Умра тадбирларини ташкил этишда реклама қонунчилигини бузган шахсларга чора кўрилди

10:37 03 Октябр 2025 Жамият
152 0

Умра тадбирларини ташкил этишга оид реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақида Рақобат қўмитаси маълумот берди.

Хабарда айтилишича, қўмитанинг Фарғона, Андижон ва Бухоро вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида «Умра» тадбирларига оид реклама қонунчилиги бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, Фарғона вилоятида ўтказилган ўрганишлар давомида фуқаро Х.С ўзининг «Умра» Telegram саҳифасида тегишли лицензия ва рухсатномаларсиз сафар хизматларига оид рекламалар тарқатганлик ҳолатлари фош қилинган. Амалдаги «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига кўра, лицензия ва махсус рухсатнома талаб этилувчи хизматларни ҳужжатларсиз реклама қилиш қатъиян тақиқланади.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан фуқарога нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси кўриши бўйича маълумотлар судга юборилган.

Шу каби яна бир ҳолат Андижон вилоятида ҳам кузатилган. Ўрганиш жараёнида «Abu Zubayr trevel» МЧЖ лицензия ва рухсатномаларсиз «Умра» тадбирларини ташкил этиш билан шуғулланиб, Telegram ижтимоий тармоғида уларни кенг тарғиб этганлик ҳолатлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Abu Zubayr trevel» МЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши билан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган.

Бундан ташқари, Рақобат қўмитаси Бухоро вилояти Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган таҳлиллар давомида «Sokin turizm Bukhara» МЧЖ томонидан ҳам тегишли лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда «Умра» тадбирларига оид рекламалар тарқатилгани маълум бўлган.

Ҳудудий бошқарма комиссияси томонидан «Sokin turizm Bukhara» МЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш қарори қабул қилинган.

Рақобат қўмитаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига лицензия ёки махсус рухсатнома талаб этилувчи хизмат ва маҳсулотларни ҳужжатларсиз реклама қилиш қонунбузилиш ҳисобланишини эслатиб ўтган.

«Норасмий реклама истеъмолчиларни чалғитиши ва инсофсиз рақобатга олиб келиши мумкин. Шунингдек, қонунга зид ҳолатларда молиявий жарима ва бошқа ҳуқуқий чоралар қўлланишига олиб келади. Барча фуқаролар ва тадбиркорлардан рекламада қонун талабларига қатъий риоя этишни сўраймиз», — дейилади қўмита хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?