Янги мактаб, янги бино, мукаммал шароит

11:40 02 Сентябр 2025 Жамият
84 0

Косонсой туманидаги Учқўрғон маҳалласи болажонлари учун бу галги “Билимлар куни” қўшалоқ тантанага айланди. Гап шундаки, бу ерда яқинда иш бошлаган 55-умумтаълим мактаби учун замонавий ўқув биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

330 ўринга мўлжалланган уч қаватли иншоот 18 та синф хонаси, кутубхона, фаоллар зали, лаборатория, фаоллар ҳамда ёзги ва қишки спорт залларидан иборат бўлиб, таълимни юксак талаблар даражасида ташкил этишнинг барча шароитлар яратилган. Ёшларга тақдим этилган сўнгги русумдаги компьютер жамланмалари уларнинг ахборот технологиялари бўйича билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Фарзандларимиз яқин вақтгача маҳалладан икки чақирим олисдаги мактабга қатнаб, таҳсил олиб келишаётганди, — дейди муассаса директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Эргашали Зоиров. — Ўзимиз учун алоҳида мактаб ташкил этилиб, Давлат дастури асосида 3,4 миллиард сўмлик қийматдаги бино барпо этилиши билан узоқ йиллик муаммо ечим топди. Бугун ўтказилган “Биринчи қўнғироқ” маросимида янги бинонинг рамзий калити ҳам тантанали равишда топширилди. Бу ерга тўпланган ўқувчилар, улар ота-оналарининг қувончи чексиз. Айниқса, Президент совғаларини қабул қилиб, биринчи бор мактаб партасига ўтирган 36 нафар ўғил-қизнинг шодланганини айтинг.

Маълумот учун, “Биринчи қўнғироқ” тантаналари Наманган вилоятидаги мавжуд 716 та умумтаълим мактабининг барчасида кўтаринки руҳда ташкил этилиб, ўқувчилар янги ўқув йилини катта иштиёқ билан бошлади. Уларнинг маълум қисми жорий йилда бинолари мукаммал таъмир ва реконструкциядан чиқарилган 33 та ўқув даргоҳида таҳсил олади.      

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?