Тошкентда ноқонуний электрон тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган шахсларнинг фаолияти фош этилди

12:15 17 Май 2025 Жамият
260 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳардаги бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Б.С.» МЧЖга қарашли савдо шохобчаларида ҳеч қандай рухсатномаларсиз турли номдаги тамаки ва электрон тамаки маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланган.

Ушбу нуқталардан умумий қиймати қарийб 12 миллиард сўмлик маҳсулотлар, жумладан, 56 мингдан ортиқ электрон тамаки, 25 мингдан зиёд суюқликлар, 10 мингдан ортиқ тамаки чекиш ускуналари ва минглаб калян воситалари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Мазкур маҳсулотларнинг асл манбасини аниқлаш мақсадида олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган нотурар жойда уч нафар фуқаро инсон саломатлигига хавф туғдирувчи маҳсулотларни ишлаб чиқараётган яширин цех фаолият юритаётгани маълум бўлди.

Ушбу цехдан қиймати 500 миллион сўмга тенг бўлган 2 мингдан ортиқ электрон тамаки суюқликлари, кимёвий моддаларга тўла идишлар, электрон тамаки ёрлиқлари, тарозилар, турли ускуналар ва бошқа материаллар далилий ашё сифатида мусодара қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 179-моддаси (сохта тадбиркорлик) ва 186-1-моддаси (тамаки маҳсулотларини ноқонуний муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари фуқаролардан бундай ноқонуний фаолиятга қарши ҳушёрлик билан ёндашишларини сўраб, хавфсизлик чоралари доирасида назоратни кучайтиряпти.

Нодира Раҳимова,

ЎзЖОКУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер