Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди

13:08 16 Декабрь 2021 Жамият
690 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлиси доирасида экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Очиқ ва ҳар томонлама муҳокама жараёнида ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, мамлакатимиз корхоналари, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

Ташқи савдо ҳажмларининг изчил ўсишини таъминлаш ва экспортни рағбатлантиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар тизимли асосда татбиқ этилмоқда. Хусусан, валюта сиёсати либераллаштирилиб, бир қатор маъмурий ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотларининг нархини белгилаш ва уларга ҳақ тўлашнинг бозор механизми йўлга қўйилди, экспорт қилувчилар учун қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар жорий этилди.

Сенаторлар таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ташқи савдо ҳажмининг барқарор ўсиш динамикаси кузатиляпти. 

Жумладан, 2017 йилда 26,5 млрд АҚШ долларини, 2018 йилда 33,4 млрд АҚШ долларини, 2019 йилда 41,7 млрд АҚШ долларини, 2020 йилда 36,3 АҚШ долларини ташкил этган. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида бу кўрсаткич 32,6 млрд долларни ташкил қилган, шу жумладан экспортга 12,4 млрд доллар, импортга эса 20,2 млрд доллар тўғри келган.

Экспорт қилувчи корхоналар сони 5 400 тага етиб, сўнгги тўрт йилда 1 891 тага (35 %) ўсди, бу ўз навбатида 561 млн долларлик қўшимча экспортни таъминлади.

Мамлакатимиз экспорт таркибида хомашё улуши камайди. Жумладан, агар 2017 йилда хомашё товарлари жами экспорт умумий ҳажмининг 25 фоизини ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 16 фоизга қисқарди.

Экспорт қилинадиган товарлар номенклатураси 2021 йилга келиб 2 365 номга етди. Шу билан бирга, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган салбий омиллар Сенат аъзоларини жиддий хавотирга солди.

Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тез-тез ўзгариб туриши ва уларнинг экспорт қилувчи корхоналар томонидан тартибга солиш таъсирини тўғри баҳоланмасдан туриб қабул қилиниши уларнинг фаолиятида қийинчиликларга олиб келмоқда.

Экспорт қилувчилар томонидан суғурта хизматларидан гаров сифатида фойдаланганда суғурта мукофотини қоплаш, шунингдек, савдо уйларини очиш ва сақлаб туриш, офис, савдо ва омборхоналарни ижарага бериш, хорижда реклама кампанияларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш механизмлари талаб даражасида ишламаётгани ҳам сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Муҳокама чоғида сенаторлар мамлакатда халқаро аккредитациядан ўтган, маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини текшириш ва сертификатлаш имкониятига эга бўлган миллий лабораториялар мавжуд эмаслигини танқидий қайд этди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига тегишли парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?