Янги илм масканлари таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилади

11:14 30 Декабрь 2025 Жамият
270 0

Тойлоқ туманининг “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 34 — мактабнинг 900 ўринли асосий биноси 2009-йили қурилган бўлиб, 2024-йили тўлиқ реконструкция қилинган. Бугунги кунда мактабда 1164 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, бу эса 2,1 юклама коэффициентини ташкил этаётган эди.

Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, мактаб инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида қўшимча 360 ўринли янги бино қурилди. Мазкур лойиҳа учун 2 миллиард 524 миллион сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари амалга оширилди ва бино фойдаланишга топширилди.

Янги қўшимча бино ишга туширилиши натижасида мактабда 11 та замонавий ўқув хонаси ташкил этилди ва ўқувчилар учун барча зарур шароитлар яратилди. Энг муҳими, мактабдаги юклама коэффициенти 2,1 дан 1,3 га туширилиб, таълим жараёнининг самарадорлиги сезиларли даражада оширилди.

- Мактабмизда жами 73 нафар педагог фаолият юритади. Уларнинг 28 нафари миллий ва халқаро сертификатларга эга, — дейди мактаб директори Ф.Аҳроров. — Таълим сифатига берилаётган эътибор натижасида сўнгги йилларда битирувчиларимиз ҳам яхши натижаларга эришяпти. Жумладан, 2024-2025-ўқув йилида битирувчиларнинг қарийб 50 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. 2025-2026-ўқув йилида эса 80 нафар битирувчи мактабни тамомлаши кутилмоқда, уларнинг 18 нафари аллақачон миллий ва хорижий сертификатларга эга. Келгусида таълим самарадорлигини янада оширишга ҳаракат қиламиз.

Янги йил айёми арафасида Булунғур туманининг “Янги Ўзбекистон” массивидаги “Олмазор” маҳалласида ҳам лойиҳа қиймати 12,5 миллиард сўм бўлган замонавий умумтаълим мактаби ва спорт зали фойдаланишга топширилди. Ушбу таълим муассасаси 330 ўринли бўлиб, унда ўқувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Янги таълим муассасасининг иш бошлаши билан 40 та янги иш ўрни яратилди.

Мазкур янги объектларнинг тантанали очилиш маросимида жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар янги бинолар мактаб жамоаси ва ўқувчилар учун байрамга катта совға бўлиб, ҳудудларда таълим соҳасини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер