Тошкент шаҳрида «Бахтли болалик» бадиий-мусиқий театр томошаси ташкил этилди
 
                Пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги санъат саройида «Бахтли болалик» деб номланган бадиий-мусиқий театр томошаси ўтказилди.
Тадбир Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда ташкил этди.
Мазкур хайрия тадбири Тошкент шаҳрида жойлашган 21-22 ҳамда 30-ёрдамчи Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод, Сергели, Шайхонтоҳур туманларидаги «темир дафтар» ва «аёллар дафтари»га киритилган оила фарзандларининг ёзги таътилини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида ташкил этилди.
Болалик инсон умрининг энг беғубор, орзу-умидларга тўла жўшқин ва ҳароратли дамидир. Боланинг кулгуси, кўзларидаги қувонч бутун оламни ёритадигандек гўё. Халқимиз азалдан болажон халқ, бунга тарихимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бугун ҳам юртимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жаҳон андозаларига мувофиқ билим олиши, маънавий камол топиши учун етарлича шарт-шароитлар яратилган. Шунинг баробарида уларнинг мароқли хордиқ чиқаришини ташкил этиш мақсадида турли кўнгилочар тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни аждодларга муносиб авлод этиб тарбиялаш ҳамда маънавий оламини янада бойитишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Хусусан, йиллар давомида шаклланган халқимизнинг милиий таълим-тарбия услублари, ўзбекона оила моделига асосланиб фарзандларимизни вояга етказиш, болалар маънавий дунёсини бойитиш мақсадида «Зукко Болажон!» фотоальбоми тайёрланиб, «Маънавият фестивали» доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида фотоальбом тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун ҳам «Болаларга маърифат улашиб», «Бахтли болалик» лойиҳалари доирасида китоб кўргазмалари, турли кўнгилочар томошалар, концерт дастурлари ҳам ўтказилган бўлиб, мазкур тадбирлар давомида 5 минг нафардан ортиқ бола қамраб олинган. «Маърифат тур» лойиҳаси давомида эса ўғил-қизларнинг юртимиздаги қадимий обидалар, қадамжолар ва диққатга сазовор жойларга ташрифлари амалга оширилди.
«Меҳр-саховат» акцияси доирасида А.П.Хлебушкина номидаги 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун катта байрам тадбири ташкил этилди. Шу билан бирга тарбияланувчилар учун ҳаётда керакли бўладиган касб-ҳунарларни ўргатиш мақсадида болаларнинг қизиқишига қараб турли тўгараклар иш бошлади. «Маърифат» тарғиботчилар жамияти йил давомида мазкур тўгарак фаолияти, тарбияланувчиларнинг касб сирларини пухта эгаллашини доимий назорат қилиб бормоқда.
Дастлаб, «Марварид» болалар мусиқий гуруҳи томонидан қувноқ қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Шундан сўнг «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари сўзга чиқиб болажонларга самимий табриклашди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг манфаати, таълим олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишди. Шунингдек, болажонларни беғуборлик тарк этмаслигини тилашди. Юртбошимиз ва барча ота-оналар уларга қаттиқ ишонишини, Ватан келажаги уларга боғлик эканини, шу боис пухта билим олишлари, аждодларга муносиб авлод бўлиши зарурлигини таъкидлашди.
Маданий-маърифий тадбир давомида намойиш этилган мусиқали театр болажонларни қувончига қувонч қўшди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
 
                 
        
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг