Томорқа – кимга заҳмат, кимга даромад
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ўн беш сотихли иссиқхонадан бир йилда ўртача қанча даромад олиш мумкин? Бу томорқачининг иш кўзини билишига боғлиқ, албатта. Мана, Пешку туманидаги Ибн Сино маҳалласида яшовчи Мустақим Тошев хонадонини олиб кўринг.
— Биз ёзнинг бошида ҳосилдан бўшаган ерни чуқур шудгор қиламиз, — дейди оила аъзоси Мирхон Музаффаров. — Сўнг минерал ва маҳаллий ўғит билан тўйинтириб суғорамиз. Ер бир муддат дам олади. Куч йиғади. Августдан экин-тикин ишларини бошлаймиз. Даромадга келсак, шу ўн беш сотих ердан бир йилда 400 миллион сўм атрофида фойда кўряпмиз.
Оиланинг иссиқхонасини конвейерга қиёслаш мумкин. Ер у ёки бу экиндан бўшаган заҳоти бошқаси униб ҳосилга кира бошлайди. Карам, бодринг, помидор, бақлажон, исмалоқ, саримсоқпиёз, кашнич, редискани бозорга чиқаришнинг ҳожати йўқ. Уларни иссиқхонанинг ўзидан кўтарасига олиб кетишади. 7 та ишчи ўрни яратилган. Мавсум авж паллага кирган кезларда қўшни туманлардан ишчи ҳам ёллашади. Бу ерда кўчатчилик ҳадисини ҳам олишган. Помидорнинг серҳосил ва эртанги навлари кўчати етиштирилади. Боиси шундаки, унинг бозори чаққон.
Сирасини айтганда, Мустақим аканинг уй-жойини илк бор кўрган киши «Шу файзли хонадон чиндан ҳам оддий бир деҳқоннинг ҳовлисими», деган ўйга бориши тайин. Лекин бу хонадон тажрибаси кўрсатаяптики, қишлоқда томорқанинг қадрига етган киши яхши яшайди. Яшаганида ҳам орзу-ҳавасларига етиб умргузаронлик қилади.
— Ҳудудимизда 1361 та оила мавжуд, — дейди маҳалла раиси Уйғун Имомов. — Шуларнинг салкам мингтасида иссиқхона бор. Аксариятининг теплицаси уч қаватли полиэтилен плёнка билан қопланган. Бу иссиқликни зарур даражада сақлаш имконини беради. Фуқароларимизга келсак, улар ҳузуримизга моддий ёрдам эмас, ер сўраб келишади. Чунки ҳамма томорқачининг пичоғи мой устида эканлигини кўриб турибди.
Бир пайтлар Пешку ўзининг шириндан шакар қовунлари билан донг таратган. Қўшни Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон деҳқон бозорларида уни жуда қадрлашган. Халқ тилида «Зандане қовуни» деб аталган, вазни 3-4 кило атрофида бўлган, тилими тилни ёрган бу неъмат олис юртларда ҳам харидоргир саналган. Афсуски, иқлим ўзгариши, селекция ишларига эътиборнинг сустлиги Пешку қовунчилиги шуҳратига соя солди.
Лекин оққан дарё оқмай қолмайди. Маҳаллада яшовчи Шуҳрат Фармоновга шу қовун шуҳратини қайта тиклаш орзуси тинчлик бермади. У ҳовлисидаги 12 сотихли иссиқхонада помидор, бодринг, бақлажон қаторида қовун кўчати парваришини йўлга қўйди. Бу туманда эртанги қовун етиштириш имкониятини беряпти. Томорқачининг айтишича, кўчат сони 500 минг тупдан кам эмас. Кунлар илиши билан буюртмачилар уни харид қилиб, очиқ майдонларга ўтқазишади.
— Маҳсулотни етиштиришдан ташқари уни узоқ муддатда сифатли асраш ҳам муҳим саналади, — дейди маҳалла раиси. — Бу бозордаги нарх-навони мўътадил сақлашга имкон яратади. Ҳудудимизда бу борада ҳам айтса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, маҳалладошимиз Азизбек Турсунов икки камерали, бир пайтнинг ўзида 80 тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга музлатгич омборхона қуриб ишга туширди. Бу ерда олма, узум, лимон каби маҳсулотлар захираси яратилган.
Маҳалладан қайтарканмиз, торгина қишлоқ йўли ёқасидаги лимонарийдан чиқиб келаётган бир аёлни суҳбатга тортдик.
— Уйга шошаяпман, — дейди у ўзини Шаҳло Ражабоваман, дея таништираркан. — Ҳовлимизда ихчамгина иссиқхонамиз бор. Помидор кўчати етиштиряпмиз. Харидорнинг ўзи уйимизга келиб олиб кетяпти. Шукр, турмушимдан нолимайман. Фарзандларимни ўқитиб, орзу-ҳавасларимга етяпман. Бировдан кам жойимиз йўқ. Юракдан айтилган бу сўзларга изоҳнинг ҳожати йўқ, албатта.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг