Тошкентда «Тез ёрдам» машинаси ҳаракатини онлайн кузатиб бориш йўлга қўйилди

21:11 04 Август 2025 Жамият
208 0

Фото: Давронбек Эрназаров/«Халқ сўзи»

Республика тез тиббий ёрдам маркази томонидан илк бор «103» бригадалари ҳаракатини реал вақт режимида онлайн кузатиб бориш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу тажриба-синов лойиҳасига кўра, эндиликда пойтахт аҳолиси тез тиббий ёрдам бригадаларининг қаерда эканлиги ва қанча вақтда чақирув манзилига етиб боришини онлайн кузатиб туришлари мумкин.

Мазкур лойиҳа «Yandex Uzbekistan» компаниясининг технологик ечими асосида амалга оширилиб, «103» бригадаси ҳаракатлари браузерда электрон харита орқали, яқин келажакда эса «Yandex Go» мобиль иловаси ёрдамида кузатиб борилади.

Аниқлик киритилишича, «Тез ёрдам»га мурожаат қилингандан сўнг, тизим автоматик равишда бригаданинг ҳаракати реал вақт режимида кўрсатиладиган электрон харитага ҳавола орқали SMS-хабар юборади.

Лойиҳанинг кейинги босқичида фойдаланувчилар «Yandex Go» мобиль иловасидан бригаданинг жойлашуви ва унинг тахминий келиш вақти тўғрисида push-билдиришнома орқали хабар олади. Қолаверса, ушбу маълумотни тўғридан-тўғри илова орқали ҳам олса бўлади.

«Ушбу янгилик, энг аввало, тез тиббий ёрдам тизимида шаффофликни таъминлаш ва диспетчерларнинг иш юкламасини камайтиришга хизмат қилади. Ҳозирда бу ечим Тошкент шаҳрида шошилинч чақирувлар учун амал қилади, бироқ кейинчалик лойиҳани кенгайтиришни мақсад қилганмиз», дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров.

Таъкидланишича, Республика тез тиббий ёрдам марказига мамлакат бўйлаб ҳар куни ўртача 40 мингга яқин чақириқ келиб тушади. Уларнинг 60 фоизини эса шошилинч мурожаатлар ташкил этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?