Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди

13:46 30 Апрель 2025 Жамият
250 0

Президентимиз раислигида жорий йил февраль ойида ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, университет талабалари ва университетни тамомлаётган ёш мутахассислар билан корхона, ташкилот вакилларининг жонли мулоқотини ташкил этиш, мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериш ва талабаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Ушбу ярмаркада университетнинг асосий буюртмачи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда 300 дан ортиқ бошқа корхона ва ташкилотлар (тижорат банклари, суғурта компаниялари, хусусий сектор ташкилотлари, уюшмалар) ва талабалар иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2023-2024 ўқув йилида Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган битирувчиларнинг 96,5 фоизининг бандлиги таъминлаган. Жорий ўқув йилида институтни 10 000 га яқин битирувчилар тамомлайди. Мазкур битирувчиларни иш ўринларига тақсимоти тўлиқ амалга оширилган бўлиб, ҳозирги кунда 3-курс талабаларини иш ўринларига тақсимлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбирда иш берувчи корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари ўз фаолиятини ёритувчи кўргазмали жиҳозлар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан қатнашди ва талабалар билан ишга қабул қилиш бўйича танловлар ўтказди. Мазкур танловларда муваффақиятли ўтган 215 нафар талабага Ташкилотларнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисида сертификатлари тақдим этилди.

Бундан ташқари, танловларнинг биринчи босқичида иштирок этган 5 минг нафар талабанинг маълумотномалари иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари томонидан  ўрганиш учун олиниб, натижалари тўғрисида маълумот бериши таъкидланди. Мазкур тадбирда талабалар ва университет битирувчилари ишга жойлашиш борасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топишди, хусусан, иш берувчи корхона ёки ташкилотдаги мавжуд вакант ўринлар, у ердаги меҳнат ва маиший-маданий шарт-шароитлар, иш ҳақи миқдорлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконияти эга бўлишди. 

Ўз навбатида, тадбирда қатнашган корхона ва ташкилотлар ҳам талабалар билан бевосита суҳбат ўтказиш, ўзларига зарур бўлган кадрларни ишга танлаб олиш ва ўзаро манфаатли шартномалар ва келишувлар расмийлаштириш имкониятига эга бўлишди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган “Карьера куни” меҳнат ярмаркасида иштирок этган талабалар қизиқарли таклифлар олишди. Муҳими, ушбу тадбир талабаларнинг келажакдаги касбий ўсишида навбатдаги омадли қадам бўлиб қолади.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер