Токсик моддадан заҳарланиб ҳушини йўқотган ходимлар қутқарилди — ФВВ

09:09 06 Апрель 2022 Жамият
816 0

Кеча, 5 апрель куни соат 19:20 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Чилонзор тумани, 19-даҳа, «Ал-Хоразмий» кўчасида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида 3 нафар ишчи ходимлар бензин ёқилғиси сақланаётган цистерналар оралиғидан ҳушсиз ҳолда ётганлиги бўйича ташвишли хабар келиб тушган.

Зудлик билан қутқарувчилар воқеа жойига етиб бориб ҳушсиз ҳолда ётган АЁҚШ ходимларини хавфли ҳудуддан олиб чиқишиб биринчи ёрдам кўрсатишган, шунингдек уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши учун Тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига топширилган.

Айни вақтда Токсик моддадан заҳарланган ишчилар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлимига жойлаштирилган.

Воқеа сабаби ўрганилганда, АЁҚШ ҳудуди ер остига кўмилган 3 дона, ҳар бири катта сиғимли бензин ёқилғиси сақланаётган цистерналар орасида йиғилиб қолган енгил ёнувчан суюқликнинг (бензин) кучли концентрациясидан ҳушларини йўқотганлиги аниқланди.

Воқеа жойига Чилонзор туман ФВБ бошлиғи раҳбарлигида 3 та қутқарув экипажлари 15 нафар шахсий таркиби, туман прокуратураси, ИИБ тезкор тергов гуруҳи ва ССБ ходимлари чиқишган.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?