Тежамкорлик ва шаффофлик йўлида

17:18 27 Август 2025 Жамият
114 0

Сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, уларни адолатли тақсимлаш ҳамда ҳисоб-китоб тизимини шаффоф йўлга қўйиш масаласи давлат сиёсати даражасида устувор вазифа ҳисобланади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда сув ҳисоблагич нафақат ресурсларни тежаш, балки тўлов интизомини яхшилаш, адолат мезонини таъминлаш ҳамда аҳолида масъулият ҳиссини кучайтиришда самарали воситага айланмоқда.

—Андижон вилоятида ўтказилган тажрибалар шуни тасдиқлайдики, сув ҳисоблагич хонадон иқтисодиёти учун катта фойда келтиради, —дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ бўлим бошлиғи Хушнудбек Аҳмадалиев. —Масалан, ўртача беш киши истиқомат қиладиган хонадон анъанавий усулда, яъни норматив асосида ҳисоб-китоб қилинганда бир йил мобайнида 1 миллион 770 минг 600 сўм миқдорида маблағ сарфлайди. Аммо худди шу хонадонга сув ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг тўловларда аниқлик таъминланди ва уларнинг йиллик харажати 731 минг 808 сўмни ташкил этди. Бундан кўринадики, замонавий ускуна туфайли оила 1 миллион 38 минг 792 сўм маблағини тежаш имконига эга бўлди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сув ҳисоблагич ўрнатилган хонадонларда сув сарфи ўртача 30–40 фоизга қисқармоқда. Бу эса нафақат моддий жиҳатдан, балки табиий ресурсларни асраш нуқтайи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади. Яъни, ҳар бир истеъмолчи сувдан фойдаланишда ўз сарфини назорат қилади, ҳар бир томчининг қийматини ҳис этади. Натижада, сув тежалади, тўлов адолатли амалга ошади ва ҳар ким ўзининг ҳақиқий сарфи учунгина жавобгар бўлади.

—Ҳозирги вақтда республикамизда сув ҳисоблагичларни жорий этиш изчил давом этмоқда, — дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ ходими Абдувоҳид Хотамов. —Хусусан, Андижон вилоятида бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилди. Ҳар бир туман ва шаҳарда аҳоли хонадонларига босқичма-босқич ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Бугунга қадар 319 минг 58 та аҳоли хонадонлари ва 5 минг 705 та юридик мақомдаги истеъмолчилар объектларида сув ҳисоблагичлардан кенг фойдаланилмоқда. Йил якунига қадар эса вилоятда сув ҳисоблагичлар билан таъминланганлик даражасини 70 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу эса йил давомида юз минглаб кубометр ичимлик сувини тежаш имконини беради.

Демак, сув ҳисоблагич бу оддий техник қурилма эмас, балки замонавий бошқарувнинг муҳим воситаси, тежамкорлик ва самарадорликни таъминловчи амалиётдир. У нафақат иқтисодий барқарорликка, балки келажак авлодлар учун сув ресурсларини асраб қолишга хизмат қилади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер