Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижодкорлар учун танлов эълон қилди. Биринчи ўринга 300 млн сўм берилади

17:21 03 Февраль 2021 Жамият
1815 0

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб барпо этиладиган «Истиқлол» мажмуаси бўйича танлов эълон қилди.

Танлов иштирокчилари ўзбек давлатчилигининг 3 000 йиллик сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий, маънавий тарихи ҳамда ўтган 30 йил, айниқса, Янги Ўзбекистонни қуриш босқичини ўзида қамраб олган жараёнларни гавдалантирувчи «Истиқлол мажмуаси»нинг концепция лойиҳасини ишлаб чиқиши лозим.

Мажмуани барпо этиш жойи сифатида Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (ЦУМ) қаршисидаги  ҳудуд танланган.

Танлов шартларига кўра унда иштирок этиш истагини билдирган юридик ва жисмоний шахслар (ижодкорлар) томонидан қуйидаги йўналишлар бўйича ўз таклифларини ишлаб чиқишлари талаб этилади:

- мажмуанинг бош ғояси;

- мажмуанинг тузилмаси – бош режаси (майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолиш шарти билан);

- мажмуанинг асосий рамзи ва тимсоллари;

- мажмуада акс эттириладиган тарихий воқеликлар (ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллик тарихи, сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий соҳалардаги ютуқларини инобатга олган ҳолда);

- тарихан мамлакатимиз ривожи ва мустаҳкамланишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк аждодларимиз, миллий қаҳрамонларимизни мажмуада тасвирлаб бериш;

жумладан, моддий маданият дурдоналари, буюк давлат

ва ҳарбий арбоблар, атоқли аёллар, илм-фан ва маданият арбоблари, миллий озодлик кураши етакчилари ҳамда оламшумул тарихий воқеалар тўғрисида;

- мажмуанинг меъморий ечими - безаклар, рамзий тимсоллари;

- дунё давлатларида бунёд этилган мустақиллик ёдгорликларидан фарқ қилган ҳолда, мажмуанинг ўзига хос хусусиятлари;

- мажмуани бунёд этишда фойдаланиш таклиф этиладиган қурилиш материаллари (мармар, ёғоч, тош ва бошқалар);

- мажмуанинг мазмунида тарихий манбалар, хусусан, илм-фан, санъат, архитектура ёдгорликларидан фойдаланиш;

- мажмуанинг маънавий, маърифий ва тарбиявий аҳамияти.

Иштирокчилар учун талаблар:

Ижодкорлар томонидан ишлаб чиқиладиган таклифлар чуқур илмий асосланган, кенг мазмунга эга ва пухта бўлиши зарур.

Танловда иштирок этиш истагини билдирувчи ижодкорлар жорий йил 7 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих институтида электрон рўйхатга олинади.

Электрон рўйхатга олиш учун ижодкорлардан қуйидаги ҳужжатларни Республика ишчи комиссияси (А.Зиё)га тақдим этиш талаб этилади:

- танловда иштирок этиш учун Республика ишчи комиссияси (А.Зиё) номига ариза (имзоланган);

- ижодкор (лар) тўғрисида маълумот (Ф.И.О., туғилган йили, маълумоти, иш жойи, ижодкорлик фаолияти тўғрисида,

бу каби танловларда иштирок этганлиги тўғрисида, электрон почта манзили, алоқа рақамлари).

Танлов жорий йилнинг 7 март куни якунланади.

Ижодкорлар томонидан ўз таклифларини ёзма матнлар, чизмалар, видеороликлар, презентациялар ёки ясалган конструкциялар кўринишларида тайёрлашига рухсат этилади.

Танлов ғолиб (лар)ини аниқлаш.

Танлов ғолиблари Ҳукумат таркибида ташкил этилган Республика ишчи комиссияси (А.Зиё) томонидан, унга юклатилган вазифалар доирасида, юқорида санаб ўтилган энг мақбул таклифларни танлаб олиш мезони асосида жорий йил

10 мартига қадар аниқланади.

Танлов ғолиб (лар)и жорий йил 15 март куни қуйидаги тартибда тақдирланади:

I-ўрин соҳибига биратўла тўлаб бериладиган 300 млн сўм пул мукофоти ва Ҳукумат номидан расмий табрикнома;

II-ўрин соҳибига биратўла тўлаб бериладиган 200 млн сўм пул мукофоти ва Ҳукумат номидан расмий ташаккурнома;

III-ўрин соҳибига биратўла тўлаб бериладиган 100 млн сўм пул мукофоти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер