Тошкентдан 6 та гол ўтказиб қайтган «Нефтчи» ва пеналтилар сериясида кубокни бой берган «Пахтакор»

13 сентябрь куни Ўзбекистон Суперлигаси 21-тури доирасида «Пахтакор» клуби Тошкентда «Нефтчи» жамоасини қабул қилади. Ушбу ўйин олдидан «ўзбек классикоси» тарихидаги энг эсда қоларли баҳсларни эслаб ўтамиз.
«Нефтчи» 2:0 «Пахтакор»
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигидан кейин ўтказилган биринчи миллий чемпионат ўйинларида «Пахтакор» ва «Нефтчи» жамоалари қўш чемпионликни қўлга киритган. Бу натижада жамоаларнинг 34-турдаги ўйини катта аҳамиятга эга бўлди.
Мусобақа якунланишига 3 та тур қолганида «Нефтчи» жамоаси «шерлар»дан 3 очкога ортда борарди. 34-турда ушбу жамоалар Фарғонада тўқнаш келди. Ушбу учрашув Юрий Саркисян шогирдларининг 2:0 ҳисобига ғалабаси билан якунланди. Ўйинда киритилган голларга Равшан Бозоров ва Альберт Цараев муаллифлик қилди.
«Пахтакор» 5:4 «Нефтчи»
1993 йилги мавсум «Нефтчи» жамоасининг чемпионлиги билан якунланади. Бироқ «Пахтакор» турнир якунланишига 6 та тур қолган бир пайтда бўлғуси чемпионни мағлуб этиш орқали ўз мухлисларини хурсанд қилади.
1993 йилнинг 3 октябрь санасида «Пахтакор» Тошкентда «Нефтчи»ни қабул қилади. Учрашув 5:4 ҳисобига мезбонларнинг ғалабаси билан якунланади. «Шерлар»нинг голларига Мурод Алиев, Нўмон Ҳасанов, Шуҳрат Мақсудов, Фарҳод Магомедов ва Миржалол Қосимов муаллифлик қилади. Фарғоналикларнинг жавоб голлари эса Степан Атоян (2 та), Рустам Дўрмонов ва Абдусамад Дўрмонов ҳисобига ёзилади.
«Пахтакор» 0:0 «Нефтчи»
1996 йилги Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финал ўйинида «Пахтакор» ва «Нефтчи» ўзаро тўқнаш келди. «Пахтакор» стадионида ўтган ўйиннинг асосий вақти 0:0 ҳисоби билан якунланди. Экстра-таймларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Навбат пеналтилар сериясига етди. «Омад лотареяси»да эса «Нефтчи» жамоаси ғалабага эга чиқди.
«Нефтчи»дан пеналтиларни Сергей Ни, Раҳматулло Фузайлов, Акмал Холматов, Шуҳрат Шамсиев ва Сергей Андреев адашмасдан амалга оширди. «Пахтакор»дан эса Азамат Абдураимов, Николай Ширшов, Собир Холдиёв ва Дилмурод Назаров пеналтилардан аниқ фойдаланишди. Аммо сўнгги зарбани йўллаган Андрей Акопянс хатога йўл қўйди. Шу тариқа, «Нефтчи» ўз тарихида иккинчи марта Ўзбекистон кубогига эга чиқди.
«Нефтчи» 0:4 «Пахтакор»
2025 йил бошида ўз таркибини яхшигина кучайтиб олган «Нефтчи» жамоаси ушбу йилдаги биринчи «ўзбек классикоси» олдидан мазкур баҳс фаворити деб эътироф этилганди. Сабаби, бу вақтга келиб «Пахтакор» клуби 5 та ўйиннинг 4 тасида мағлуб бўлган ва мавсумни жуда ёмон старт билан бошлаган эди. Аммо 19 апрелда бўлиб ўтган баҳсда умуман бошқача муҳит ҳукм сурди.
Педро Морейра бошчилигидаги жамоа Фарғонадан 0:4 ҳисобига ғалаба билан қайтди. Учрашувда киритилган голлар «Нефтчи» клубининг собиқ футболчиси Умар Адҳамзода (2 та), шунингдек, Игорь Сергеев ва Браян Риаскоснинг ҳисобига ёзилди.
«Пахтакор» 6:0 «Нефтчи»
2017 йилнинг ёзида «Пахтакор» жамоасида катта ўзгаришлар рўй берди. Жамоа ўз таркибини Олий лига юлдузлари ва маҳоратли легионер футболчилар билан янада кучайтиб олди.
2017 йилнинг 12 август санасида «Пахтакор» ўз майдонида «Нефтчи» клубини қабул қилди. Таъкидлаш керакки, ўша кезлари Вадим Абрамов шогирдларининг умуман ишлари юришмаётган, жамоа турнир жадвалида 15-поғонани эгаллаб турган вақтлар эди. Натижа ҳам клубларнинг ўша вақтдаги ҳолатига мос бўлди.
Учрашувда «Пахтакор» 6:0 ҳисобига ғалаба қозонди. Баҳсда киритилган голларга Тиаго Безерра (2 та), Азим Ахмедов, Игорь Сергеев ва Владимир Козак муаллифлик қилди. Бу «Пахтакор»нинг ўз тарихида «Нефтчи» устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ўйинда Игорь Сергеев томонидан киритилган гол «Пахтакор» клубининг Суперлигадаги 1700-голи сифатида тарихда қолди.
«Нефтчи» 4:0 «Пахтакор»
2002 йилги мавсум тўлиғича «Пахтакор»га аталди дейиш мумкин. Жамоа Ўзбекистон чемпионлиги ва мамлакат кубогига эга чиқди. Айниқса, кубок финалида азалий рақиби «Нефтчи» устидан ғалаба қозонди. Бироқ «Нефтчи» ҳам ушбу мавсум ўз майдонида мухлисларига «Пахтакор» устидан қозонилган энг йирик ғалабасини тақдим эта олди.
2002 йилнинг 5 декабрь санаcида жамоалар ўзаро тўқнаш келди. Ўзбекистон Олий лигасининг 27-туридан ўрин олган ушбу баҳс Юрий Саркисян шогирдларининг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувда киритилган голларга Анвар Бердиев (2 та), Мухтор Қурбонов ва Рустам Дўрмонов муаллифлик қилди.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг