Термизда жамоат транспортида тўлов тизими тўлиқ электрон шаклга ўтказилди
2026 йилнинг 1 январидан бошлаб Термиз шаҳридаги барча автобус йўналишларида нақд пулда тўлов қабул қилиш бекор қилинди. Энди йўловчилар йўл ҳақини фақат банк карталари ёки электрон тўлов чипталари орқали амалга оширишлари мумкин.
Мазкур янгилик жамоат транспортида тўлов жараёнларини шаффофлаштириш, инсон омилини камайтириш ҳамда йўловчилар учун янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида жорий этилди. Қайд этилишича, тўловни исталган турдаги банк карталари орқали амалга ошириш имкони мавжуд.
Шунингдек, шаҳар ҳудудида ўрнатилган инфокиосклар орқали бир марталик электрон чипта харид қилиш имконияти ҳам яратилган. Бунинг учун инфокиоск қидирув бўлимига «автобус» сўзини киритиб, «Автобус QR чипта» бўлими танланади. Телефон рақами ва тўлов суммаси киритилгандан сўнг электрон чипта шакллантирилади.
Олинган чипта автобус олд қисмида жойлашган валидатор орқали сканер қилиниб, тўлов амалга оширилади. Агар инфокиоскдан қоғоз чипта чиқмай қолса, унинг электрон тасвирини валидаторга сканер қилиш орқали ҳам тўловни амалга ошириш мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инфокиосклар қайтим пул бермайди. Ортиқча киритилган маблағлар автоматик тарзда йўловчининг кўрсатилган телефон рақамига ўтказиб берилади. Айни пайтда Термиз шаҳрида автобусда бир марталик йўл ҳақи 3 минг сўмни ташкил этади.
— Бундай тартиб йўловчилар учун жуда қулай, — дейди Улуғбек Ҳусанов. — Энди майда пул излаб юришга ҳожат йўқ, кондуктор билан баҳс ҳам бўлмайди. Телефон ёки карта бўлса, кифоя. Албатта, айрим катта ёшли йўловчиларга янги тизимга мослашиш учун бироз вақт керак бўлади.
Маълумот ўрнида қайд этилишича, яқинда Сурхондарё вилоятига Хитойнинг Zhongtong Bus компаниясида ишлаб чиқарилган 35 та замонавий автобус етказиб берилган. Ушбу автобуслар тўлиқ брутто-шартнома асосида шаҳар ички йўналишларида қатновни бошлаган.
Жорий этилган электрон тўлов тизими Термиз шаҳрида жамоат транспорти хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Ўзбекистонга нечта давлатдан туристлар келаётгани очиқланди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг