида”, “Иқлим ўзгариши тўғрисида”, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, шунингдек, давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини кўриб чиқиш ва маъқуллашни парламент ваколатига ўтказиш бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, Инвестиция кодекси лойиҳаси, “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”, “Капитал бозори тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари, шунингдек, давлат харидларида товарлар, ишлар ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатларни фақат қонунда белгилаш, фуқароларнинг даромадлари ва активларидан эркин фойдаланиши учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади. “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонун қайта кўрилиб, у янада такомиллаштирилади.

Давлат бюджети ижросини назорат қилишда қўмиталар ролини янада кучайтириш, бунда қўмиталарда ҳар чоракда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиши билан боғлиқ мақсадли индикаторлари, Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилиши юзасидан вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб боришга катта эътибор қаратилади. Жойларда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда “қизил” тоифадаги маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, жамоатчилик орасида тушунтириш ишларини олиб бориш, барча маҳаллий Кенгашларга бориб, мулоқотлар ўтказиш, коррупциянинг олдини олиш йўналишидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотини эшитиш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилади.

Энг муҳими, сайловларда сайловчиларга берилган ваъдаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида алоҳида режа-жадвал асосида фракциялар раҳбарларининг электорат билан мулоқоти изчил давом эттирилади. Қўмиталарнинг эса ўзлари масъуллигида қабул қилинган қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш борасидаги фаоллиги янада кучайтирилади.

Президентимиз ташаббуси ва халқимиз хоҳиш-иродаси билан белгилаб олинган Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги стратегик мақсадлари парламентдан, хусусан, Қонунчилик палатасидан ҳам чуқур масъулият билан ишлаш, барча соҳалар тараққиётининг ва инсон манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратишни талаб қилмоқда. Мана шу талабдан келиб чиқиб депутатлар корпуси юксак марраларни кўзлаётган ислоҳотларнинг том маънодаги ташаббускори, фаол иштирокчиси бўлиш учун бор салоҳиятини ишга солгани ҳолда ўз фаолиятини такомиллаштириб боради.

Нуриддин ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер