Тилим «Ман Сити» деб чиққан ёхуд битта ўзбек йигити қандай қилиб Европанинг энг кучли жамоалари орасида талаш бўлди (таҳлилий мақола)

21:06 11 Январь 2025 Спорт
964 0

Тилим «Ман Сити» деб чиққан… Ўзбек миллати шундай халқки, ўз фарзандлари ютуғидан завқ олишга, ғурурланишга ўрганган. Деярли трансфери ҳал бўлган Абдуқодир Ҳусанов ҳамюртларига шундай туйғуларни ҳис қилишга имкон берди. Элдор Шомуродов 2020 йилда Италияга йўл олгач «Тилим «Женоа» деб чиққан» деган иборалар пайдо бўлганди. Ҳа, биз ўз миллатимиз билан ғурурланишни ёқтирамиз.

Машҳур актёр Чарли Чаплин ўз ютуқлари ҳақида гапирар экан шундай деган эди: «Ҳар бир катта ютуқ ортида, уни қўллаб-қувватлаган халқнинг кучли муҳаббати бор». Ҳа, спортчининг ютуқлари ортида миллатдошларининг қўллаб-қувватлаши ҳам ётади. Қуйида Ҳусанов қандай қилиб катта футбол оламига кириб келди ва Европанинг энг кучли жамоалари орасида талаш бўлгани ҳақида гаплашамиз.

Абдуқодир Ҳусанов – 20 ёшли марказий ҳимоячи, Европа футболида янги юлдуз сифатида тан олинаётган футболчилардан бири. Унинг ўзига хос ўйин услуби ва жисмоний кучли жиҳатлари туфайли Европанинг энг кучли клублари, жумладан, «Манчестер Сити», «Реал Мадрид» ва «Челси» каби жамоаларнинг диққатини жалб қилди. Хусусан, «Ман Сити» унинг тезлик, кучли ҳимоячилик ва юқори даражадаги тактик ақл-заковатини инобатга олиб ўз сафларига қўшиш истагини билдирган.

Ҳусановнинг Европадаги муваффақияти унинг миллий жамоа билан эришган ютуқлари ва «Ланс» жамоасидаги фаолияти билан боғлиқ. У 2023 йилда Ўзбекистон У-20 жамоаси билан Осиё Кубогини қўлга киритди ва жамоанинг ҳимоядаги асосий устуни сифатида эътироф этилди. Шунингдек, Франциянинг «Ланс» клубида ўзини кўрсата олиб, «Лига 1» ва Чемпионлар Лигасидаги ўйинлари орқали юқори савиядаги жамоаларнинг радарига тушди.

«Ман Сити» уни ўз ҳимоя чизиғини кучайтириш учун муҳим трансфер деб ҳисоблади. Айниқса, клуб ҳимоячиларининг ёши катталиги ва жароҳатларга мойиллиги туфайли Ҳусанов каби ёш ва иқтидорли ўйинчи улар учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Унинг Европанинг юқори даражадаги клубларига қизиқиш уйғотгани Ўзбекистон футболининг халқаро майдондаги яна бир ютуғи сифатида қаралмоқда.

«Бунёдкор»нинг асосий таркибига «тортмаган» бўлажак юлдуз

Абдуқодир Ҳусанов футболга ўзининг биринчи қадамларини «Бунёдкор» академиясида қўйган. Унинг футболга бўлган қизиқиши ва ташаббусида отаси Ҳикмат Ҳошимовнинг ролини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳикмат Ҳошимов ўз вақтида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлган ва футболдаги фаолияти туфайли ўғли учун ҳақиқий илҳом манбаи ҳисобланади. Абдуқодирнинг болалик орзуси ҳам айнан отаси каби катта клубларда ўйнаш ва профессионал футболчи бўлиш эди. «Устозидан ўтмаган шогирд» бўлишни истамаган Абдуқодир нафақат отаси, балки ўзбек футболида ҳам янги саҳифа очди.

«Бунёдкор» академиясидаги дастлабки фаолияти давомида Ҳусановнинг ўйин услуби ва жисмоний кўрсаткичлари мураббийларнинг диққатини тортган бўлса-да, у клубнинг асосий жамоасига қўшила олмади. Сабаблардан бири сифатида унинг ёшлигида жисмоний томондан заиф ва қаттиқ рақобатга тайёр эмаслиги кўрсатилган. Бу ҳолат унинг катта орзуларидан бирини, яъни отаси ўйнаган клубнинг асосий таркибида бўлиш орзусини амалга оширишга имкон бермади. Ҳа, профессионал фаолиятида Ҳусанов бирорта ўзбек клубида тўп сурмаган.

Ҳусанов қийинчиликларга қарамай, ўз орзусидан воз кечмади. 2022 йилда у 18 ёшида Белоруссиянинг «Энергетик-БГУ» клубига қўшилди. Бу клубда у тезда ўзини кўрсата бошлади ва асосий таркибда доимий ўйинчига айланди. Минск жамоасидаги фаолияти Ҳусановнинг профессионал даражадаги жисмоний кучини ошириш ва тажриба орттириши учун муҳим босқич бўлди. У жамоанинг асосий ҳимоячи сифатида мустаҳкам ўйин кўрсатиб, клубнинг миллий чемпионатдаги ўрнини яхшилашга ҳисса қўшди.

Зар қадрини заргар билар…

«Энергетик-БГУ» жамоасидаги ўйинлари давомида Ҳусанов кўплаб мураббийлар ва скаутларнинг диққат марказига тушди. Унинг Белоруссиядаги муваффақияти унинг кейинги халқаро ютуқлари учун асос бўлди. Айниқса, Ҳусановнинг ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари ва жамоавий ўйинга қўшган ҳиссаси унинг Европадаги кейинги манзили бўлган «Ланс» клубига ўтишини таъминлади.

Ҳусановнинг футболдаги дастлабки босқичлари, ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўзини кўрсатиш ва муваффақият қозониш йўлида қандай сабр-тоқатли бўлганини намоён қилади. Унинг Белоруссиядаги фаолияти унинг келажакдаги улкан ютуқлари учун пойдевор бўлгани аниқ.

2023 йил Абдуқодир Ҳусанов учун халқаро майдонда улкан ютуқлар даври бўлди. Ўзбекистон У-20 терма жамоаси билан у ўз уй майдонида ўтказилган У-20 Осиё Кубогини қўлга киритди. Ҳимоядаги ажойиб ўйинлари туфайли жамоа бутун турнир давомида фақат битта гол ўтказиб юборган, бу эса Ҳусановнинг ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан бевосита боғлиқ.

Мазкур ютуқлар ортидан Ҳусанов «CIES Football Observatory» томонидан дунёдаги энг истиқболли ҳимоячилардан бири сифатида эътироф этилди. Унинг юқори даражадаги жисмоний тайёргарлиги, кучли тактик фикрлаш қобилияти ва ҳимоядаги қатъий ҳаракатлари кўплаб халқаро экспертлар томонидан тан олинди. Бу унга нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон футболида ҳам диққат марказига тушишга ёрдам берди.

Миллий жамоанинг Ҳусанов сиймосига таъсири

У-20 Осиё Кубогидаги муваффақиятидан сўнг, Ҳусанов 2023 йилда Аргентинада ўтказилган У-20 Жаҳон Чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида тўлиқ ўйнади. У ҳар бир ўйинда юқори савиядаги ҳаракатларини намойиш этди ва жамоа мусобақанинг 1/8 финалига қадар етиб борди. Хусусан, Исроилга қарши ўтказилган баҳсдаги охирги дақиқада келган мағлубият жамоа учун қийин бўлган бўлса-да, Ҳусановнинг ўйини кенг эътирофга сазовор бўлди.

Мазкур мусобақалардаги муваффақиятлари унинг халқаро футболидаги ўрнини янада мустаҳкамлади. Унинг нафақат ҳимояда, балки жамоавий ўйин ташкил қилишдаги роли уни келажакда Европанинг энг йирик клублари учун истиқболли ўйинчига айлантирди. Ҳусановнинг ютуқлари Ўзбекистон футболининг халқаро майдондаги обрўсини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Эртакнинг бошланиши

2023 йилнинг ёзида Абдуқодир Ҳусановнинг Европадаги карьераси янги босқичга кўтарилди. У Франциянинг машҳур «Ланс» клубига атиги €100,000 эвазига сотиб олинди. Бу трансфер унинг Европада ўзини намоён этиши учун муҳим қадам бўлди, чунки Ҳусанов кам маблағ эвазига харид қилинган бўлса-да, унинг иқтидори жуда катта бўлгани тез орада ўз исботини топди.

«Ланс» клубига қўшилганидан сўнг, Ҳусанов Франциянинг «Лига 1» мусобақасида ўзининг биринчи мавсумини ўтказди. У жамоа таркибида 11 та ўйинда майдонга тушди, шунингдек, Чемпионлар Лигасида икки бор захирадан майдонга тушиб, ўзини юқори савияда кўрсатди. Бу ўйинлар орқали у нафақат клуб мухлислари, балки халқаро скаутлар ва экспертларнинг ҳам эътиборини қозонди.

2023 йилнинг ўртасида жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири, Кевин Дансо, Римнинг «Рома» клубига трансфер қилиниши арафасида ҳимоя чизиғидан чиқиб кетди. Ҳусанов учун бу муҳим имконият бўлди. Дансонинг юрак касаллиги сабаб тиббий кўрикдан ўтолмаслиги натижасида унинг трансфери амалга ошмади, бироқ у вақтда Ҳусанов жамоанинг асосий таркибида ўз ўрнини мустаҳкамлашга улгурган эди.

Ҳусановнинг ўйинлари ўша вақтда «Ланс» жамоасидаги ҳимоя марказини қайта шакллантирди. Кевин Дансо ва Хусанов жамоанинг ҳимоя чизиғида муҳим жуфтликка айланишди, уларнинг ҳамкорлиги жамоанинг мустаҳкам ҳимоя кўрсатишида ҳал қилувчи роль ўйнади. «Лига 1»да «Ланс» жамоаси барча ўйинлар бўйича атиги 15 та гол ўтказган ҳолда, Франциянинг энг яхши ҳимоя кўрсаткичларидан бирини қайд этди.

Нега айнан Абдуқодир?

Унинг Европадаги ривожланиши ўзининг жисмоний кучли ҳаракатлари, ақлли тактик фикрлаш қобилияти ва рақиб ҳужумларини зарарсизлантириш маҳорати билан алоқадор. Хусанов Францияда ўз ўрнини топибгина қолмай, келажакда Европанинг энг юқори савиядаги клублари учун идеал ҳимоячи бўлиш имкониятини кўрсатди. Унинг Франциядаги илк мавсуми унинг иқтидорини янада очиб берган муҳим босқич бўлди.

Абдуқодир Ҳусановнинг кучли жиҳатлари жисмоний куч, ҳайратланарли тезлик ва тактик интеллект билан яққол ажралиб туради. У жамоада нафақат ҳимоя чизиғини мустаҳкамлайди, балки ўйинларнинг ритмини тушуниш ва ҳужумларни ташкил қилишда ҳам катта роль ўйнайди.

Ҳусановнинг рақиб ҳужумчиларини тезкорлик билан қувиб етиб, уларнинг ҳаракатларини зарарсизлантириш қобилияти мухлислар ва мураббийлар томонидан юқори баҳоланган. Масалан, 2023 йил охирида унинг 37 км/соат тезликда рақиб ҳужумчисини қувиб етиши акс этган видеолавҳа интернетда вирал бўлди. Бундан ташқари, унинг жисмоний кучи «пойезд билан тўқнашиш»га тенглаштирилади. Ҳа, бу ўхшатиш нафақат ўзбек сегментида халқаро нашрларда ҳам ўз аксини топиб келмоқда.

«Лига 1» ва «Ланс»нинг ҳам Ҳусанов сиймосини равнақ топтиришдаги ҳиссаси

Европанинг турли клублари Ҳусановга катта қизиқиш билдирди. Ёздаги трансферлар ойнасида Ҳусанов «эртаги» қишгисидагидай эмас эди, аммо бу мавсумдаги ажойиб ўйинлари уни танитди. «Реал Мадрид», «Челси», «Тоттенхэм» ва «Ньюкасл» каби клублар ҳам уни кузатиб келаётгани ҳақида мишмишлар тарқалди. Италиялик инсайдер Фабритсио Романо эса деярли ҳар соатда у ҳақида янгилик борлиги ҳақида янгидан янги маълумотларни тарқатди. Дастлаб, «Ланс» унинг трансфери учун €20 миллион миқдорида сумма сўраган бўлса, «совчилар» кўпайгач нарх 50 миллионгача ошиб кетди. Осиёлик футболчиларнинг бунчалик кўп «гап-сўз» бўлмаган эди.

«Лига 1» ва «Ланс»нинг ҳам Ҳусанов сиймосини равнақ топтиришдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлаш керак. Хусусан, франциялик мухлисларнинг меҳри ошиши уни «Ман Сити»дек таниқли жамоага ўтишига сабаб бўлди. «Ланс» дарвозабони Бриз Самба Абдуқодирни «ҳаётимда кўрган энг қўрқинчли ҳимоячи» деган эди. Дарвозабонларнинг бундай эътирофи кўп ҳолларда катта нарсаларни англатади. Бу юксак ишонч эди. Ҳусанов ҳам ўз навбатида меҳнатсеварлиги билан Европадаги энг нуфузли клубларда ўйнашга муносиб эканлигини исботламоқда.

Ҳусанов «Манчестер Сити»га нима бера олади?

«Манчестер Сити»нинг ҳимоя чизиғидаги муаммолар Абдуқодир Ҳусановнинг бу клубга ўтиш имкониятини янада оширди. Жамоа ҳимоячиларининг жароҳатларга мойиллиги, жумладан, Жон Стоунс, Рубен Диаш ва Натан Аке каби асосий ҳимоячиларнинг мавсум давомида кўплаб ўйинларни ўтказиб юбориши Пеп Гвардиолани қийин аҳволга солиб келмоқда. Бундан ташқари, жамоанинг ҳимоя чизиғидаги ўйинчиларининг ёши катталашиб бормоқда: мавсум охирига қадар Кайл Уокер, Стоунс, Аканжи ва Аке 30 ёшдан ошади. Бу каби ҳолатлар клубни ёш ва иқтидорли ҳимоячиларга эҳтиёж сезишга олиб келди.

Ҳусанов «Ман Сити»да ушбу муаммоларни бартараф этишда катта роль ўйнаши мумкин. Унинг жисмоний кучли бўлиши, тезкорлик ва ҳимоядаги қатъий ҳаракатлари жамоанинг мустаҳкам ҳимоя чизиғини шакллантиришда ёрдам бериши мумкин. Унинг юқори тезликдаги ҳаракатлари ва тактик интеллект билан ҳужумларни зарарсизлантириши, шунингдек, ҳаводаги дуэллардаги устунлиги унинг Рубен Диаш каби ўйинчилар билан таққосланишига сабаб бўлган. Ушбу жиҳатлар «Ман Сити»да ўйин услубига мос тушиши ва жамоанинг кучли ҳимоя тизимини қайта тиклашда ёрдам бериши мумкин.

Битта «лекини» ҳам бор...

Халқаро экспертларга кўра, Ҳусановнинг «Ман Сити»да муваффақият қозониши учун камчиликларини бартараф этиши зарур. Унинг узатмалар аниқлиги паст даражада ва қарорлар қабул қилишдаги камчиликлари юқори даражадаги жамоаларга мослашишда қийинчилик туғдириши мумкин. Пеп Гвардиоланинг ўйин услуби нафақат ҳимояда, балки ҳужум ташкил этишда ҳам юқори даражадаги кўникмаларни талаб қилади. Ҳусанов ушбу талабларга мослашиш учун ўз ишлаш кўрсаткичини янада ошириши лозим. Шунингдек, Ҳоланд, Фоден ва Савио каби ҳужумчилар билан ишлаши унинг даражасини ошишига ёрдам беради.

Европанинг йирик клубларидан бирига ўтиш Ҳусанов учун футболдаги янги ва юқори босқични англатади. Унинг агенти Ғайрат Хасбиуллин таъкидлаганидек, Ҳусанов Европа клубларида ўз ўрнини топиш ва дунё миқёсида ўзини намоён этишга муносиб ўйинчи. «Ман Сити»га ўтиш унга Чемпионлар Лигаси ва Англия Премьерлигасида энг юқори савияда ўйнаш имконини бериб, унинг иқтидорини янада очиб беради. Агар ушбу трансфер амалга ошса, Ҳусанов нафақат «Ман Сити» учун, балки Ўзбекистон футболи учун ҳам муҳим тарихий воқеага айланади.

Шахсий муваффақиятдан, миллат муваффақиятигача

Абдуқодир Ҳусановнинг Европа футбол клубларидаги муваффақияти нафақат унинг шахсий ютуғи, балки Ўзбекистон футболи учун ҳам катта аҳамиятга эга. Унинг Европанинг энг нуфузли клублари диққат марказида бўлиши Ўзбекистон футболининг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади. Ҳусанов каби футболчиларнинг юқори даражадаги лига ва жамоаларда ўйнаши мамлакатнинг умумий футбол даражаси ва истиқболини намоён қилади.

Ҳусановнинг Европадаги муваффақияти халқаро даражада Ўзбекистон футболини янада танитишга ёрдам беради. Агар у «Ман Сити» ёки бошқа йирик клубларга қўшилса, унинг майдондаги ҳаракатлари ва натижалари халқаро футболида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни кучайтириши мумкин. Бу нафақат миллий терма жамоа учун, балки ўзбек футболида етишиб чиқаётган бошқа иқтидорли ёшлар учун янги имкониятларни очади.

Абдуқодир Ҳусанов ёш футболчилар учун ҳақиқий илҳом манбаи сифатида намоён бўлади. Унинг карьерасидаги муваффақиятлар, қийинчиликларни енгиб ўтиш қобилияти ва иштиёқли меҳнати ёш авлод учун ёрқин ўрнак бўлиб хизмат қилади. Ёш футболчилар унинг мисолида халқаро майдонда ўзларини кўрсатиш учун интилишга рағбатланадилар. Шунингдек, у ёшларга ўз орзуларини амалга ошириш учун интизомли меҳнат ва барқарор ишлаш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Ҳа, биз унинг Манчестер жамоасига бориши фонида «Тилим «Ман Сити» деб чиққан», «болалигимдан «Сити»нинг муҳлиси эдим» каби «қанотли иборалар»нинг кўпайиши турган гап.

Ҳусановнинг муваффақияти футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатдаги саъй-ҳаракатларга катта туртки бўлиши керак. Уни халқаро клублардан бирида кўриш, ўзбек клублари ва терма жамоани бошқа хорижий скаутлар ва клублар учун қизиқарли қилади. Бу эса Ўзбекистондан янада кўпроқ иқтидорли футболчиларнинг Европа ва дунё ареналарига чиқишига шароит яратиши мумкин. Бу учун эса ҳақиқий истеъдодларнинг йўлини тўсмаслик, келажакдан умид қилишга сабаб бўлиши керак.

Абдуқодир Ҳусановнинг Европа футболидаги ривожланиши унинг иқтидорига бўлган ишончнинг амалий натижасидир. Абдуқодирнинг Франциянинг «Ланс» клубидаги ўйинлари ва халқаро мусобақалардаги фаолияти уни Европанинг энг нуфузли жамоаларидан бири бўлган «Манчестер Сити»га трансфер қилинишига яқинлаштирмоқда.

Ўхшаш бахтлар…

Лев Толстой «Анна Каренина» асарида «Барча бахтли оилалар бир-бирига ўхшайди» деган эди. Бугун ўзбек футбол муҳлисларининг ҳис қилаётган бахти жуда ўхшаш. Абдуқодирнинг шу жойга етиб келишининг ўзиёқ ўзбек ота-оналарини фарзандларини спортга жалб қилишига, келажакка умид қилишига сабаб бўлади. Миллатга ҳам доим муваффақиятли инсонлар керак.

Абдуқодирга узоқ ва муваффақиятли фаолият тилаймиз. Унга «юлдузлик касали»га чалинмасликни ва ўз устида ишлашдан чарчамасликни тилаймиз. Олға, Абдуқодир, олға Ўзбекистон!

Санжар Шомуродов тайёрлади,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?