Устозларга «эҳтиром»нинг андижонча усули — ўқитувчилардан «узр сўраттириш маросими»нинг асл ташаббускори ким?

04:57 09 Февраль 2022 Жамият
1376 0

Фото: Халқ сўзи

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМда ўқитувчилар ота-оналардан олий ўқув юртларига кириш пастлиги ҳамда дарс сифати учун узр сўрагани акс этган видео ва фото хабарлар тарқалди.

Бундай мажлисларга туман ҳокимининг ташрифи ҳам кутилган

Мазкур воқеада туман халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчиси ҳам қатнашган. «Мактабимизда 4 февраль куни туман ҳокимлиги вакиллари билан биргаликда ота-оналар йиғилиши ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг таълим олишидаги бўшлиқлар, олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари танқид остига олиниб, устозлар ота-оналар олдида турғазиб қўйилди», — деган гувоҳлардан бири. Хабар манбасига кўра, бундай топшириқ ҳокимлик томонидан буюрилгани таъкидланган. Айрим ота-оналар бу ҳолат учун ўқитувчилардан узр сўраб, Бундай «узр сўраш» тадбирлари Марҳамат туманининг бошқа мактабларида ҳам ўтказилгани айтилмоқда. Туман мактабларида ишлайдиган ўқитувчилар ҳам бу ҳолатни тасдиқлаган. Хабарда айтилишича, бундай мажлисларга туман ҳокимининг ташрифи ҳам кутилган, турли норозиликлардан сўнг айрим мактабларда йиғилиш номаълум муддатга қолдирилган.

Бошқарма бошлиғи ҳодисада ўзини айбдор ҳисоблашини айтди

Марҳамат туман ҳокимлиги томонидан билдирилган муносабатда ҳатто воқеага аниқлик киритилмаган (буни аслида муносабат ҳам деб бўлмайди) бўлсада, бироқ Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомиловнинг фикри масалага бир оз ойдинлик киритгандек.

«Мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб, барча мактабларда ўтказилиши топшириқ берилган, — дейилади бошқарма бошлиғи муносабатида. — Бундай йиғилишлар ўтказилиши мумкин эмаслиги бўйича туман халқ таълими бўлими мудири томонидан, туман ҳокимининг ўринбосарига айтилган. Мазкур ҳолат юзасидан менга маълум бўлганидан сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосарига ва туман ҳокимига мазкур мазмундаги йиғилишлар устозларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлишини айтганимдан сўнг, йиғилишларни ўтказилиши олди олинди».

Бошқарма бошлиғи ҳодисада шу соҳанинг масъули сифатида ўзини айбдор ҳисоблашини айтган.

«Юқоридаги ҳолатларни ўз вақтида олдини олмаганим учун ва устозларни ҳимоя қилмаганим учун барчангиздан узр сўрайман», дейилади бошқарма бошлиғи муносабатида.

ХТВ бу ҳолатни кескин қоралайди — ХТВ матбуот котиби

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова ҳолатга тезкор муносабат билан чиқиб: «Халқ таълим вазирлиги бу ҳолатни кескин қоралайди. Айни дамда ўқитувчининг обрў ва шаънини Давлатимиз сиёсати даражасида кўтариш масаласи юқори турган бир пайтда бундай ҳолатнинг юз берганлиги мутлақо хато», — деб ўз фикрини билдирди.

Вилоят ҳокими барча устозлардан узр сўраши керак Комил Алламжонов

Шундан сўнг Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ушбу ҳолатга ўз фикрини билдириб, «Андижонда ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак», — деган шахсий саҳифасида.

Ушбу ҳолат нотўғри талқин қилинмоқда — Марҳамат тумани ҳокимияти

Аммо Марҳамат тумани ҳокимияти расмий ахборот билан чиқиб, ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат нотўғри талқин қилинаётганини айтди. «Тадбирни ўтказишдан мақсад 2021-2022 ўқув йилида 11-синф битирувчиларини олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини янада ошириш, касб-ҳунар эгаллашлари ҳамда чет тилларини мукаммал ўрганишлари юзасидан мактаб директори бошчилигида мактаб ўқитувчилари ҳамда ота-оналар иштирокида «Мактаб директорининг ота-оналарга мурожаатлари» ташкил этилган», — дейилади хабарда. Шунингдек, мактаб директори ва ўқитувчилар, ота-оналар иштирокида ўтказилган мурожаат кимнингдир руҳиятини синдириш учун ўтказилмаганини хабар берган.

Давлат сиёсатига қарши Халқ таълими вазири

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ҳам ушбу ҳолатга ўз нуқтаи назарини билдириб, Давлат сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат, деб атади. «Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғу, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши керак. Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!», — деган ўз муносабатида.

Ҳозирда Халқ таълими вазирининг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, ҳолатни ўрганмоқда. Бу ҳолатларни амалга оширган ташаббускорларга нисбатан чора кўрилиши айтилди.

Шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз — Шуҳратбек Абдураҳмонов

Ҳолатга Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов муносабат билдириб, устоз-мураббийларнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат эканлигини таъкидлади. Шунингдек, айрим раҳбарларнинг маънавиятсизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирганини айтди. «Мен Андижон вилояти ҳокими сифатида мазкур ҳолатни ўз назоратимга олиб, мени бошчилигимда алоҳида ишчи гуруҳ тузилди. Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман» – деган вилоят ҳокими ўз муносабатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?