Ватан ҳимоячилари шарафланди
Навоий вилоятида ҳам Республикамиз Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватанпарварлик ойлиги” дастури доирасида вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳаллаларда учрашувлар ўтказилиб, мамлакатимиз ва халқимиз тинчлик-осойишталигини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларга юксак эҳтиром кўрсатилди. Чунончи, ҳарбий-ватанпарварлик фестивали, ўлкашунослик музейларида кўргазмалар, ҳарбий қисмлардаги “очиқ эшиклар”, ёшлар томонидан ташкил этилган турли интеллектуал ўйинларнинг Ватанимиз ҳимояси йўлида жон фидо этганлар жасоратига бағишланганлиги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, мазкур ойлик доирасида марафон ўтказилиб, бугун ўз муқаддас бурчини ўтаётган ҳарбийлар жанговар тайёргарлигини намойиш этдилар.

Байрамнинг асосий тантаналари кенг жамоатчилик ва ҳарбийларнинг вилоятдаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулу гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.
— Ватан, халқ ва армия бир-бирига нақадар яқин ва муштарак экани барчамизга ҳар қачонгидан ҳам теран аён бўлмоқда, — деди вилоят ҳокими Нормат Турсунов байрам табригида. — Ушбу муштарак мақсад туфайли “Армия ва халқ — бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва эзгу тамойил асосида улкан ишлар амалга оширилаётгани, халқимиз армиянинг ҳар томонлама ёрдами ва кўмагини жамиятимизнинг барча соҳаларида амалда ҳис этаётгани айни ҳақиқат десак, муболаға бўлмайди.

Байрам тантаналари “Фарҳод” Маданият саройида давом эттирилиб, жанговар ва сиёсий тайёргарликда ютуқларни қўлга киритган Ватан ҳимоячилари, ўз ҳаётий тажрибаси билан ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётган фахрий ҳарбийлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

— Ватан ҳимояси наинки чегараларимиз, балки маънавий сарҳадларимиз ҳимояси ҳамдир, — дейди истеъфодаги майор Мирзо Ашуров. — Шу жиҳатдан ушбу байрам бугунги кун воқелигида барча юртдошларимизга бирдек муборак бўлмоғи лозим. Ватан ҳимоячиси деган улуғ ном аввало инсондан юксак маънавий тайёргарликни талаб этади.

Анжуманда катта байрам концерт дастури намойиш этилди.
Ватанпарварлик ойлиги тадбирлари вилоятда давом этмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг