Умра лицензияси учун талабгорлардан аризалар қабул қилиш 1 ҳафта аввал бошланган
Дин ишлари бўйича қўмита 2025 йил 7 мартдан бошлаб Умра зиёратини ташкил этиш учун литсензия олиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектларидан аризалар қабул қилишни бошлади. Ушбу жараён 7 апрелга қадар давом этади. Қўмита мазкур янгилик ҳақида расмий сайти орқали маълумот берган бўлса-да, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бу ҳақда эълон берилмаган.
Умра хизматларини ташкил қилиш учун литсензия фақат юридик шахсларга тақдим этилади. Бунинг учун талабгорлар қўмита томонидан белгиланган шартларга риоя қилишлари лозим. Хусусан, «Зиёрат» жамғармасига камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ қўйиш, Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигидан тасдиқланган ҳамкор ташкилот билан шартнома имзолаш, авиакомпаниялар билан парвозларни амалга ошириш бўйича шартномалар тузиш каби талаблар ўз кучида қолмоқда.
Литсензия олиш учун ариза топширувчи тадбиркорлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари шарт: компаниянинг расмий маълумотлари, раҳбар ва ходимлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар, 1 миллион АҚШ доллари захира қўйилганини тасдиқловчи ҳужжат, зиёратчилар учун диний билимга эга гуруҳ раҳбари билан шартнома, Саудия Арабистони ҳамкор ташкилоти билан тузилган шартнома, авиакомпаниялар билан ҳамкорлик шартномаси, сифатли хизмат кўрсатиш учун замонавий жиҳозланган офис ҳақидаги маълумот ҳамда фуқаролик жавобгарлигини суғурталовчи ҳужжатлар.
Шунингдек, ариза топшириш учун йиғим миқдори 1 миллион 125 минг сўм (БҲМнинг 3 баравари), литсензия учун давлат божи эса 3 миллион 750 минг сўм (БҲМнинг 10 баравари) этиб белгиланган. Аризалар 7 апрел куни соат 18:00 гача қабул қилинади. Қўшимча маълумот олиш учун +99871 207-17-58 (ички рақам 124) телефон рақами ёки Тошкент шаҳри Навоий кўчаси 12-уй манзилидаги қўмитага мурожаат қилиш мумкин.
Маълумки, илгари Ўзбекистонда 100 га яқин тур-фирма Умра хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга эди. Аммо 1 миллион долларлик захира талаби жорий этилгандан сўнг, хизмат кўрсатувчилар сони кескин камайди ва ҳозирда атиги 12 та компания фаолият юритмоқда. Шу муносабат билан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев литсензия шартларини ўзгартириш монополияга олиб келмаслигини таъкидлаб, 1 миллион долларлик талаб унчалик катта миқдор эмаслигини билдирганди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг