Тошкент вилоятида 4 гектар ерни 420 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

18:42 10 Июль 2025 Жамият
240 0

Иллюстратив фото

Тошкент вилоятидаги 4 гектар бўш ер майдонини 420 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.

Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Ш.А. ва А.С. фуқаро О.Н.нинг ишончига кириб, Тошкент вилояти Бўка туманидаги 4 гектар бўш ер майдонини 420 000 АҚШ долларига сотишини ва юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали коттеж қуриш учун ҳужжатларини расмийлаштириб беришларини айтиб, келишилган пулдан 90 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Шу каби бошқа бир ҳолатда, Департаментнинг Тойлоқ тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Н.Н. ва Ш.М. кадастр идораларида ишловчи танишлари орқали 80 000 АҚШ доллари эвазига Ургут туманидаги «Б.Б.» фермер хўжалигининг 1,5 гектар ер майдонини фуқаро А.О.нинг номига расмийлаштириб беришларини айтиб, келишилган пулдан 20 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ мактаб қурилиши учун ажратилган ерни пулламоқчи бўлган мансабдорлар қўлга олингани ҳақида хабар қилгандик. Улардан бири Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими, «Дўстлик» ордени соҳиби Махмуд Холбутаев бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер