«Туркий адабиёт дурдоналари» қардош халқларнинг мангу хазинасидир
Фото: Халқ сўзи
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Туркий адабиёт дурдоналари» 100 жилдлик асарлар мажмуасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Маросимда адабиётшунос олимлар, қардош мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари, мазкур китобнинг нашрга тайёрланишида меҳнати сингган тўпловчи, таржимон ва муҳаррирлар, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур жамланманинг халқимиз ҳаётидаги маънавий-ижтимоий аҳамияти, мамлакатларнинг дўстлигида адабиёт алоҳида ўринга эга экани ҳақида тўхталиб ўтишди.
— Ушбу адабий хазина нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳанинг амалий ифодаси, она юртимизда маданият ва санъатга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг, халқимизнинг қардош халқлар ва уларнинг сўз санъатига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтироми рамзидир, — деди филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев. — Мазкур жамланмага умумтуркий адабиётнинг энг сара намуналари, ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман ва венгер адабиётининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан «Туркий адабиёт дурдоналари» номли 100 жилдлик китоблар тўпламини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ташаббусини илгари сурганди.
Ушбу ташаббус асосида илк бор Ўзбекистонда мана шу тўплам тайёрланиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида чоп этилди. Китоблар туркуми Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний ва Носириддин Рабғузий асарларини ўз ичига олган беш жилдлик «Умумтуркий адабиёт намуналари» билан бошланади. 6-33 жилдлар эса «Ўзбек адабиёти намуналари»дан иборат бўлиб, ундан Алишер Навоий асарларидан замонавий ўзбек шеърияти ва насри намуналаригача ўрин олган.
Шунингдек, мажмуанинг 17 жилди турк адабиёти, 16 жилди озарбайжон, 10 жилди қозоқ, 9 жилддан қирғиз ва туркман адабиёти, 5 жилди қорақалпоқ ва 1 жилди венгер адабиёти вакилларининг асарларидан иборат.
Туркумни тайёрлаш учун 200 нафардан ортиқ таржимонлар, 100 нафардан кўпроқ адабиётшунос, матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва рассомлар жалб этилган. Асарлар мажмуаси «Ўзбекистон» нашриёти томонидан 200 минг нусхада чоп этилган.
Тақдимот якунида тадбир қатнашчилари масъуллардан ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг