Янги йил шукуҳи кўнгилларга қувонч улашмоқда

18:05 26 Декабрь 2024 Жамият
287 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда янги йил шодиёналари шаҳар-туманлар марказларидан тортиб, энг чекка ҳудудда жойлашган маҳаллаларгача кириб борди. Фарғона марказидаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройи, Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғи, Экошаҳар ҳудудларида байрам арчаси ясатилган.

— Байрам тадбирлари 2025 йилнинг 10 январгача давом этади, — дейди Фарғона вилояти маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эминжон Ўринов. — Байрам дастурлари доирасида таниқли ва ёш санъаткорлар иштирокида концертлар уюштириш, вилоятдаги 8 та миллий-маданий марказлар қошидаги ансамбллар, халқ бадиий жамоаларининг чиқишлари ташкил этилади.

Фарғона шаҳрида замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қуриб битказилаётган Экошаҳарда бу йил илк бор нишонланаётган Янги йил шодиёналарида нафақат вилоятнинг турли ҳудудлари, Фарғона водийси, қўшни мамлакатлардан келган сайёҳлар ҳам фаол қатнашаётгани эътиборга сазовордир.

— Байрам дастурларидаги томошалар қатнашчиларга завқ улашмоқда, — дейди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Юсуфжон Юсупов. — Экошаҳарда яратилган ажойиб муҳит, амфитеатрдаги томошалар, қадрдон куй-қўшиқлар ҳар оқшом барчани байрам сайлларига чорламоқда. Эндиликда Экошаҳар вилоятнинг байрам сайиллари ташкил этиладиган асосий маданий масканларидан бирига айланиб улгурди.

Анъанага кўра, жорий йилда ҳам вилоятдаги 20 та марказий деҳқон бозорларида арзонлаштирилган байрам ярмаркалари фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда 100 турдан ортиқ кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини бозордагидан ўртача 25-30 фоиз арзон нархда сотиб олиш мумкин.

— 20 декабрдан бошланган ярмаркалар фаолияти 5 январгача давом этади, — дейди Ёзёвон тумани “Деҳқон бозори”МЧЖ раҳбари ўринбосари Ҳакимжон Йўлдошев. — Шу мақсадда тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликлари билан шартномалар имзоланган. Янги йил ярмаркасида 1 килограмм мол гўшти 70 минг сўм, бир килограмм балиқ 20 минг сўм, тухумнинг донаси 1100 сўмдан сотилмоқда.

— Бугун Риштон тумани марказида жойлашган деҳқон бозоридан Янги йил дастурхони учун зарур бўладиган маҳсулотларни арзон нархда сотиб олдим, — дейди меҳнат фахрийси Мамадали Ғиёсов. — Савдо расталарида фермер ва деҳқон хўжалиги, илғор томорқачилар томонидан етиштирилган маҳсулотлар харидорга манзур нархда таклиф этиляпти. Маҳсулотлар сифати яхши.

Айни кунларда Фарғона шаҳри марказидан тортиб, вилоятнинг энг олис ва узоқ маҳаллаларида ҳам байрам шукуҳи кезмоқда. Бу ҳар бир оила, ҳамюртимиз қалбига ўзгача сурур бахш этиб, Янги йилни эзгу ниятлар билан кутиб олишга чорламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер