Янги ўқув йилидан 9-синф битирувчилари техникумларда бепул ўқийди
Фото: AI
«Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Таълим назорати Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, мазкур қарорга мувофиқ, 2030 йилгача 9-синф битирувчиларининг техникумлар билан қамрови 29 фоиздан 50 фоизга, дуал таълим (иш жойида ўқитиш) улуши эса 9 фоиздан 40 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Касбга йўналтириш тизими
2026 йилдан бошлаб мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб ўқувчиларни касб танлашга йўналтириш тизими жорий этилади. 5 ёшдан «Атрофимиздаги касблар» ўйинлари, 1-4-синфларда «Касблар алифбоси», 5–6-синфларда «Касблар олами», 7–9-синфларда эса «Менинг келажакдаги касбим» фанлари жорий қилинади. 2028 йилдан 9-синф якуний имтиҳонлари натижасига кўра ўқувчилар техникумларга йўналтирилади.
Ўқитувчи ва усталарни қўллаб-қувватлаш
2026 йилдан ишлаб чиқариш таълими усталарининг маоши биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар даражасига тенглаштирилади. Ҳар бир устага 20 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаслиги белгиланди. Техникум директорларига усталар учун ажратилган иш ҳақи фонди доирасида энг кам ойлик иш ҳақининг 15 бараваригача ойлик белгилаш ваколати берилади. Ҳар йили энг яхши 50 нафар уста ва ўқитувчи хорижда малака оширади.
Дуал таълимдаги имтиёзлар
Дуал таълимда таҳсил олаётган ўқувчиларга ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида стипендия тўланади. Ушбу давр меҳнат стажига қўшилади. Дуал таълимни ташкил этган иш берувчиларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.
Миллий танлов ва рейтинг
2026 йилдан бошлаб Президент соврини учун «Касбий маҳорат миллий танлови» ўтказилади. Миллий рейтингда энг юқори 50 таликка кирган техникумларнинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 баравари миқдорида рағбатлантирилади.
Мораторий ва молиялаштириш тартиби
2030 йилгача техникумларни тугатиш, уларнинг ер майдонлари ва биноларини хусусийлаштиришга мораторий эълон қилинади. 2026 йил 1 сентябрдан 9-синф битирувчилари техникумларда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан ўқийди, 11-синфни битирган талабгорлар эса тўлов-контракт асосида таҳсил олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг