«Тил имкониятга айлансин» ижтимоий лойиҳаси нима?

14:40 11 Март 2026 Жамият
188 0

Навоий шаҳридаги «Нурли маскан» мактаб-интернатида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда жамиятга фаол интеграциясини таъминлаш мақсадида «Тил имкониятга айлансин» ижтимоий лойиҳаси йўлга қўйилди.

Мазкур лойиҳа 26 ёшли ташаббускор педагог Ҳаётжон Исмоилов томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган ўқувчиларга инглиз тили замонавий методлар асосида ўқитилади. Шунинг баробарида уларнинг нутқ кўникмалари ривожлантирилиб, халқаро таълим стандартларига мос билим олишга эришилади.

Устознинг фидокорона меҳнати самараси ўлароқ ўқувчилар инглиз тилини пухта ўзлаштириб, муҳим натижаларга эришмоқда.

— Хусусан, лойиҳа иштирокчиларидан 10 нафар ўқувчи инглиз тили бўйича миллий сертификатни қўлга киритди, — дейди Ҳ. Исмоилов. — Бу эса нафақат ўқувчиларнинг билим салоҳиятини, балки уларнинг келажакда таълим ва касб танлаш имкониятларини ҳам бир қадар кенгайтиради.

Мазкур ташаббус ва унинг натижалари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси томонидан олқишланиб, ёш авлодга сифатли таълим бериш, айниқса алоҳида таълим эҳтиёжига эга болаларнинг билим олишига ёрдам бераётгани учун бир гуруҳ педагогларга миннатдорлик билдирилиб, агентликнинг совғалари топширилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?